Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:21

Бан Ки Мун кетди — Жиззах ва Тошкентда ишчилар яна чопиққа чиқарилди


Қорақалпоғистонлик ўқувчилар далада чопиқда
Қорақалпоғистонлик ўқувчилар далада чопиқда

БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг Ўзбекистонга икки кунлик ташрифи чоғида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев бюджетдан маош олиб ишлайдиган корхона ва ташкилот ишчи хизматчиларини дала ишларидан озод қилди. Аммо, Бош котиб Ўзбекистонни тарк этгач, давлат ташкилотлари ишчилари, ўқитувчию шифокорлар Жиззах ва Тошкент вилоятларида яна далага чиқарилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Бан Ки Мун 12 июнда Тошкентда президент Ислом Каримов билан учрашиб, Ўзбекистон ҳукуматини пахта далаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланишини тўхтатишга чақирган эди.

Ўша учрашув арафасида - 12 июнь куни тонги соат 8 яримда бутун республика бўйлаб ҳокимият идоралари, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ва фермерларни фавқулодда селектор йиғилишига тўплаган Бош вазир Шавкат Мирзиёев бюджетга қарам корхона ва ташкилот ишчиларини дала олиб чиқмаслик ҳақида буйруқ бергани айтилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, ўша куни мажбурий ҳашарларнинг доимий қатнашчилари бўлган ўқитувчию шифокорлар дала ишларидан озод қилинган.

Жиззах вилояти мактабларидан бирининг директори Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларни қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилмаслик ҳақида Бош вазирнинг айганларини ўз қулоғи билан эшитганини айтмоқда:

“12 июнь куни кечқурун туманимиз фаолларини, жумладан мактаб директорларини ҳам Бош вазир Шавкат Мирзиёев билан ўтказиладиган селектор йиғилишига чақиришди. Ўша кунги йиғилишда Бош вазир шу кундан эътиборан бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан соғлиқни сақлаш, халқ таълими ходимлари ҳам қишлоқ хўжалиги ишларидан озод қилинишини қаттиқ тайинлади. Қулоқларимга ишонмадим, наҳотки?! Наҳотки мўъжиза рўй берган бўлса? Кимдир Интернетда президентимизнинг Бан Ки Мун билан кеча учрашганини ўқиганини, бу қарор ўша учрашувнинг натижаси бўлиши мумкинлиги айтди. Ҳаммамиз хурсанд бўлиб уйга қайтдик”, дейди мактаб директори.

Аммо, Озодлик олаётган хабарларга кўра, БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ўзбекистонни тарк этиши билан Жиззах ва Тошкент вилоятларида давлат ташкилотлари ишчилари яна дала ишларига мажбурий олиб чиқилмоқда.

Жиззахлик мактаб директори яна ўқитувчилар чопиққа чиқарилиши ҳақида кўрсатма берилганини айтмоқда:

“13 июнь куни хурсанд бўлиб уйғондим. Энди бемалол болалар билан шуғулланишга вақт кўп бўлади, деб ўйладим. Лекин халқ таълими бўлимимиз мудири телефон қилиб, бугун Тошкентдан Бош вазиримизнинг Узоқов деган махсус вакили ва Бош прокуратурадан бир вакил келаётгани ва улар қишлоқ хўжалик ишлари қандай бораётганини текширишларини айтди. “Ҳамма далада бўлиши шарт, фермерларга вакил қилиб қўйилган мактаб директорлари ҳам”, деди мудир. Устимдан бир пақир совуқ сув қуйилгандек бўлди, кечаги эшитганларим рўёга айланди”, - деди мактаб директори.

Исми сир қолишини сўраган жиззахлик фермерлардан бири Мирзиёев селекторда бюджет корхоналарини қишлоқ ишларига жалб қилишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берганида, бу буйруқнинг умри қисқа бўлмаслигига кўпчилик умид қилганини таъкидлади:

- Бош вазир дала ишларига ўқитувчилар, ўқувчилар, институт, коллеж талабалари чиқмасин, агар чиқса, терингни шилиб оламан, ҳокимлар жавоб берасан, деди. Ҳозир ҳамма ташкилотларнинг ўзларининг фермер хўжаликлари бор. Лекин вазир бундай дегани билан улар барибир ўзларининг ер майдонларига ишчи ва хизматчиларини олиб чиқишяпти,- дейди ҳафсаласи пир бўлган фермер.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги Озодлик манбасининг айтишича, икки кун дала ишларидан дам олган марказий касалхона шифокору ҳамширалари яна дала ишларига сафарбар этилган:

- Мен ҳар куни больницанинг ёнидан ўтиб ишга бораман. Эрталаб ҳамма ҳамширалар ишчи кийимда кетмонлари билан больницанинг дарвозаси олдида тўпланиб туришган эди, деди манба.

Тошкент вилояти Ангрен шаҳридан Озодликка мактуб ёзган ўқитувчига кўра, улар уч кун давомида мажбурий ишларга жаоб этилган:

"Ангрен шаҳрида катта бир тадбир бўлди, Ангреннинг 69 йиллиги ва Камолот ёшлар боғининг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Камолот ёшлар боғи илгари Охунбобоев номидаги парк эди! Энг ачинарли томони боғ ишларига коллеж, мактаб, ўқувчилари ва ходимлари зўравонлик билан 3 кун мобайнида сафарбар этилишди. Шу кунлари дарслар тўхтатилди, коллеж, мактабларда қоровуллардан бошқа ҳеч ким йуқ эди. Ҳашарнинг номига қаранг "Ҳашар ёшларга ярашар"!!! Шўринг қурғур ҳашарчиларга эрталаб соат 7:30 дан 16:00 гача жазирама иссиқда тушликсиз паркни тозалаш мажбурияти қуйилди. Бундай зўравонликлар жонга тегди, қачонгача шу ҳолат давом этади", деб ёзади ангренлик ўқитувчилардан бири.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Бан Ки Мун 12 июнда Тошкентда президент Ислом Каримов билан учрашиб, Ўзбекистон ҳукуматини пахта далаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланишини тўхтатишга ва маҳбусларга нисбатан муносабатни яхшилашга чақирди.

Президент Каримов қонун устиворлиги муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Лекин китобдаги қонунлар одамларнинг реал ҳаётини яхшилашга хизмат қилиши керак”, деб билдирди Бан Ки Мун президент Каримов билан учрашганидан сўнг журналистларга берган суҳбатида.

Ўзбекистон пахта секторида болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам бериш юзасидан сезиларли силжишларга эришди. Энди эса ўқитувчи, шифокор ва бошқа соҳа вакилларининг пахта далаларига мажбурий жалб қилинишига, маҳбусларга нисбатан ноинсоний муносабатларга барҳам бериш учун кўпроқ иш қилиш керак”, деди Бан Ки Мун.

Бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Бан Ки Мунни Марказий Осиё сафари доирасида айни шу муаммоларни кўтаришга чақиргандилар.

Аммо, БМТ раҳбари Ўзбекистонни тарк этганининг эртасигаёқ Жиззах ва Тошкент вилоятларида давлат ташкилотлари ходимларининг яна оммавий равишда далага олиб чиқилмоқда. Озодлик манбалари бу аҳвол бошқа вилоятларда ҳам кузатилаётганини айтмоқда.

Озодлик бу борадаги қўшимча маълумотларни ўрганмоқда. Янгиликларни Озодликда кузатинг!

Бан Ки Мун кетди — Жиззах ва Тошкентда ишчилар яна чопиққа чиқарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:41 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG