Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:20

Ўзбекистонда фермер бўлишни чидаганга чиқарган


Uzbekistan - Farmer Working on his land. Undated.
Uzbekistan - Farmer Working on his land. Undated.

18 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришда қонунчиликка риоя этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжатда фермернинг давлат олдидаги бурч ва вазифалари қатъий белгилаб қўйилган. Фармон муқаддимасидаги “...фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришда қонунчиликка сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мақсадида”, деган писандадаги “сўзсиз” сўзи ҳисобга олинмаса, қолган барча гаплар шу кунгача ҳам бор эди. Бас, шундай экан, унда президент бу фармонни нима учун имзолади? Мухбиримиз бу саволларни ўзбекистонлик фермерларга ва иқтисодчи олимга берди.


Майли, қитмирлик қилмайлик: “қонунчиликка сўзсиз риоя этиш” билан просто “риоя этиш” орасида қандай фарқ бор, деб Ислом Абдуғаниевичнинг бошини қотирмайлик. Бунинг иложи ҳам йўқ. У киши фармонни имзоладилару қаламини чўнтакка уриб Пекинга кетвордилар.

Фармонни балки шарҳлаб берар, деб Қишлоқ хўжалик вазирлигига сим қоқдик. Ҳар доим бўлгани каби бу сафар ҳам “бор отангга, бор онангга” қилишди:

Озодлик: Бу Қишлоқ хўжалик вазирлигими?

- Ҳа.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Балки ўзингиз жавоб берарсиз, балки бирор мутахассис жавоб берар, балки матбуот котиби бордир. Гап Ўзбекистон президентининг кечаги фармони тўғрисида. Фермерларга оид фармоннинг шарҳи керак эди.

- Сиз матбуот хизматига телефон қилишингиз керак. Ахборот таҳлил бизларда бор.

Озодлик: Шунинг телефонини беринг.

- 244-09-20, деди Қишлоқ хўжалиги вазирлигида телефон гўшагини кўтарган ходима.

Ўзбекистон республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги матбуот хизматининг бошқа турдош хизматлардан фарқи йўқлигига яна бир марта ишонч ҳосил қилганимизни айтиб ўтиришим шартми?
Аслида шарҳнинг кераги ҳам йўқ. Ислом Абдуғаниевич имзолаган фармон кўрга ҳасса бўладиган даражада: икки карра икки тўртлигини қанчалик тушунсангиз, шунчалик тушунасиз.

Фармонда фермер ижарага олган ерида шартнома шартларини қўпол бузса, шартномада кўрсатилмаган экин экса, паст рентабелли хўжалик юритса давлат ҳокимияти идоралари суд орқали ерни тортиб олиши назарда тутилган.

Фармоннинг бошқа бандларида тегишли идораларга фермерлар фаолиятини қатъий назорат қилиш ва мазкур ҳужжатни оғишмай бажариш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон президентининг фармонини қандай тушунганини сўраб фермерларга мурожаат қилдик. Ўтказганимиз суҳбатлардан фармон имзоланишига сабаб бўлган омилни топгандай бўлдик.

Бухоролик фермер, аниқроғи собиқ фермер ёши 50 дан ортган Нормурод ака 2009 йилгача 13 йил давомида 49 гектар ерда деҳқончилик қилган.

Нормурод ака саволларимизга жавоб беришдан олдин фармон матни билан танишиб чиқишга вақт сўради. Танишиб бўлгач, орамизда мана бу суҳбат бўлиб ўтди.

Озодлик: Нормурод ака, мана сиз фармоннинг матнини ўқиб чиқдингиз. Энди айтингчи, бу фармондан мақсад нима?

- Биринчидан, ҳокимлар учун бу дастур. Бунақа дастур йўқ эди. Барибир ҳокимлар кўзини юмиши мумкин эди. Масалан бир хил жойларга у-бу нарса экилса, кўзини юмиши мумкин эди. Бундан кейин бу нарса такрорланмайди. Бу ҳар бир ҳоким учун биринчи дастур.

Иккинчидан, деҳқон бўлгандан кейин унинг кўзи ерга оч бўлади. У ҳар хил нарса эккиси келади, ундан фойда олгиси келади. Давлатимиз нима буюрса, шуни қилиш керак. Ундан зиëд ишни қилмаслик керак.

Озодлик: Нима учун шу пайтгача бунақа имкон бериб келган бу йил шунақа тақатақ назорат ўрнатаяпти?

- Мана кўраяпсиз пахта яхши даромад бераяпти давлатимизга. Бундан кейин пахта пулини кўпайтиради. Деҳқон ҳар қанақа нарсани экаверса, пахта камайиб кетса, давлат даромади кам бўлади. Мана шуни инобатга олиб пахта эксин булар.

Озодлик: Қора экин озайиб кетса, картошка-пиëз озайиб кетса, бозорда нарх-наво қиммат бўлиб кетадию.

- Унинг фарқи йўқ. Бизлар четдан оламиз.

Озодлик: Ўзингиз фермер эдингиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Сиз ерни ўз ихтиëрингиз билан топширдингизми ëки оптималлаштириш жараëнида тортиб олишдими?

- Йўқ, мен ўз ихтиëрим билан топширдим.

Озодлик: Нима учун топширдингиз?

- Энди оптималлаштириш деган бўлди. Яна кўпроқ ерни бошқариш мен учун қийин. Шунинг учун “50 гектардан ортиқчасини бошқара олмайман” дедим. 50 гектарга рухсат бермади. Ундан ортиғига менинг шароитим йўқ.

Озодлик: Мана 13 йил фермерлик қилибсиз. 13 йил давомида бирингиз икки бўлдими, косангиз оқардими?

- Энди биз кам ишладикда. Яна 13 йил ишлаганда, яхши бўлиб кетар эди.

Озодлик: 13 йил оз муддат эмаску.

- Давлатчилик миқëсида бу озда. Давлатимиз ҳам энди кўтарилаяпти. 13 йил ишлаган бўлсак, бу ëқ 13 йилда бўлар эдида.

Озодлик: 2009 йилгача 49 гектар ерда деҳқончилик қилдингиз. 30-40 сотихми, гектарми ўғирликча помидор-сомидор экмаганмисиз? Ўзингиз айтадингизку ҳокимлар кўз юмиб турарди деб.

- Йўқ, унга имкон йўқ эди. У пайтда ҳам оғир эди. У пайтда ҳам мумкин эмас эди. Айтган шартномасини бажариш керак эди тамом. Мабодо кўриб қолса, қўймасди. Мумкин эмас эди. Фақат ўша контракт бўйича.

Озодлик: Мана энди асосий масалага келдик. Кеча ҳам ўзи мумкин эмас эди. Прокурорлар назорат қилар эди. Бугун ўзи қаттиқ бўлган режимни яна қаттиқлаштираяпти. Шунинг маъносини тушунмаяпман мен боядан бери.

- Бу ерда оддий нарса. Бу ҳар бир район ҳокими учун дастур бўлди энди. Бу қонун кучга кирди энди. Энди шу 5 сотих ëки 10 сотих деҳқинларга ажратиш мумкин эмасда. Энди буни дастур қилиб, қонун қилиб ҳокимларнинг қўлига топширгандан кейин назорати яхши бўлади. Назорат қилиш осон бўлади. Демак, бу йил насиб бўлса пахта кўпаяди, дейди бухоролик фермер Нормурод ака.

Сизни билмадиму, лекин бухоролик собиқ фермер Нормурод ака саволларимга жиддий жавоб бердими ё киноя қилдими, тўғриси , тушунмадим.

Жиззахлик фермер Мамиржон ака ҳам сўнгги икки йил давомидаги оптималлаштириш жараёнида 10 гектарли ерини қўшнисига топширган. Мамиржон ака билан ўтказганимиз суҳбатдан парча тингланг.

- Меники 10 гектар эди. Ўшанда ҳоким “Мамир ака, сиз қўшнингиз билан тендерга тушиб қолдингиз. Бу ëқники 30 гектар, сизники 10 гектар. Нима қиласизлар?” дегандан кейин мен “Бу одамнинг 30 гектар ери бор. Техникаси ҳам бор. Меники 10 гектар ер майдони. Шунинг учун мен 10 гектар унинг 30 егктарига қўшилиб кетишига розиман. Чунки мен 10 гектар ерим билан 30 гектар ерга даъво қилмайман. Мен розиман” деб бояги фермерга қўшиб бердим. 2010 йилнинг якуни билан бояги 40 гектар ер майдонига эга бўлган фермер, ери тоза, сувли ерда, ҳамма томонлама имкониятлари бор фермер ҳам ўз ихтиëри билан биояги ерни топшириб юборди. Мен шундан кейин у фермердан “Ерингиз яхши эди. Сиз нимага топшириб юбордингиз?” деганимдан кейин у менга “Мен ҳокимга пенсия чиқишим сабабли ерни топшираман деб ариза ëздим. Лекин ҳисоб-китоб қилиб кўрсам, мен тўлиқ қарздорликка ўтириб қолаяпман. Шунинг учун ўз ихтиëрим билан топшириб юбордим ерни” деб айтди.

Мен ўзимнинг кузатувимни гапирадиган бўлсам агар, бир-иккита қўшниларим фермерларнинг қўлида ишчи бўлиб ишлашади. Мана шу фермерлар ҳам “Биз энди ишга бормаймизку” деб гапириб қолди. “Нима сабабдан бормайсиз?” деб сўрасам, “Бизга ярим гектардан ер берарди. Ўшандан фойдаланиб огород қилардик” деди. Мана 2011 йилга ҳам, мен бутун Ўзбекистон миқëсида дея олмайман, мен сўрасам Ўзбекистон бўйича кетаяпти бу дейишди, лекин Жиззах вилоятида тўлиқ бир сотих ер майдони ҳам огород қилишга рухсат берилмайди. Мен бундан келиб чиқиб шундай тушунчага келдимки, 2010 йилда пахта нархи ошиб кетди жаҳон бозорида. Шунинг ҳисобига ишчилар фойдаланадиган ер майдонини ҳам ишчиларга бермасдан туриб ҳаммасига тўлиқ пахта эктираяпти. Шунинг ҳисобига кўпчилик ишчилар фермерда ишлашдан бош торта бошлашди. Бундан ташқари, мен яқинда яна битта нарсанинг гувоҳи бўлдим, 2011 йил айни кунда фермерларнинг чигит экиши бошланган. Иккитами, учтами фермер ерини ташлаб кетибди. Мен бир фуқаролар йиғини раисини кўрдим чигит эктираяпти. “Чигит эктириш сизнинг вазифангизга кирмайдию. Фермер экиши керакку”десам, “Фермерлар ерни ташлаб кетди. Шунинг ҳисобига ўзимиз экиб бераяпмиз. Ер эгасиз қолди” деган жавобни ебрди.

Озодлик: Ким экиб бераяпти экан чигитни?

- Фуқаролар йиғини раислари. Ер майдонига бориб ўзлари эктираяпти. Фермер йўқ. Ерни ташлаб кетган.

Озодлик: Эктиртираяптими ëки ўзи экаяптими?

- Ўшалар бориб бошқариб турибдида. Фермернинг ўрнига фуқаролар йиғини раислари бошқараяпти, дейди жиззахлик фермер Мамиржон ака.

Бухоролик фермер ҳам, унинг жиззахлик ҳамкасби ҳам президентнинг кечаги фармонини жаҳон бозорида пахта толаси нархининг кескин ортиб кетиши билан билан боғлади.

“Жаҳон бозорида пахтанинг нархи ушбу ой сўнгги ўн йилларда кузатилмаган даражага етди. Ўтган ҳафта бир килограмм пахта толаси нархи, Cotton Outlook кўрсаткичи бўйича, қарийб 2,83 АҚШ долларига баҳоланди”, деб хабар қилган эди Озодлик радиоси яқиндагина - 2010 йилнинг кузида.

Агар шу омил ҳисобга олинса, президент фармони замиридаги мантиқ аён бўлади.

Худди шу гапни айтаётган фермерлар ҳам, биз - дилетант журналистлар ҳам, балки, адашаётгандирмиз?

Шу шубҳа билан фарғоналик иқтисодчи олим Маъруфжон Абдураҳмоновга мурожаат қилдик.

Кечаги фармонга пахта толаси нархининг кескин кўтарилиб кетиши сабаб эмасми, сўрадик иқтисодчидан.

- Бўлиши мумкин. Чунки имкон қадар кўпроқ пахта экиб, кўпроқ тола ишлаб чиқариб кўпроқ сотиб, шундан кўпроқ ҳам мамлакатнинг хазинасига, ҳам пахта савдоси билан шуғулланадиган маълум бир доираларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга бу албатта қўшимча хизмат қилади, дейди фарғоналик иқтисодчи олим Маъруфжон Абдураҳмонов.

Хуллас, Ўзбекистонда фермер бўлишни чидаганга чиқарган.
XS
SM
MD
LG