Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:35

Шаҳрисабзда 1 та "испарапка" учун 1 та дарахт ўтқазишни талаб қилмоқдалар


Шаҳрисабзни ободонлаштириш мақсадида кесиб ташланган дарахтлар ўрнига янгиларини ўтқазиш ҚФЙларга юкланди.
Шаҳрисабзни ободонлаштириш мақсадида кесиб ташланган дарахтлар ўрнига янгиларини ўтқазиш ҚФЙларга юкланди.

Шаҳрисабз шаҳридаги маҳалла ва Шаҳрисабз туманидаги қишлоқ фуқаролар йиғинларига маълумотнома сўраб келган ҳар бир фуқарога маълумотнома эвазига шаҳарга битта кўчат ўтқазиб бериш ёки шу кўчатнинг пулини тўлаш шарти қўйилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган шаҳрисабзлик манбага кўра, у биометрик паспорт олиш учун талаб қилинадиган маълумотнома сўраб, Чоршанбе маҳалла фуқаролар йиғинига борганида ундан ҳам битта кўчат ўтқазиш талаб қилинган:

“Кеча биометрик паспорт масаласи буйича справка олиш учун Чоршанбе маҳалла фуқаролар йиғинига борган эдим. Улар менга Шаҳрисабз шахрида ободонлаштириш ишлари кетаётгани сабабли, ҳар бир справка учун мурожаат қилганларга биттадан дарахт кўчати ўтқазиб бериш мажбурий эканлигини айтишди. Акс ҳолда печать уриб берилмас эмиш”, дейди Озодликка ёзган мактубида шаҳрисабзлик манба.

Чоршанбе маҳалла фуқаролар йиғинининг ўзини Содиқ деб таништирган маслаҳатчиси фуқаролар йиғинлари шаҳарни ободонлаштиришда фаол иштирок этаётганини тасдиқлар экан, бироқ бу тадбир фақат кўнгилли тарзда амалга оширилаётганини таъкидлади:

- Кеча 3 та чуқур кавлаб заготовка қилган эдик, бугун 5 та қилдик. Ҳар куни 5-6 одам қатнашяпти. Кўнгиллилар бориб кўчат ўтқазиб келяпти, ҳашар қиляпмиз. Лекин маълумотнома бериш учун кўчат ўтқазишни талаб қилганимиз йўқ, деди маҳалла фаоли.

Озодлик Шаҳрисабз туманининг бошқа қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳам худди шундай кўрсатма берилганини суриштириб аниқлади.

Оқсарой маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Дилором исмли аёлнинг айтишича, маҳаллада маълумотнома учун ўтқазиладиган кўчатнинг пулини талаб қилишмоқда:

- Бу тўппа-тўғри гап. Менинг келинаям Оқсарой маҳалла фуқаролар йиғинига болалар нафақаси учун справкага борган эди. Оқсоқол “мана кўряпсиз, кўчаларда дарахт кўчатлари экиляпти, булар бизнинг маҳалламизга айтилган. Сиз ҳам битта кўчатнинг пули, 50 минг сўмни олиб келсангиз кейин справка бераман”, дебди, деди шаҳрисабзлик Дилором.

Озодлик бу воқеага Шаҳрисабз тумани ҳокимияти билан боғланди.

Ҳокимликнинг ўзини таништирмаган мулозими ободонлаштириш ишлари учун ажратилган маблағ етарли эканлигини таъкидлар экан, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларига бундай топшириқ берилганини рад қилди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг ободонлаштириш дастурига кўра, Шаҳрисабз шаҳрини қайта қуриш жорий йилнинг февралида бошланган эди.

Айни пайтда, Озодликка йил давомида бузилган уйлари учун етарли миқдорда товон пули ололмаган шаҳрисабзликлар кўп мурожаат қилган.

XS
SM
MD
LG