Линклар

logo-print

Жиззахда ҳалок бўлган 10 ишчининг дафн маросими ҳаражатларини Ўзтрансгаз кўтарди


Насос қувури

Насос қувури

Озодлик Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ўтган ҳафта охирида содир бўлган фожеа билан боғлиқ янги тафсилотларни аниқлади.

"Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси таркибидаги корхона - Ғаллаорол Магистрал газ қувурлари бошқармаси ишчи-хизматчиларидан 10 нафари 20 август эрталаб бошқармага қарашли Канализация насос станциясидаги сув моторларини таъмирлаётиб заҳарли газдан ўлган, яна 3 киши вилоят касалхонаси жонлантириш бўлимига ётқизилган эди.

Касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган 3 кишининг ҳаёти сақлаб қолинди. Ғаллаорол Магистрал газ қувурлари бошқармаси ходими ҳамда Жиззахдаги “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси расмийсидан фожеадан 3 кун ўтгач – 23 августда олинган бу маълумотни Жиззах вилоят шошилинч тиббий ёрдам касалхонасининг исми сир қолишини сўраган врачи тасдиқлади.

“Улар оддий палатага ўтказилди, ҳаётлари хавф остида эмас”, деди дўхтир.

Ҳалок бўлган 10 киши ва жонлантиришга ётқизилган 3 кишининг исм-фамилиясини аниқлашнинг ҳозирча имкони бўлмади. Ғаллаорол Магистрал газ қувурлари бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосари кун давомида қилинган қўнғироқларга жавоб бермади. Ўлганларнинг ёши 33 дан 53 гача бўлгани Озодликка маълум.

“Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг исми сир қолиши шарти билан гапирган расмийсига кўра, фожеада аъзоси ҳалок бўлган 10 хонадоннинг ҳар бирига “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси томонидан:

"1 қоп гурунч, 1 қоп пиёз, 1 қоп сабзи, 10 литр ёғ, 1 қўй ҳамда 5 миллион сўм моддий ёрдам сифатида берилган".

Озодликнинг “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясидаги манбасининг билдиришича, Ғаллаоролда ҳалок бўлганлар оиласига ёрдам уюштириш тўғрисида “дастлабки протоколдан ташқари янги протокол тайёрланмоқда. Унда ҳалок бўлганларнинг уйларини таъмирлаш, ҳар бир оилага молиявий ёрдам ажратиш, ҳалок бўлган 10 кишининг оиласида қолган 23 нафар вояга етмаган болани компания қарамоғига олиш каби масалалар назарда тутилмоқда“.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси касаба уюшмаси вакили тайёрланаётган ҳужжатдан хабари йўқлигини билдирди.

“Уюшмангиз ҳалок бўлганлар оилалари ва жабрланган ишчиларга қандай ёрдам кўрсатади”, деган саволга “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси касаба уюшмаси вакили “Олдин компания тўлаб бериши шарт бўлган нарсани тўлаб бўлсин, касаба уюшмаси алоҳида ўз ёрдамини кўрсатади”, деб жавоб берди.

Ғаллаорол Магистрал газ қувурлари бошқармасининг 10 ишчи-хизматчиси ҳалок бўлишига олиб келган воқеа 20 август эрталаб бошқармага қарашли Канализация насос станцияси (КНС) да юз берди.

Бошқарма ходимларининг Озодликка маълум қилишича, муҳандис, сантехник ва қурувчилар ер остидаги сув моторларини созлаш учун 6 метр чуқурликка бирин-кетин тушиб, сув сатҳида йиғилиб қолган заҳарли газдан димиқиб ҳалок бўлгани, Ғаллаорол прокуратураси тергов-суриштирув ишларини бошлагани тўғрисида Озодлик якшанба куни хабар қилган эди.

Бу воқеадан бир неча кун олдин Жиззах шаҳрининг Олмазор маҳалласида канализация учун хандақ қазиш пайтида 2 ишчи кўчки тагида қолиб ўлгани,Меҳнат хавфсизлигини таъминламаган ҳолда ишчиларни ишлатгани гумон қилинаётган давлатга қарашли “Файз” коммунал-қурилиш ширкати раҳбарияти жавобгарликка тортилгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

2015 йил 13 декабрида “Водийгазтаъминот" унитар корхонасининг тўрт ходими Фарғона шаҳридаги газ қувури қудуқларидан бирига тушиб, ишлаётган пайтда газдан заҳарланиб ўлган эди.

XS
SM
MD
LG