Линклар

Тошкентда вақтинча рўйхатга олиш тартиби енгиллаштирилди


Ўзбекистон паспортидаги думалоқ муҳр

Ўзбекистон паспортидаги думалоқ муҳр

Тошкент шаҳри ва вилоятига ватандошларни вақтинча рўйхатга олиш тартибига ўзгартириш киритилди. Янги тартибга кўра, паспорт бўлимига ҳужжат топширган шахслардан уни прописка қилиш ҳақида иш жойидан илтимоснома талаб қилинмайди. Вақтинча прописка учун ижара шартномаси, уй-жой мулкдорлар ширкатининг розилиги ва яна бир қатор ҳужжатлар талаб қилинади. Расмийларга кўра, вақтинчалик прописка қилиш бирмунча енгиллаштирилган.

Ватандошларни Тошкент шаҳри ва вилоятида вақтинчалик пропискага олиш тартиби, Ўзбекистон Ички ишлар вазири Аҳмаджон Аҳмадбоевнинг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида"ги буйруғига асосан ўзгартирилди.

Буйруқда айтилишича, 2012 йилнинг 20 майидаги шу номдаги буйруқ ўз кучини йўқотган.

Янги йўриқномага асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига беш кундан ортиқ бўлмаган муддатга келган фуқаролар қайдга олинмайди.

Агар ватандош беш кундан ортиқ муддатга келган бўлса, турган жойидаги туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг хорижга чиқиш, келиш ва фуқароларни расмийлаштириш бўлимига:

ариза;

паспорт;

контракт бўйича ҳарбий хизматчининг ёки Ўзбекистон Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси;

16 ёшга тўлмаган шахслар учун — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва 35х45 мм ўлчамли 2 та фотосурат;

уй-жой мулкдорларининг турар жой майдони бериши тўғрисидаги аризаси;

ижара шартномаси;

турар жой учун ҳужжатларнинг нусхалари ва бошқа ҳужжатларни топширади.

Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгач, фуқарога Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тўғрисидаги қайд варағи берилади.

Қайд варағи фуқаронинг турган жойида ҳисобга олинганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Ариза берувчининг паспортига, ва турар жойнинг уй дафтарига ҳисобга олиш тўғрисида белги қўйилмайди.

Буйруқда таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган фуқаролар ҳам вақтинчалик рўйхатга олиниши айтиб ўтилган.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча ҳисобга олинган фуқаро ҳисобга олинган жойида яшаши керак.

Тошкент шаҳри хорижга кириш чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, бу буйруқдан сўнг, ватандошларнинг Тошкент шаҳри ва вилоятида вақтинчалик рўйхатга туриши бирмунча енгиллаштирилганини айтди:

“Вақтинчалик прописка шу пайтгача жуда оғир муаммо бўлиб келаётган эди. Жумладан, Тошкент шаҳрига келган одам токи ишга кирганлиги ҳақида маълумотнома ва корхона раҳбаридан илтимоснома олиб келмагунча вақтинчалик рўйхатга олинмаётган эди. Энди эса, бу нарса талаб қилинмайди. Ҳар қандай одам керакли ҳужжатларни тўплаб, паспорт бўлимига топширса кифоя”, деди мулозим.

Мулозимга кўра, ватандошлар душанба кунидан бошлаб Тошкент шаҳридаги паспорт бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Вақтинча прописка муаммосига дуч келган ватандошларнинг айтишларича, барибир вақтинча қайдга қўйиш қийинлигича қолмоқда:

Иш топиш ва ишхонадан справка талаб қилмаслик яхши бўлди, албатта. Лекин, ҳалиям қоғозбозлик жудаям кўп. Биргина ижара шартномаси қилгунча 18 та ҳужжат йиғишинг керак. Пропискани паспорт бўлимлари қиладиган бўпти. Ўзи шундай ҳам паспорт бўлимларининг иши бошидан ошиб ётибди. Ҳеч қайси мамлакатда вақтинча прописка деган нарсани олиш бунчалик оғир эмас”, деди ватандошлардан бири.

Ўзбекистонда вақтинчалик прописка қилиш ўтган йил тўхтатилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил, 26 февралда қабул қилинган қарорида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган Ўзбекистон фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида махсус рухсатномасиз ишлаётганда қўлга тушиб қолса, доимий яшаш жойига мажбуран чиқариб юборилиши айтилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG