Линклар

24 йиллик қамоқдан чиққан сиëсий маҳкум Самандар Қўқонов ўзини қўллаганларга ташаккур билдирди


Қарийб 24 йиллик тутқунликдан сўнг 7 октябрь куни яна 3 йилу беш кунлик қамоққа ҳукм этилган Самандар Қўқонов 24 ноябрь куни кутилмаганда озодликка чиқарилди. Ўзбекистон қамоғида энг узоқ сақланган сиëсий маҳбус Қўқонов Зарафшон қамоқхонасидан озодликка чиқиши билан Озодликка гапирди.

Озодликга чиқган куни (24.11.2016) олинган сурат

Озодликга чиқган куни (24.11.2016) олинган сурат

- Кайфият аъло¸ соғлиқ ҳам¸ Худога шукур¸ зўр. Нима десам сизга¸ 23 йилу 5 ой бўлди. Ким бизга шу пайт ичида ëрдам қилиб¸ шу нарсаларни кўтарган бўлса¸ омад тилайман¸ соғлиқ-саломатлик тилайман. Ҳаммасига менинг табригим¸ ташаккуримни етказиб қўясиз.

Озодликка чиқишнинг хурсандчилигини таърифлаб бўлмайди. 23 йилу 5 ой кутдим бу кунни. 23 йилу 5 ой деганда¸ ҳамма нарсанинг охири бўлгандек¸ бунинг ҳам охири келди¸ Худога шукур¸ бугун чиқдик мана.

Алишер Навоийнинг гапи борку¸ "Олтин қафас ичра гар қизил гул битса¸ Булбулга тикандек ошëн бўлмас эмиш"¸ деган. Қафаснинг ичи¸ барибир¸ қафас. Оч юрсангиз ҳам¸ озодликка яшашга нима етсин!¸ деди озодликка чиқиши билан Озодликка гапирган Самандар Қўқонов.

Самандар Қўқонов яқинлари 24 ноябрь эрталаб Жазони Ижро этиш Бош Бошқармаси расмийлари 72 яшар Қўқоновга берилган сўнгги жазо муддати бекор этилгани ва маҳкумнинг озодликка чиқишини Озодликка маълум қилдилар.

Озодлик боғланган куннинг иккинчи ярмида Қўқонов фарзандлари Зарафшондаги 64/48 зонаси олдида¸ отасининг чиқишини кутиб туришганини билдиришди:

- Ҳозир қамоқхона эшиги олдида турибман. Ҳали отамни кўрмадим. Бир соатдан сўнг телефон қилсангиз¸ Худо хоҳласа¸ гаплашамиз¸ деди Қўқоновнинг ўғли Сардор Тошкент вақти билан соат 13 лар атрофида.

“Охирги ажрим бекор бўлди¸ Самандар акани уйга олиб кетинглар” деб телефон қилишди. Саъй-ҳаракатларингиз учун ташаккур”¸ деб ëзди Озодликка Қўқонов яқинларидан яна бири.

Жорий йил 6 октябрь куни 23 йилу 4 ойдан бери қамоқда қолаëтган 72 яшар Қўқоновга берилган сўнгги жазо муддати тугаган эди.

Аммо Қўқоновни озодликка чиқариш ўрнига 7 октябрь куни Навоий вилояти Зарафшон шаҳар суди уни Жиноят Кодексининг 221-моддаси 2 қисми "б" банди ва 60-моддаси билан 3 йил 5 кунга озодликдан маҳрум қилган эди.

Бу ҳукм Озодлик орқали жамоатчиликка ëйинланиши ортидан¸ АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ниша Бисвал Қўшма Штатлар Самандар Қўқоновни озод қилишга чақирганини билдирди.

Ўзбекистон Олий кенгаши депутати¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи Самандар Қўқонов 1993 йилнинг 2 июль куни давлатга қарашли катта миқдордаги мол-мулкни талон-тарожлик қилганлик айби билан ҳибсга олинган.

МХХ ертўласида бир ярим йил сақланганидан сўнг¸ 20 йиллик қамоққа ҳукм этилган ва бу бир ярим йил қамоқ муддатидан чегирилмаган.

Асли Жиззах вилоятининг Фориш туманидан бўлган Самандар Қўқонов 1989 йили Шавкат Мирзиëев (ҳозирда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи ва бош вазир) билан бир чақириқда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлигига сайланган.

​Уни яқиндан таниган маслакдошлари 80-йиллар охирида сиëсий майдонда фаол кўзга ташланган тадбиркор ва депутатнинг шахсан Ислом Каримов топшириғи билан қамоққа олингани ва шахсан Каримов топшириғи билан қамоқда шунча вақт сақланганини таъкидлайдилар.

Қўқоновнинг Каримов ғазабига учраганини изоҳлаган ўзбекистонлик таҳлилчилар¸ буни Қўқоновнинг 80-йиллар охирида демократик мухолифатга қўшилгани¸ хусусан¸ Эрк демократик партиясига молиявий ëрдам бергани билан боғлайдилар.

Самандар Қўқонов мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ қолган сиëсий маҳбусдир.

Ўзбекистонлик публицист Шароф Убайдуллаев Озодлик билан суҳбатда Самандар Қўқонов мамлакат муваққат раҳбари Шавкат Мирзиёвнинг марҳамати билан сайлов арафаси озод этилганига ишонишини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG