Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:54

Ўзбекистон Исломий ҳаракати Суриядаги жангларга аралашмаслигини билдирди


Ўзбекистон Исломий ҳаракати Суриядаги жангларга қўшилмагани ва бундай режаси ҳам йўқлигини билдирди. Сўнгги бир-неча ойи ичида Ўзбекистон Исломий ҳаркати Покистонинг Кветта ва Курам минтақаларида ўнлаб шиа мусулмонларининг ўлимига сабаб бўлган камида икки ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Ҳаракатнинг расмий сайтидан олиб ташланган бундай баёнотлардан бирида шиаларга қарши ҳужумларни уларнинг Покистон армиясида хизмат қилишга мойиллиги билан оқлашга уринилган.

Айни пайтда сунний ва шиа мусулмонлари ўртасидаги уруш маконига айланган Суриядан келаётган хабарларга қараганда, исёнчи кучлар сафида Ассад ҳукуматига қарши курашаётганлар ва ҳатто қурбонлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Турк матбуоти тарқатган хабарларда айтилишича, Сурияда Башар Ассад ҳукуматига мухолиф бўлган исёнчи гуруҳлар сафида икки йил жанг қилган 36 ёшдаги ўзбек қўмондони Бахтиёр Мирзабей 17 май куни жанг майдонида ўлган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Озодликка билдиришича, Сурияда жанг қилаётганлар орасида ҳаракат аъзолари йўқ. Ҳаракат бу минтақадаги зиддиятга аралашмасликка қарор қилган.

Ҳаракатнинг расмий сўзчиси Яҳё Ҳикматий Озодликка юборилган аудио жавобида Суриядаги жангларга аралашиш "АҚШ найрангига учишни англатиши"ни айтди.

“АҚШ ҳар доимгидек мужоҳидлар қўли билан ўз рақибларини йўқотмоқчи. Кейин эса қурбонлар бериб, заҳматлар чеккан мусулмонларни зинҳор ҳукуматга келтирмоқчи эмас. Бундан ташқари, Афғонистон жиҳодини ҳам шу билан сусайтирмоқчи. Биз бу кофирларнинг қўлида фигура бўлмаймиз. Бизда жиҳодий амалиëтларни Сурияда давом эттириш деган гап йўқ. Ўзбекистон Исломий ҳаракати минтақадаги курашини давом эттирмоқда”, дейилди ЎИҲ йўллаган аудиожавобда.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг бугунги кураши асосан Афғонистон хавфсизлик кучлари ҳамда Покистон армиясига қарши қаратилган.

Пентагон томонидан молияланадиган “Centralasiaonline” нашрига сўзлаган Исломободнинг Қабилалар бошқаруви остидаги ҳудудлар бўйича федерал таҳлил маркази (ФУТП) эксперти Мансур Мақсудга кўра, етакчиси ўлимидан сўнг 250 нафарга қадар озайиб кетган ЎИҲ сафи ҳозирга келиб 3-4 минг нафарга кенгайган ва янги амир Усмон Ғозий бошчилигидаги ҳаракатнинг минтақага таҳдиди яна ошиб бормоқда.

Ҳаракатнинг ҳозирги етакчиси Усмон Ғозий 2012 йилнинг августида амир этиб тайинлангани эълон қилинган. Ундан аввал ҳаракатни бошқарган Усмон Одил 2012 йилнинг апрелида Покистонда учувчисиз учқич томонидан уюштирилган ҳужумида ўлдирилган эди.

Усмон Одилга қадар эса Ўзбекистон Исломий ҳаракатига Тоҳир Йўлдош раҳбарлик қилган. У ҳаракатга1991 йилда асос солган. 1996 йилга келиб ташкилот Афғонистондан қўним топган ва расман исломий ҳаракатга айлантирилган.

2009 йилда Тоҳир Йўлдош ракета ҳужумида оғир жароҳат олиб ўлганлигини ҳаракат бир йил давомида инкор қилиб келган.

Келаси йилда АҚШ ўзининг асосий жанговар қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиши Марказий Осиё давлатлари ва ҳусусан Ўзбекистонда янги ҳавотирларга сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG