Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:50

Фарғонада Гулнора Каримова назорат қилиши иддао қилинган заводларнинг 60 мулозими судланди


Гулнора Каримова Фарғона заводларидаги ноқонуний ишларга онаси Татьяна Каримованинг бошчилик қилганини иддао этган.
Гулнора Каримова Фарғона заводларидаги ноқонуний ишларга онаси Татьяна Каримованинг бошчилик қилганини иддао этган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Фарғона ёғ-мой заводи, ҚувасойЦемент ва ҚувасойКварц заводлари раҳбарларидан олтмишга яқин одамнинг маҳкама жараёни якунланди. Президентнинг қизи Гулнора Каримова назорат қилиши иддао қилинган ушбу корхоналарда раҳбар лавозимларида ишлаган шасхлар бир қатор молиявий жиноятлардан айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Озодликнинг Фарғонадаги манбасига кўра, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Фарғона ёғ-мой заводи, ҚувасойЦемент ва ҚувасойКварц заводларида директор, директор ўринбосари, ҳисобчи ва иқтисодчи лавозимида ишлаган олтмишга яқин одам Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қанча моддаси билан айбдор деб топилган.

Фарғонадаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг олти мансабдори ва бир қанча моддий-масъул ходимлари томонидан давлатга ўнлаб миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилгани маҳкама жараёнида исботини топган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган йилнинг кузида эълон қилган расмий маълумотига кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бошчилигидаги “уюшган жиноий гуруҳ” томонидан биргина Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг “40,1 миллиард сўмлик активлари талон-тарож қилинган ва ўзлаштирилган”.

Фарғонадаги заводлар билан боғлиқ суд тафсилотларидан хабардор манбага кўра, маҳкамага тортилган бошқа корхоналарнинг раҳбар шахслари ҳам молиявий фирибгарликлар қилгани ва қонунга хилоф равишда назорат қилинмайдиган даромадга эга бўлишгани аниқланган.

Ушбу заводларнинг мансабдорларини ҳибсга олиш жараёни бундан бир ярим йилча аввал бошланган эди.

Жумладан, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг бир неча амалдори ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 2013 йилнинг октябрь ойида қўлга олинган.

Мазкур заводлар мулозимлари билан боғлиқ маҳкамадан хабардор яна бир манба иддаосига кўра, Фарғонада бу қонунбузарликларга алоқаси бўлмаган бегуноҳ шахслар ҳам судга тортилган.

“Мен бу ишни "ўзбеклар иши"га ўхшатаман. Ушбу иш ичидагилар билан суҳбатлашдим. Уларнинг айтишича, улар бу ишдаги кичик одамлар. Уларга "қўл қўй", дейишган, улар қўйишган. Бу ишларни бошқарганларнинг имзоси йўқ, улар расмий равишда корхонада ишламайди", дейди фарғоналик манба.

Унга кўра, ушбу заводлардан бирининг раҳбари беш йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Озодлик тасаруфидаги ҳужжатларда Ўзбекистондаги бошқа йирик ташкилотлар сингари Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Қувасойдаги Кварц ва Цемент заводларини ҳам Гулнора Каримова назорат қилгани иддао қилинади.

Айни пайтда Гулнора Каримова Twitter саҳифаси ёпилишидан аввал (2013 йилнинг ноябрида) эълон қилган шов-шувли маълумотлар битилган мактубида Фарғонадаги ушбу корхоналардаги ноқонуний ишлар онаси Татьяна Каримова "қаноти остида хамирдан қил суғургандек" амалга оширилгани ҳақида ёзганди.

Гулноранинг ушбу мактубида Фарғонадаги бир нечта заводдаги мансабдор шахсларни қамаш жараёни 2012 йилнинг бошида бошлангани ва холаваччаси Акбарали Абдуллаевнинг қамалиши ушбу кампаниянинг "авж нуқтаси" бўлгани ҳақида ёзилган.

Фарғона водийсидаги нефть олди-сотдисини назорат қилиб келгани иддао қилинадиган Акбарали Абдуллаев Ўзбекистон президентининг рафиқаси Татьяна Каримованинг жиянидир. У ўтган йилнинг 19 ноябрь куни Тошкентдаги маҳкамага келтирилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди. Лекин унинг кейинги тақдири мавҳум қолмоқда.

Айни пайтда Фарғонадаги заводлар мулозимларига очилган жиноий иш билан боғлиқ ҳолда Тошкентда Гулнора Каримованинг яқинлари бўлган Гаяне Авакян, Рустам Мадумаров, Нурмуҳаммад Содиқов ва бошқалар дохил уюшган гуруҳ устидан очилган жиноий иш давом этмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, Гулнора Каримова дохил жиноий гуруҳ“ томонидан давлат активларини сунъий пасайтирилган нархларда қўлга киритиш ва бошқа усуллар билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг 5,5 млрд. сўмлик, “Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan Ltd.” МЧЖ ҚК нинг 11,9 млрд. сўмлик, шунингдек бошқа корхона ва ташкилотларнинг 102 млрд сўмлик активлари талон-тарож қилинган ва ўзлаштирилган”.

Бош прокуратура Фарғона заводларидаги ноқонуний ишларни ҳам ушбу ишга қўшгани айтилганди.

Ҳозирча Тошкентдаги ушбу жиноий иш бўйича тергов жараёни якунланган ёки иш маҳкамага ўтгани ҳақида Озодликда бирор маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG