Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:01

Ўзбек мухолифати парламент сайловини бойкот қилишга чақирмоқда


Ўзбек сиёсий мухолифатининг чет эллардаги ташкилотлари Интернет орқали ўзбекистонлик сайловчиларни парламент сайловини бойкот қилишга чақирмоқда.

Ҳатто ЕХҲТ ҳам 21 декабрга белгиланган сайловни “рақобатчилик муҳити йўқ шароитда ўтказиладиган сайлов”, деб баҳолаб, Ўзбекистонга тўлақонли кузатувчилар миссиясини эмас, балки фақат баҳоловчилар гуруҳини юборган бир шароитда, ўзбек мухолифатининг сайловни бойкот қилиши катта янгилик эмас.

Лекин ташкилотлар эълон қилган бойкотлар шаклида муайян фарқлар бор.

Бойкот-инкор

21 декабрда ўтказиладиган сайловни бойкот қилиш чақириғи битилган баёнотлардан бири 16 декабрь куни Ўзбекистон халқ ҳаракати расмий сайтида пайдо бўлди.

Баёнот мазмуни унинг биринчи жумласиданоқ тушунилади:

“Худди 20 йил давомида бўлгани каби Ўзбекистонда 21 декабрга белгиланган парламент сайловлари безбетларча қилинаётган навбатдаги кўзбўямачиликдир”, деб бошланади Ўзбекистон халқ ҳаракатининг “Қўғирчоқлар сайлови ҳақида”, деган остлавҳали баёноти.

“Ўзбекистон халқ ҳаракати” Муассислар мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳ ҳаракат эълон қилган бойкотнинг шакли тўғрисида Озодликка бундай деди:

- Биз бугунги вазиятда сайлов куни умуман уйдан чиқмай, фуқаронинг овоз бермаслик ҳақидан фойдаланишини бойкот деб тушунаяпмиз. Чунки сайлов участкасига бориб, чизиб-чизмагани билан, ҳукумат, барибир, ўзининг айтганини қилиб, шу пайтгача ўтган сайловларни сохталаштиргани каби сохталаштиради ва натижа ўзгармай қолаверади. Аммо, фуқаролар сайловга бормаса, кўчага чиқмаса, уларнинг сайловга қатнашмагани ҳеч йўқ зоҳиран кўринади, дейди Муҳаммад Солиҳ.

Оқ бойкот

Бирдамлик демократик халқ ҳаракати ўзининг сайловни бойкот қилиш чақириғини расмий сайтида эълон қилганига бир неча кун бўлди.

Бу ташкилот масалага ижодий ёндошиб, ўз чақириғини анимацион видеороликка жойлаган:

3 ярим дақиқали роликда дастлаб улкан бир шаҳарнинг тепаликдан олинган панорамаси, кадрнинг ўнг-паст бурчагида телевизор ва ундаги бошловчининг расми кўринади. Бошловчи тилидан чиқаётган “Ҳамма сайловга”, “Яшасин Ислом Каримов” каби хитобларнинг ёзуви бирин-кетин кўринаверади.

Кейинги кадрда сайлов участкаси жойлашган бинони ва овоз бериш учун навбатда турган сайловчиларни кўрамиз.

Кадр алмашади ва олдинги планда турганлар ўз позицияларини билдира бошлайдилар. Мультфильм қаҳрамонларидан бири бундай дейди: “Мен ушбу сохталаштирилган сайловни очиқ бойкот қилишдан қўрқаман. Аммо норозиликни оқ рўмол ўраб билдираяпман”.

Бирдамлик демократик халқ ҳаракатининг анимацион видеоролигида шу тариқа аҳолининг турли типажлари бўлажак сайловга ўз муносабатини билдирган.

Бирдамлик демократик халқ ҳаракати лидери, ўзбекистонлик сиёсий муҳожир Баҳодир Чориев Озодлик саволларига жавоб бераркан, бойкотнинг шакли ҳақида бундай деди:

- Шакли шундай: истаган киши эгнига оқ кийим –у кўйлак бўлиши мумкин ёки шарф бўлиши мумкин – кийиб, сайлов куни овоз бериш участкасида бюллетенни олиб, ундаги номзодларнинг барчасини ўчириб ташлайди, яъни биз бюллетенларни яроқсиз ҳолга келтиришга чақираяпмиз, деди Баҳодир Чориев

Light бойкот

Лидерлари чет элларда яшайдиган Ўзбекистон халқ ҳаракати ва Бирдамлик ҳаракатидан фарқли ўлароқ, Бош котиби Тошкентда яшайдиган Эрк демократик партияси сайловни бойкот қилиш чақириғи битилган алоҳида бир ҳужжат эълон қилгани йўқ.

Эрк демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов Озодлик саволларига жавобан, “аввалги сайловларда махсус мурожаат ва баёнотлар билан чиққанмиз, ҳатто президентга мурожаат қилиб, “Сиз амалдан маданий равишда кетишга қодир эмассиз, келинг, биз Сизга ёрдам берайлик кетишингизга”, деганмиз, лекин ҳеч қандай фойдаси бўлмади”, деди.

Шунга қарамай, Эрк демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг айтишича, 21 декабрда ўтказиладиган сайловга нисбатан партиянинг позицияси шаклланган:

- Бойкотни аввалги сайловларда бошқачароқ – сайловга қатнашмаслик, бормаслик, деб талқин қилар эдик. Энди эса, фаол қатнашишга чақирмоқдамиз. Фақат, номзодлар орасида бирон бир маъқули бўлса, ўшанга овоз бериб, қолганларни чизиб ташлаш керак, деди Отаназар Орипов.

Ўзбекистон парламентига сайловлар 21 декабрда бўлиб ўтиши керак. Таҳлилчиларга кўра, сайловда иштирок этаётган номзодларнинг биронтаси ҳам жорий ҳукумат сиёсатидан фарқ қиладиган қарашга эга эмас. Сайловга қатнашаётган сиёсий партияларнинг биронтаси ҳам ўзини ҳукуматга мухолиф деб ҳисобламайди.

XS
SM
MD
LG