Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:03

Тошкентда педофил-маньяклар қидирилмоқда


Тошкент шаҳрида педофил-маньяклар деб гумон қилинаётганларнинг фотороботлари эълон қилинган.
Тошкент шаҳрида педофил-маньяклар деб гумон қилинаётганларнинг фотороботлари эълон қилинган.

Тошкент милицияси уч йигитдан иборат педофиллар гуруҳини қидирмоқда. Педофиллар пойтахтда ёш болаларни ўғирлаб, зўрлагани ва айрим ҳолатларда ўлдиргани айтилаяпти.


Тутқич бермас педофиллар

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасидаги исмини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, уч педофилни ўтган йилнинг кузидан буён қидириш давом этмоқда.

"Уларни қидириш кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда. Роса қидиряпмиз. Барибир тутамиз. Бу гуруҳ 2012 йилнинг кузида пайдо бўлди. Улар бир қанча ёш болаларни ўғирлаб, зўрлаган. Ўлим ҳолатлари ҳам бўлган. Улар қўлидан қочиб қутилган болаларнинг кўрсатмалари асосида бу гуруҳ аъзоларининг фотороботлари ишлаб чиқилган", деди манба.

Тошкент ИИБдаги манба педофиллар гуруҳи томонидан содир қилинган жиноятлар кўламини очиқламади.

Лекин манбага кўра, педофиллар гуруҳи ҳали ҳам болаларни ўғирлаб, зўрлашни давом эттираяпти.

"Афсуски, улар ҳали ҳам ўз фаолиятларини тўхтатгани йўқ. Биз уларга қарши курашга мактаб ва маҳаллаларни ҳам жалб қилдик", деди манба.

Педофиллар сценарийси

Миробод туман ИИБнинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, педофиллар ёш болаларни махсус сценарий асосида ўғирлаяпти.

"Уларнинг сценарийси жуда пухта. Машинада мактаблар яқини ва маҳаллалар четидаги йўлларда юриб, ёлғиз келаётган болаларни пойлашади. Кейин машинанинг ойнаси ёки эшигидан кучук ёки мушук боласини атайлабдан йўлга қўйиб юборишади. Кейин боладан уни тутишга ёрдам беришни сўрашади. Бола ҳайвонни тутиб, машинага яқинлашгач, уни машинага босиб ўғирлашади", деди милиция ходими.

Пойтахтдаги мактаблардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ўқитувчисига кўра, ота-оналар ўртасида педофиллардан сақланиш борасида суҳбат ўтказилган.

"Буни болаларнинг ўзи билан гаплашсак, улар ваҳимага тушиб қолиши мумкин. Боланинг руҳияти бу каби гапларни кўтара олмайди. Шунинг учун биз ота-оналарга болаларни ёлғиз қўймаслик борасида тушунтирдик", деди мактаб ўқитувчиси.

Тошкентнинг Бўстон маҳалласи фаолларидан бирининг айтишича, маҳалла аҳли орасида болаларнинг педофиллар қурбонига айланмаслиги учун қатор тадбирлар кўрилаяпти.

- Мактабда, кўчалар кесимида, кўп қаватли уйларимиз атрофида ëш оилаларимиз билан суҳбатлар қилиб, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳар битта оилани огоҳликка чақириш каби тушунтириш ишлари олиб бордик. Кичкина болаларни қўйиб юбориш автобусларда, мактабларга, узоқроқ мактабларга бориш ëки метроларга тушиб кетишларига огоҳ бўлишларини айтдик. Имкон даражасида бирор катта одамга ëки кўчада масалан уч-тўрттаси кетадиган бўлса, оналар билан келишган ҳолда, масалан тўртта-бешта она келишиб олиб галма- гал навбатчилик билан болаларни кузатиб боришлари керак. Ўшанда ҳафтада бир марта айланади, болаларни олиб бориб олиб келиш тўғрисидаги тушунчаларни бердик. Яъни бир огоҳлантириб қўйдик,- деди маҳалла фаоли.

"Педофиллар ҳам амнистияга тушади"

Ўтган йилнинг охирида Сирдарё вилоят жиноят ишлари бўйича суди 8 ёшли қизнинг номусига тегиб, кейин уни бўғиб ўлдирган жиноятчини 25 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Лекин Ўзбекистонда сиёсий маҳкумлардан фарқли равишда бошқа оғир жиноятчилар қатори педофиллар ҳам амнистияга тушиб, озодликка чиқиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йили Ўзбекистонда эълон қилинган сўнгги амнистиядан ҳимоясиз қизалоқни бир неча бор зўрлаган ва айби судда тасдиқланган 45 яшар Рустем Ибрагимов ҳам баҳраманд бўлган эди.

Одатда амнистия туфайли маҳкумлар озодликка чиққач, жиноятлар кўлами ошиши кузатилади.

Ўзбекистонда педофиллар томонидан қилинган жиноятлар борасида статистик рақамлар шу пайтгача эълон қилинмаган.

Қўшни Қирғизистонда эса сўнгги уч йил ичида педофиллар томонидан болаларнинг зўрланиш ҳолати икки баробарга кўпайгани расман хабар қилинди.

Айни пайтда Қирғизистон парламенти балоғатга етмаган болаларни жинсий зўрлаган шахсларни бичиш ва уларга нисбатан қамоқ муддатини узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
XS
SM
MD
LG