Линклар

Жиззах вилояти ҳокими буйруғига кўра, вилоятдаги бюджет ташкилотлари ишчилари ғўзани “шамоллатиш” тадбирига жалб этилди. Ҳар бир ишчи-ҳашарчи зиммасига бир гектар ғўза майдонидаги эгатда бирма-бир юриб чиқиш вазифаси юклатилган. Бундай "шамоллатиш" муаллифларига кўра, эгатлар ораланганда ғўза танаси шамоллаб, кўсакларнинг тезроқ очилишига ёрдам беради.

Жиззахдаги ғўзаларни “шамоллатиш” тадбири ҳақида Озодликка хабар қилган манбага кўра, ушбу жараёнга вилоятдаги барча бюджет ташкилоти ишчилари жалб қилинган:

“Жиззахда пахта теримига жуда қаттиқ тайёргарлик кетаяпти. Вилоят ҳокими Сайфиддин Исмоилов ҳар куни икки маҳал эрталаб ва кечқурун шу бўйича йиғилиш ўтказаяпти. Ташкилот раҳбарлари ҳам ҳокимдан норози. Ҳамма раҳбарнинг жонига тегиб кетди шу ҳоким. Яқинда ҳоким “Ҳар бир ташкилотдан 20-30тадан одам чиқарилсин далага, уларни пахта орасида у ёқдан бу ёққа қараб юргизинглар. Ғўзаларни шамоллатинглар, шунда тезроқ очилади” деб топшириқ берган”, деди исми очиқланмаслик ва овози ёзиб олинмаслик шарти билан Озодликка гапирган жиззахлик манба.

Жиззах вилоят ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган расмийси бу хабарни инкор қилмади¸ фақат бюджет ташкилотларининг бу “шамоллатиш”да ўз ташаббуси билан қатнашаëтганини иддао қилди:

“Ҳозир ғўзалар бир-бирига ёпишиб турибди. Ғўза барглари димланиб қолган. Одам ичидан юриб ўтса, шамол киради. Эгатлар ораланганда¸ албатта¸ ғўза танаси нафас олади. Бу эса кўсакларнинг тезроқ очилишига ёрдам беради. Ўшани шамоллатиш дейилади. Ҳашарга чиққан ҳамма ташкилотлар хар бир ходимига бир гектардан жой бўлиб берилган. Шу ҳар бир эгатни оралаб чиқса¸ шамоллайди”, деди вилоят ҳокимлигининг исмини очиқламаган масъули.

Озодлик суҳбатлашган жиззахлик фермерлардан бирининг айтишича, “шамоллатиш” тадбири вилоятда илк бор ўтказилмоқда:

“Биринчидан, ғўзалар яхшилаб чеканка қилинса, ўша пайтнинг ўзида ғўзалар шамоллайди. Чилпиш пайти¸ албатта¸ ғўзалар ораси очилади. Иккинчидан, чеканка қилингач, ғўза барглари сунъий тўктирилиб, баргсизлантирилади¸ яъни дефолиация қилинади. Кўпчилик фермерлар пулни тежаш учун дефолиация қилдирмайди ёки пули йўқ буни қилдиришга. Ҳозир кимнинг даласи дефолиация қилинмаган бўлса, ўша ерда “шамоллатиш” тадбири ўтказилаяпти. Лекин олдинги йиллари бунақа иш қилинмаган. Бу ҳокимимизнинг янгилиги”, дея кулди исми очиқланмаслигини сўраган жиззахлик фермер.

Бу 2010 йилдан бери Жиззах вилоятига ҳокимлик қилиб келаëтган Сайфиддин Исмоилов бераëтган ажабтовур буйруқларнинг биринчиси эмас.

Ўтган ой охирида Жиззахдаги бюджет идоралари ходимларидан экспорт учун етиштириш режалаштирилаётган сабзавот - гулкарам уруғи учун¸ ҳоким буйруғи билан¸ 40 минг сўмдан пул йиғиш топширилди. Айрим ташкилотлардан пулни "Микрокредитбанк"ка топшириш, айримларидан эса сабзавотни экиб, ҳосилни етказиб бериш талаб қилинмоқда.

Вилоят ҳокимлигига яқин Озодлик манбасига кўра, ҳоким Бош вазирга бу йил гулкарам етказиб беришни ваъда қилган ва бу ваъдани "ҳалоллаш" учун ана шундай қарор қабул қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG