Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:45

Гулнора Каримова юзлаб миллион долларни қаердан олганини ошкор қилмади


Bilan журнали тахминларига кўра, Гулнора Каримованинг биргина Швейцариядаги бойлиги 900 миллион франк (950 миллион АҚШ доллари)га тенг.
Bilan журнали тахминларига кўра, Гулнора Каримованинг биргина Швейцариядаги бойлиги 900 миллион франк (950 миллион АҚШ доллари)га тенг.

Ўтган ҳафта Bilan журналига берган интервьюсида Гулнора Каримова ўз бойликлари манбаси ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирган. Президент қизидан интервью олган Bilan мухбири Луижино Канал Би-Би-Си билан суҳбатда баъзи тафсилотларни ошкор қилди.


Суҳбат асносида Каримова хоним Ўзбекистон телекоммуникация тизимидаги коррупцияга алоқадорлиги ҳақидаги даъволарни рад этган.

Луижино Каналга кўра, Швейцариянинг энг бой одамлари рўйхатида бўлган Гулнора Каримова ўз бойликларининг манбаси ҳақидаги саволларни 2009 йилдан бери жавобсиз қолдириб келмоқда.

Гулнора Каримова 2009 йилда ўзини Швейцариянинг энг бой одамлари рўйхатига киритмасликни сўраб, Bilan журналига мурожаат қилган.

Журналист Луижино Канал Гулнора Каримова билан суҳбат қандай амалга ошгани ҳақидаги тафсилотларни Би-би-сига гапириб берди.

Bilan журнали ҳамкори бўлган Луижино Канал 2009 йилдани бери Гулнора Каримова билан суҳбатлашишга уриниб келганини айтган.

Bilan журнали 2000 йилдан бошлаб Швейцариянинг "300 энг бой шахси" деган рўйхат тузиш асносида Ўзбекистон президентининг икки қизига оид мол-мулкларнинг Швейцарияда мавжудлигини аниқлаган.

Мол-мулк соҳиби сифатида Женевада қайддан ўтган Ўзбекистон президентининг қизлари опа-сингил Каримовалар "300 энг бой шахс" деган рўйхат талабларига мос тушган.

Журнал қоидасига кўра, рўйхатга тиркаладиган шахслар билан алоқа ўрнатиш лозимдир.

Шундан кейин Bilan журнали ҳамкори Луижино Канал Гулнора Каримова билан уч марта учрашиб, суҳбатлашган.

Ўтган йили Швейцария ва Швецияда маблағларни ноқонуний ўзлаштириш ва пул ювиш машмашаси кўтарилганида Луижино Канал Гулнора Каримова билан боғланиб, масалага унинг муносабатини ўрганишга уринганини айтади.

Бундан бир неча ҳафта олдин Гулнора Каримова интевью беришга рози эканлигини билдириб, Bilan журналистини Тошкентга таклиф қилади.

Пировардида, томонлар интервьюни электрон почта орқали ўтказишга келишиб олади.

Bilan журнали ҳамкори Луижино Канал Гулнора Каримовага Швейцария расмийлари тергов қилаётган пул ювишга доир жиноий иш, Societe Suisse банкига қўйилган пуллар, МТС, Швециянинг TeliaSonera мобил ширкатининг Ўзбекистонда пора бергани билан боғлиқ жанжал хусусидаги қатор саволларни француз тилида жўнатади.

Гулнора Каримова бу саволларнинг фақат тўрттасига электрон почта воситасида¸ француз тилида жавоб йўллайди.

"Биз эса охир-оқибат атиги учта саволга жавобни чоп этдик, чунки жавоблар жуда узун бўлган. Биз жавобларнинг баъзи қисмларини узун ва қизиқарсиз бўлгани туфайли қирқишга мажбур бўлдик. Биз чоп этган жавоблар - жавобларнинг энг аҳамиятли, энг қизиқ жойларидир"¸ деб таъкидлади Bilan мухбири Луижино Канал Би-би-си билан суҳбатда.

Гулнора Каримова ўз даромадларининг манбаи борасида Bilan мухбири Луижино Каналнинг саволини жавобсиз қолдирган.

Bilan мухбири Луижино Каналнинг Би-Би-Си билан суҳбатда айтишича, Каримованинг жами бойлиги 900 миллион швейцар франки (950 миллион АҚШ доллари) атрофида, деб чамаланган.

Шу ҳафта бошида Ўзбекистон президентининг қизи Bilan журналига берилган интервьюнинг тўлиқ кўриниши, деб тақдим қилинган матнни ўз блогида эълон қилди.

Мухтарам муштарий, Сизда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага савол бериш имкони бўлганида, нима ҳақда сўраган бўлар эдингиз?
XS
SM
MD
LG