Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:00

Лола ўзбеклар учун тақиқланган Ҳэллоуинни байрам қилмоқда


Ўзбекистонда Ҳеллоуин 2012 йилдан бери норасмий тақиқ остида.
Ўзбекистонда Ҳеллоуин 2012 йилдан бери норасмий тақиқ остида.

31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси ғарб дунёси Ҳэллоуин байрамини нишонлайди. Ўзбекистонда Ҳэллоуин байрамига норасмий тақиқ қўйилган бир пайтда мамлакат президентининг кенжа қизи Лола Каримованинг Лос Анжелесдаги уйи байрамона безатилган.

Ҳэллоуинни нишонлаш 90-йиллар охирларидан бошлаб ўзбекистонлик ёшлар орасида урф бўлган эди.

Лекин, 2012 йилдан буён Ўзбекистонда ушбу байрамни нишонлашга норасмий тақиқ бор. Тошкентдаги “Карнавал” байрам тадбирларини ташкиллаштириш маркази вакилига кўра, давлат тарафидан норасмий тарзда жорий қилинган тақиқни ҳеч ким буза олмайди, дейди.

“Бизда Ҳэллоуинни нишонлаш тақиқлаб қўйилган. 14 феврал севишганлар кунини нишонлашга ҳам тақиқ бор. Биз истаган байрамда карнаваллар уюштиришимиз мумкин. Лекин, айрим чекловлар борки, биз шу чекловларни четлаб ўтолмаймиз”, дейди исми сир қолишини сўраган байрамлар ташкилотчиси.

Тошкентдаги кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган ресторан эгалари бу йил ҳам Ҳэллоуин либосларида келган мижозларни ортга қайтариб юборишга мажбур.

- Уч-тўрт йил олдин бизда Ҳэллоуин кечалари бўлар эди. Ёшларимиз ҳар хил маскаларни кийиб, ўйин-кулги қилиб кетишарди. Ҳозир мумкин эмас, бизга ёт байрам, буни нишонламаслик керак, дейишяпти. Бизга қаттиқ топширилган, кастюмларни кийиб келганларни киритмаймиз, чунки бугун кечқурун махсус рейдлар ҳам ўтказилиши ҳақида гап-сўзлар бор,- дейди исми сир қолишини истаган тошкентлик ресторан эгаси.

Озодлик мухбири Тошкентдаги бошқа ресторан ва кўнгилочар марказларига қўнғироқ қилиб кўрди.

- Бизда Ҳэллоуин тақиқланган. Туғилган кун ёки бошқа тадбирлар мумкин, лекин Ҳэллоуин мумкин эмас - дейди Тошкентдаги “Диёр” ресторани ходими.

Тақиққа қарамай ўзбекистонлик талабалар Ҳэллоуинни байрам қилиш аҳдидан қайтмаган. Ўзини Мадина деб таништирган тошкентлик талаба 31 октябрь кечаси Ҳэллоуинни курсдошининг уйида нишонлашга қарор қилганликларини айтади.

- Бу байрамни динимизга, маданиятимизга зид дейишади. Лекин, нима қилайлик, бу байрам бизга ёқса, биз учун жуда қизиқ бўлса. Масалан, янги йилда арча безатамизку. Нимага арча мумкину, Ҳэллоуинда маскарад қилиш мумкин эмас. Менинг дугоналаримга ҳам шу байрам ёқади. 14 феврал севишганлар кунини ҳам ҳар йили байрам қиламиз. Байрамни тақиқлашлари мумкин, лекин севишни тақиқлашолмайдику,- дейди Мадина.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги расмийлари Ҳеллоуиннинг тақиқланишини, бу байрманинг ўзбеклар миллий анъаналарига, урф-одатларига ёт эканлиги билан изоҳлашади.

- Бошқалар нишонлайверсин, лекин Ўзбекистонда нишонланмайди бу байрам,- деди вазирлик расмийси.

Лола Каримованинг Лос Анжелесдаги уйи Хэллоуин арафасида скелетлар билан безатилган.
Лола Каримованинг Лос Анжелесдаги уйи Хэллоуин арафасида скелетлар билан безатилган.

Ўзбекистонда Ҳэллоуин байрамига қўйилган норасмий тақиқ мамлакат президентининг қизи Лола Каримовани ҳам ушбу байрамни нишонлаш аҳдидан қайтаролмаган.

Uznews.net мухбири Қудрат Бобожонов Ҳэллоуин арафасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримованинг Лос Анжелесдаги уйи атрофи скелетлар ва одам бошчаноқларидан иборат олабўжилар билан безатилганини кўрди.

- Анъанага кўра, Ҳэллоуин безакларини уй сохиби безатади. Шундан келиб чиқиб буни Лоланинг ўзи ёки қизлари қилган бўлиши мумкин. Тўғри, байрам қилиш уларнинг ҳаққи, Америка Қўшма Штатларида Ҳэллоуинга тақиқ йўқ (кулади). Лекин, Ўзбекистон расмийлари Ҳэллоуин ўзбеклар зеҳниятига зид десаю бу мамлакатнинг ЮНЕСКОдаги элчиси, Ўзбекистоннинг расмий позициясини тамсил этувчи одам ўз уйини шу байрам безаклари билан безаб қўйса, бу қайси мантиққа тўғри келади, бу парадокс. Ҳэллоуин Лолага мумкину, ўзбекистонликларга мумкин эмасми, деган саволни ўртага чиқаради бу,- дейди Қудрат Бобожонов.

Лос Анжелесдаги Лола Каримовага тегишли уй олдига Ҳеллоуин атрибутларини ким қўйгани Озодликка маълум эмас, лекин одатда бундай безаклар уй соҳиблари томонидан ташкил қилинади.

Hаlloween ("All Hallows' Evening") қадим кельтларнинг ёвуз кучларни ҳайдаш маросими бўлиб, ҳар йили 31 октябридан 1 ноябрига ўтар кечаси ўтказилади.

Ривоятларга кўра, шу куни ўлган одамларнинг руҳи ерга қайтиши мумкин. Шу боис қора тунда одамлар уйлари атрофига ичига ёниқ шам солинган ошқовоқларни қўйиб чиқадилар.

Ичи кавлаб олинган ошқовоқлар кўз, бурун ва бошқа турли шаклларда ўйилади.

Ўзбекистонда ҳам бу байрам кенг омма орасида урф бўла бошлаши ортидан расмийлар Ҳеллоуин ва насроний байрамларни нишонлашни тақиқлаб қўйди.

Икки йилдан буён ўзбекистонлик талаба ёшларга 14 февраль – Авлиё Валентин севишганлар кунини нишонламаслик қатъиян тавсия қилиниб келинмоқда.

Ғарблик ёшлар кенг нишонлайдиган, мустақиллик йилларида ўзбекистонлик ёшлар орасида ҳам урф бўлган Авлиё Валентин кунида йигитларнинг қизларга гул тухфа қилиши тақиқланди.

XS
SM
MD
LG