Линклар

ЕИ расмийлари Шенген ҳудудига киришда ҳар бир хорижликни текширишни таклиф қилмоқда


Иллюстратив сурат.

Иллюстратив сурат.

Европа комиссияси Шенген визасиз ҳудудига кираётган хорижликларнинг барчасига нисбатан текширув жорий қилиш таклифи билан чиқди. Бу таклиф Европа Иттифоқига кириш учун визага эҳтиёжи бўлмаган чет элликларга ҳам дахлдор.

Таклиф этилаётган тизим АҚШникига ўхшайди – ЕИга кирувчилардан маълум миқдорда ҳақ олинади ва улардан шахсига оид маълумотлар кўрсатилиши лозим бўлган анкетани тўлдириш талаб этилади. Бу ишлар амалга оширилганидан кейингина ташрифчи ЕИ ҳудудига киритилади.

Хорижликлардан олинадиган ҳақ миқдори 5 еврони ташкил этиши, анкеталар эса уни тўлдирган шахслар паспорт муддати тугагунича тизимда сақланиши айтилмоқда. Айни пайтда Еврокомиссия бу тартиб жорий этилган тақдирда Европага келаётганларнинг 97 фоизи Шенген ҳудудига муаммосиз кириши, кириш сўровига жавоб эса ўша куннинг ўзида келишини айтмоқда.

Бундай сўровномани ЕИ билан визасиз тартиб тўғрисида шартномаси бўлган барча мамлакатлар, шу жумладан, Болқон, Молдова, келажакда эса Украина ва Грузия ватандошлари ҳам топширишлари керак бўлади. Бу тартиб Шенген ҳудудига кирмаган ЕИ мамлакатлари – Болгария, Ирландия, Руминия ва Британияга тегишли эмас. Таклиф ЕИга аъзо мамлакатлар ва Европарламент томонидан маъқулланиши ва 2020 йилдан кучга кириши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG