Линклар

logo-print

Ўйнаши билан телефон суҳбати ошкор қилинган аёл мобил ширкатидан арз қилди


OzodMikrofon эшиттиришига мурожаат қилган тошкентлик 33 яшар аёл хуштори билан хуфёна телефон суҳбатлари ёзиб олиниб, яқинларига ошкор қилинганини иддао қилмоқда. Унинг даъвосича, хушторининг хотини Тошкент вилояти ИИБдаги қариндоши кўмагида мобил ширкатига буюртма берган ва икковлоннинг телефон суҳбатлари ёзиб олинган тасма яқинларига эшиттирилгач, аёл икки боласи билан кўчага қувилган.

Шу кунда икки боласи кўчада қолганидан арз қилган тошкентлик 33 яшар Дилфуза (аёлнинг исми ўзгартирилди - таҳр.) ўзи ва хуштори Ўзбекистондаги мобил ширкатларидан бирининг (иддао суриштирилаётгани боис, ширкат номи ҳам ҳозирча ошкор қилинмаётир - таҳр.) хизматидан фойдалангани ва уларнинг суҳбати ўзларидан яширинча ёзиб олинганини даъво қилди:

"Ўтган йилнинг 20 июлидан 20 августигача ... номерида бўлган суҳбатларнинг ёзиб олинган дискини у кишининг (ўйнашининг - таҳр.) хотинини органларда ишлайдиган акаси олиб берган. У дискни менга, ота-онамга эшиттиришди. Шу билан эрим мени кўпчиликнинг ичида талоқ қилди ва бирга қуриб битирган уйимиздан икки болам билан чиқарворди. Мен, майли, хато қилдим, тан оламан, бунга сабабларим бор. Лекин, мобил кампаниясининг нима ҳаққи бор - менинг шахсий суҳбатимни мендан беркитиб ёзиб олиб, уни бошқаларга беришга, мени шантаж қилишга?!" деб иддао қилди Дилфуза.

Аёл шу кунда унинг телефон суҳбатлари ёзиб олинган диск қайнотаси ва ўйнашининг хотини қўлида қолаётгани, собиқ эрининг оиласи ана шу дискни рўкач қилиб, уни ҳамда икки боласини уй-жойга бўлган ҳуқуқидан маҳрум қилишга уринаётганини иддао қилмоқда.

Аёлнинг даъвосича, собиқ эри билан оиласи номигагина сақланиб турганидан ҳамма яқинлари хабардор бўлган, Дилфузанинг хуштори борлигини билган собиқ эри эса бундан кўз юмган:

"Эрим ўзи ичади, пул топмайди, мени умуман қўлламаган. Шу тўрт девори кўтарилган уйни ҳам ўзим ишлаб, пул топиб битказганман. Болаларни ҳам ўзим боқдим, едирдим, кийдирдим. Эрим Россияга кетди кейин. Ўшанда мен ҳам, болаларим ҳам кетма-кет сариқ бўлдик, жуда қийналдик. Ўшанда бу киши яхши гаплар билан келиб кўнглимни олди, қувватлади. Мен энди мақсадини сездим, лекин аёл зоти шунақа яхши гапга гадо бўларканда. Айниқса, эрга тегиб, эридан меҳр кўрмаган аёл бўлса! Мен хато қилдим, тушундим. Жазосига ҳам тайёрман, лекин вояга етиб бораётган болаларим учун куйяпман. Болаларимни ҳаққини ҳимоя қилмоқчиман", деб иддао қилди тошкентлик аёл.

(Озодлик ҳозирча OzodMikrofon эшиттиришига келган бу мурожаатдаги иддаоларни тасдиқловчи бирор далилга эга эмас)

Озодлик мухбири бу иддао ортидан номи тилга олинган мобил ширкатига боғланиб, мижоз буюртмаси билан телефон суҳбатларини ёзиб олиш мумкинми деган саволга жавоб сўради. Ширкат оператори абонентлар ўртасидаги телефон суҳбатлари ёзиб олинмаслиги, умуман, бундай амалиёт мавжуд эмаслигини таъкидлади:

"Ҳурматли абонент, бизда бунақа маълумот бўлмайди. Телефон суҳбатлари ёзиб олинмайди. Бизда фақат қўнғироқлар тафсилоти бўлади. Компания абонентлар ўртасидаги суҳбатларни ёзиб ўтирмайди. Кимдир телефонининг ўзига запись қилиб олиши мумкин ёки фақат махсус орган орқали олиш мумкин, лекин Ўзбекистон бўйлаб ҳеч бир мобиль кампания бунақа иш билан шуғулланмайди, - деди ширкатнинг мижозлар билан ишлаш маркази оператори.

Бу оператордан ташқари ширкатнинг Тошкентдаги идораси раҳбариятидан бирор изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Айни пайтда бу Ўзбекистонда фуқароларнинг шахсий телефон суҳбатлари яширин тарзда ёзиб олинганига оид биринчи шикоят эмас. Озодликка суҳбати ёзиб олиниб, сўнгра махсус хизматлар томонидан ўзига эшиттирилганига оид бундан олдин ҳам шикоят келган.

Тошкентдаги мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов эса яна бир ҳолатни тилга олди:

- Тошкентда "Ўзбекистон овози" таҳририятининг иккита журналисти Сариосиё тумани ҳокими ҳақида танқидий мақола борлиги ва унинг чоп этилишини телефонда гаплашган. Ҳоким эса ана шу суҳбатни ёзиб олиб, таҳририятга олиб келган эди. Ўшанда биз буни ўз тажрибамиз мисолида кўрганмиз. Бу Сурхондарёдаги АТСда ёзиб олинган. Сиз айтган ҳолатда эса, менимча, шубҳа табиийки¸ биринчи бўлиб мобил ширкатига тушади. Битта тармоқ ичидаги суҳбатлар дахлсизлигига ширкат жавобгар. Зеро, ўзига хос авторитар давлатда ишлаётган журналистлар аниқ биламиз - абонентларнинг суҳбатлари органлар кўмагида уяли алоқа ширкатларининг техник марказларида ёзиб олинади, - дейди журналист.

Бундан ташқари, Швециянинг муқаддам TeliaSonera, ҳозир эса Telia Company деб номланаётгани ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси бўлган Ucell уяли алоқа ширкати Ўзбекистон махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилишига оид айбловлар 2012 йилда илгари сурилган эди.

Бу ҳақда Швеция радиоси, Svenska Dagbladet, Аftonbladet, Швеция жамоатчилик телевидениеси суриштирув ўтказиб, ана шу хулосани илгари сурган эди.

TeliaSonera ширкати собиқ вице-президенти Сисилия Эдстром Озодлик билан суҳбатда хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилишини тан олган ва бу ҳамкорлик маҳаллий қонунчилик доирасида олиб борилишини, унинг шартларини ҳам маҳаллий ҳукуматлар белгилашини айтган эди.

Озодлик тошкенлик аёлдан тушган мурожаатга оид қўшимча тафсилотларни аниқлаш ва номи ошкор қилинмаётган уяли алоқа ширкати раҳбариятидан расмий жавоб олишга уринишда давом этади. Янгиликларни Озодликда кузатинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG