Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:27

Наманганда сел келди, 3 одам нобуд бўлди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Наманган вилоятининг Поп тумани Чодак қишлоғини сел олиши оқибатида бир ёш оиланинг уч аъзоси нобуд бўлди. Маҳаллий расмийлардан олинган маълумотга кўра, ўтган тунда кучли ёмғир ёққан ва тонгга яқин қишлоққа ёпилирган сел 28та хонадонни ювиб кетган. Айни пайтда Наманган вилояти ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва прокуратура вакилларидан иборат махсус гуруҳ ҳалокат кўламини ўрганаётгани айтилмоқда.

Чодак қишлоғидан Озодликка боғланган манбанинг хабар қилишича, қишлоққа қирдан ёпирилган сел ўзи билан қуюқ лойқа ва шағал уюмини олиб келган:

"Чодакнинг бозорини ва уни тепасидаги маҳалани сел ювиб кетди, даҳшат, шағални бир неча камазлаб олиш мумкин кўчалардан, битта оила ҳалок бўлди, сел ёппасига уйни тагига шағал билан кўмиб қўйди. 11:00 да кўмишди бугун, сел кеча соат 21:00 ларда бошланди, одамлар кўча эшигини тираб турган сувнинг босимидан, афсуски бу оиланиен омади келмади. Сувнинг катта оқимини йўлидаги уй бўлган, 20 минут ичида уйдан асар қолмади, кўчалар ва ҳовлилар шағал гирдобида қолган. МЧС (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги-таҳр.) келиб кўриб кетади, маҳалла ўзи тозалайди шағални, ўзи МЧС нимага керак? Кўчадаги катта тошлар дарвозаларни пачоқ қилиб қўйган, даҳшат, худди цунами. Айтганча, ҳалок бўлганларни ковлаб олишди, болани эса эксковатор ковлаб олди", деб ёзди Озодлик манбаси.

Поп тумани маҳаллий ҳокимият идораларидан биридан олинган маълумотга кўра, 15 май оқшом соат 9дан бошлаб, кучли ёмғир қуйишни бошлаган ва бироз ўтиб, қишлоқнинг марказидан ўтувчи кўчани сел босган.

Расмийларга кўра, нобуд бўлган оилада сақланиш учун етарли фурсат бўлмаган:

"Битта хонадондаги ёш оиланинг уч аъзоси ўша заҳотиёқ ўлган. Чунки, шағал аралаш келган селнинг оқими кучли бўлган ва улар яшаб турган уйни тўлиқ босиб қолган. Ота-она ва уларнинг бир боласи нобуд бўлди. Отаси 1978 йилда туғилган, онаси 1983 йилда туғилган, боласи ёшроқ бўлган. Бошқа бирорта фуқарога жароҳат етмади, фақат уй-жойлар, оғилхоналар, кўча деворлари қулаган", деди исмини ошкор этмаётганимиз маҳаллий расмий.

Расмий маълумотга кўра, Наманган вилояти ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва прокуратура вакилларидан иборат махсус гуруҳ эрталабдан қишлоққа етиб борган ва айни пайтда ҳалокат кўламини ўрганмоқда.

"Шу идоралар жанозага кириб чиқишди, бу оилани дафн қилдик. Энди ҳозир сел ювган уйларни комиссия кўриб чиқаяпти. Ҳозирча қанча зарар етгани номаълум, аниқланса, шунга қараб аҳолига ёрдам қилинади, албатта", деди Чодак қишлоғидаги маҳаллий ҳокимият идоралари вакилларидан бири.

Чодаклик тингловчига кўра, бу баҳор қишлоқда айтарли ёмғир бўлмаган:

"Асли баҳор бошида Чодак чоллари бир жонивор сўйиб, Худодан ёмғир сўраган эди, мана ёмғир, ортиғи билан", деб ёзди исмини ошкор этмасликни сўраган манба.

Дарвоқе, "Ўзгидромет" 13-19 май кунлари баъзи ҳудуларда кучли ёмғир ёғиши ва тоғолди ҳудудларда сел келиши эҳтимолидан огоҳлантирган. Синоптиклар, шунингдек, Тожикистон бўйлаб ҳам кучли ëмғир ёғиши ва айрим ҳудудларда кўчки бўлиши мумкинлигини хабар қилган.

12 май куни Душанбе шаҳрига яқин қатор қишлоқларни сел олган, мингдан ортиқ уй сув ичида қолди. Маълумотларга кўра, аҳоли орасида талофатлар йўқ ва сув босган қишлоқлар аҳолиси эвакуация қилинган.

Шу ой бошида Самарқанд вилояти Ургут туманида ҳам кучли ёмғир ёққан ва 3 май куни соат 17:30ларда сел келган эди. Озодлик муштарийлари ижтимоий тармоқларда орқали юборган суратларда кўчаларни сув босгани, маълум муддат транспорт қатнови фалаж бўлгани акс этган. Аммо, Ургутдаги селда жароҳатланган ёки нобуд бўлганлар ҳақида бирор маълумот бўлмади.​

Дарвоқе, Ургут туманида ўтган йили апрель ойида ҳам ёққан кучли жаладан кейин сел келган. Ўшанда баъзи кўчаларда енгил автомобиллар томигача сувга ботган. Расмийлар селга олдиндан тайёргарлик кўрилгани учун қурбонлар ва жиддий талафотлар бўлмаганини айтган эди.

Май ойида эса Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Чиял жамоа хўжалигида ёққан селдан Чироқчининг Тоқчи ва Қозоқ маҳаллаларида жами 50 та уй қулаб тушган ва 150дан ортиқ одам кўчада қолган эди.

XS
SM
MD
LG