Линклар

Ажратилган маданият вазирлигини молиялаш учун бюджетдан ташқари жамғарма тузилади


"Истиқлол" саройи Маданият вазилрлига берилди

"Истиқлол" саройи Маданият вазилрлига берилди

Президентнинг 15 февралдаги фармонига кўра¸ Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги иккига ажратилиб, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил этилади.

Фармонда Маданият вазирлиги муассасалари кадрлари малакасини ошириш ва моддий рағбатлантириш учун бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасини тузиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги иккига ажратилиши олдидан ушбу вазирлик борасида танқидий анализ ëзган гуруҳ аъзоси исми айтилмаслик шарти билан Озодликка баъзи тафсилотларни айтиб берди.

Ажратишдан мақсад бюджетни енгиллатиш

Суҳбатдошга кўра¸ бу вазирликни иккига бўлиш бўйича таклиф ўтган йил декабрида президент Шавкат Мирзиëевдан чиққан:

- Бу таклиф замирида вазирлик мулозимлари қисқариши ортидан бюджетни енгиллаштириш ва маданият соҳасига бюджетдан ташқари тушумлар кириши самарадорлигини ошириш ғояси бор эди. Биз ëзган анализда мавжуд Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг бюджетта боқимандалиги ва давлат маблағлари талон-торож қилинганлиги очиқ-ойдин ëзилди¸ дейди танқидий анализ ëзган гуруҳ аъзоси.

Қўшиқчиларни назорат қиладиган “Ўзбекнаво” тугатилади

Вазирликни ажратиш ҳақидаги фармон шарҳида “Ўзбекнаво” ва “Ўзбекрақс” эстрада бирлашмалари ўрнида ташкил қилинадиган “Ўзбекконцерт” бирлашмаси ва бошқа тадбирларни молиялаш учун бюджетдан ташқари жамғарма тузилиши ҳақида изоҳ берилган.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси фаолиятини молиялаштириш, маданият муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, уларни жиҳозлаш ва таъмирлаш, маданият ва санъат арбобларининг халқаро фестиваллар ва конкурсларда иштирок этишини таъминлаш, Маданият вазирлиги муассасалари кадрлари малакасини ошириш ва моддий рағбатлантириш учун бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасини тузиш назарда тутилган”¸дейилади фармон шархида.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида ишлайдиган мулозимнинг исми сир қолиш шарти билан айтишича¸ ўтган ойда бирлашмада ўтказилган текширувларда қатор нуқсонлар аниқланган:

-Бирлашманинг кўнгил-очар тадбирлар ўтказиб пул топадиган идорадан кўра¸ қўшиқчиларга интизомий чора кўрадиган назорат идорасига айлангани танқид қилинди. Шунингдек бирлашмада порахўрлик¸ таъмагирлик холатлари борлиги ҳам текширувда айтилди. Масалан

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Хоразм вилояти бўлими директори лавозимида ишлаган Ўктам Аҳмедов лицензия бериш эвазига санъаткорлардан пора талаб қилгани ортидан суд қарори билан озодликдан маҳрум қилинган. Бундай мисоллар кўп¸ дейди суҳбатдош.

Маданият вазирлиги белини бақувват қилиш истаги

Маданият мавзуларидаги мақолалари билан танилган тошкентлик мунаққид Акмал Ризевнинг Озодликка айтишича¸ Мирзиëев “Имкон қадар ўзини маблағ билан таъминлаб бюджет зиммасидаги юкни енгиллаштирадиган” тузилмалар тарафдори:

-Ўзбекистон шоу-бизнесининг солиқ идораларида қайд қилинмаган айланмаси улкан рақамларни ташкил қилади. Ўзбекнавога камтаргина сумма тўлаб лицензия олган 3000дан зиëд қўшиқчининг тўйлардан келадиган даромади солиқдан четда қолмоқда. Улар орасида бир тўйга 10 минг ва 7 минг доллар оладиганлар ҳам бор. Бу соҳани кўланкадан чиқарилса бюджет бойийди. Бу бир тарафи. Яна бир тарафи иккита бирлашма ўрнига битта бирлашма бўлади. “Ўзбекнаво” билан “Ўзбекрақс”идорасидаги бюджетдан ойлик оладиган мулозимлар камаяди¸ деган Ризаев “Маданият вазирлигини бюджетдан ташқари молиялаш учун тузиладиган жамғарма” идеясига ҳам изоҳ берди:

-Сал олдин гонорари кўп қўшиқчилар ҳайрия қилсин деган овозалар тарқалди. Бу бежиз эмас. Жамғарма ҳам шу мақсадда тузиляпти. Номи чиққан санъаткорлар ва бизнесменлар ихтиëрий –мажбурий деган принципда жамғармага пул ўтказиши кўзда тутилган. Яқин ўтмишимизда бундай тажриба бўлган дейди суҳбатдош.

Ризаевнинг айтишича¸ Тошкент шаҳар ҳокимияти ихтиëрида бўлган “Истиқлол” ва “Туркистон” санъат саройлари Маданият вазирлиги тасарруфига ўтказилиши ҳам янги тузиладиган вазирликнинг “Шоу-бизнес индустриясидан пул топиши” учун омилдир.

Фармонга кўра¸ бу икки сарой ўзини эплаб кетгунига қадар “уларнинг ўз даромадлари билан қопланмайдиган қисмидаги харажатларини молиялаштириш учун республика бюджетидан маблағ ажратилади”

Шунингдек Халқ таълими вазирлигига қарашли Р.Глиэр ва В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган академик мусиқа лицейлари, Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи, 301 болалар мусиқа ва санъат мактаби Маданият вазирлиги тизимига ўтказилиши ҳам¸ Ризаев назарида “кучли маданият вазирлиги” тузиш истагидан келиб чиққан.

-Фармонга кўра маданият соҳаси вазирлик бўлади ва спорт соҳаси қўмитага айланади. Фармон асаосан кучли ва ўзини молия билан таъминлайдиган маданият вазирлиги тузиш ҳақидаги ҳужжатга ўхшайди. Бюджет боқимандаси бўлиб қолган “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, “Артмадад” махсус жамғармаси ва “Ўзбекмузей” идораларини тугатилиши ҳам бунга мисол дейди суҳбатдош.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги 2004 йилнинг сентябридан буён Маданият ишлари вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси негизида фаолият юритиб келаётганди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги иккига ажратилиб, эндиликда уни негизида бир ой ичида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил этилиши президент фармонига кўра Бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG