Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:10

"Норвегияда бошпана олиш учун ёлғон кўрсатма берганлар кўп"


Озодликка маълум бўлишича, бу йигитлар ҳозирда Тошкент вилояти судида судланмоқда.
Озодликка маълум бўлишича, бу йигитлар ҳозирда Тошкент вилояти судида судланмоқда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон телевидениесида намойиш қилинган “Хиёнат” кўрсатуви қаҳрамонларига доир янги тафсилотлар аниқланди. Ўзбекистонга бўҳтон ағдариб, Норвегияда бошпана олишга уринаётгани иддао қилинган ўзбекистонликларга бағишланган фильм иштирокчилари шу кунларда суд қилинаётгани тўғрисида Озодлик манбаси хабар қилди. Айни пайтда, бу одамларни шахсан таниган ўзбекистонлик уларга фильм давомида қўйилган диний экстремизм ва бесоқолбобзлик айблари ёлғон экани билдирди, лекин шу билан биргаликда улар Норвегиядан бошпана олиш учун нотўғри кўрсатма берганликларини тан олди. Норвегия миграцион тизими билан таниш мутахассис “Хиёнат” фильми бу мамлакатдан ўзбекистонликларнинг депортация қилинишга тўсиқ ясаши мумкинлигини айтмоқда.

"Ўзбекистон" телеканали 11 декабрь куни намойиш қилган "Хиёнат" фильмида Норвегияда қочқинлик мақомида юрган ўзбекистонликлар диний эксртемистик оқимларга қўшилиб кетаётгани, ҳатто динни ниқоб қилиб олиб, бесоқолбозлик билан шуғулланаётганига доир иддаолар илгари сурилади.

Озодликка душанба куни келган қисқа мактубда айтилишича, 35 дақиқалик фильм қаҳрамонлари ҳозирда Тошкент вилояти судида Ўзбекистон жиноят кодексининг 159-, 244- ва 246- моддалари билан айбланиб суд қилинмоқда.

“Судда айбланувчилар тергов пайтида ўзларига нисбатан қаттиқ қийноқ қўлланилганини айтса ҳам, суд буни инобатга олмаяпти. Улар Ўзбекистонга келганларидан бери бирор марта яқинлари билан учраштирилмаган. Тергов пайтида адвокатлар қатнашмаган, адвокатлар фақат суд бошланганида қўшилди”, дея билдирди Озодлик манбаси.

Шунингдек, мактубда ёзилишича, уларга қўйилаётган айбловларнинг барчаси асоссиздир: “бу йигитлар Норвегияга тирикчилик учун борган, давлатга қарши иш қилишмаган. Фильмда уларга қўйилган айбловлар ҳам далилсиз. Бу фильм болалар МВД подавлида ўтирган пайтда, ёз ойларида олинган. Суд бошланганига энди 1 ойдан ошди”, деб ёзди муштариймиз.

Озодлик “Хиёнат” фильмига олиб чиқилган йигитларни шахсан таниган, ҳозирда Норвегияда яшаб турган ўзбекистонлик билан гаплашишга муваффақ бўлди. Суҳбатдошимиз ҳам Норвегия миграция хизмати томонидан депортация қилиниш хавфи остида қолаётгани боис исми ва овозни очиқламаслигимиз шарти билан Озодликка гапирди.

Бу суҳбатдошимиз ҳам, шу йилнинг январь ойида Норвегия расмийлари томонидан Ўзбекистонга депортация қилинган йигитларнинг диний оқимга аралашганлиги ёки бесоқолбозлик билан шуғулланганига доир иддаолар мутлақо асоссиз эканини айтади.

Леикн шу билан биргаликда, унинг айтишича, “Хиёнат” фильмида илгари сурилган уларнинг қочқинлик мақомини олиш илинжида Норвегия миграция хизматига ёлғон кўрсатма бергани бор гап.

“Бу ерга келган ўзбекларнинг кўпчилиги ўзининг эртаги бор. Улар асосан тирикчилик, оила боқиш учун келади. Лекин бу гапда жон бор, улар келган пайтда ёлғон кўрсатма беришган”, дейди Норвегиядаги ўзбекистонликлардан бири.

Кўп йиллардан бери Норвегияда муҳожиратда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Евгений Дьяконов бу мамлакатда мигрантларга кўмаклашиш билан ҳам шуғулланган. Дьяконовнинг айтишича, ҳақиқатан Норвегияга келган юзлаб ўзбекистонликларнинг аксари оддий меҳнат муҳожирларидир. Улар бу мамлакатда узоқ вақт қолиш мақсадида бошпана сўраб, мурожаат қилади, бунинг учун эса мутлақо йўқ муаммоларни ўйлаб топади, дейди ҳуқуқ фаоли.

- Ростини айтиш керак, бу ерга келаётган ватандошларимизнинг катта қисми меҳнат муҳожирларидир. Лекин ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда реал муаммоларга дуч келганлар ҳам бор. Бу ерга келган гастарбайтерлар, ватанида ҳеч қандай муаммоси бўлмаса-да, бу ерда қолиш учун Ўзбекистонда таъқиб қилинаётгани тўғрисидаги чўпчакни тўқийди. Лекин Норвегия расмий идораларида ҳам аҳмоқлар ўтирмайди, улар ҳам эртакни ҳақиқатдан ажратишни билади. Бу одамлар депортация қилинганидан кейин Ўзбекистонда ҳақиқий муаммолари бошланади. Чунки Норвегия ёки Швецияда бўлиб, бошпана сўраганлар дарров МХХ назарига тушади, чунки уларни диндорлар ёки мухолифат вакиллари билан алоқа қилганликда гумон қила бошлашади, дейди Дьяковнов.

Ўтган ҳафта намойиш қилинган “Хиёнат” фильми қаҳрамонлари Зафар Каримов, Даврон Раҳмонов, Аҳмаджон Холиқов, Асадулла Ризқиев, Шуҳрат Илҳомовларнинг бошпана сўрови Норвегия расмийлари тарафидан икки марта кўриб чиқилиб, рад этилиши ортидан шу йилнинг бошида Ўзбекистонга депортация қилинган. Уларни шахсан таниган ўзбекистонликнинг айтишича, бу йигитлар билан биргаликда жами 36 киши Ўзбекистонга қайтариб юборилган.

Норвегия Миграция хизматидаги Озодлик манбасининг айтишича, шу кунларда 600га яқин ўзбекистонликнинг қочқинлик мақоми берилишини сўраб қилган мурожаати қондирилмаган ва уларни Ўзбекистонга қайтариб юборишга тайёргарлик кўрилаётган бўлган. Лекин “Хиёнат” фильми “Ўзбекистон” телеканали томонидан намойиш қилингани бу депортация жараёнининг тўхтатилишига асос бўлиши мумкин, дейди Озодлик манбаси.

Норвегия миграция тизимидан яхши хабардор Евгений Дьяконов ҳам бу ишларнинг кўпчилиги қайта кўриб чиқилиши мумкин, деган фикрда.

- Тажрибадан келиб чиқиб шуни айтишим мумкин, Норвегия расмийлари кўпчилик ишларни қайта кўриб чиқиб, аппеляцияга топширади, менимча. Албатта, Норвегияда жиноятга қўл урганлар, қотиллик, ўғрилик, жинсий тажовуз қилганлар қайтариб юборилади. Лекин бу ишларнинг аксарини қайта кўриб чиқишлари мумкин, деб ўйлайман. Уларга сиёсий бошпана беришга асос бўлмаса ҳам, гумманитар сабабларга кўра уч йилга бу ерда қолдириб, кейин янги қарор чиқаришлари мумкин. Лекин бундайлар орасида Ўзбекистонда ҳатто оғир жиноят содир этганлар ҳам Норвегияда қолиб кетиши мумкин. Чунки бу фильм орқали Ўзбекистон қийноқ қўллайдиган мамлакат эканини яна бир бор тасдиқлади, дейди Евгений Дьяконов.

XS
SM
MD
LG