Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:08

Қорақалпоғистонда деҳқонга шолисини даладан олиб чиқиш тақиқланди


Қорақалпоғистоннинг бир қатор туманларида шартнома асосида шоли етиштирган деҳқонларга ҳосилини даладан олиб кетиш тақиқланди. Маҳаллий ҳокимларнинг буйруғи билан шоли майдонларига кирадиган автомобиль йўлларида милиция постлари ташкил этилиб, юк машиналарини далага киритмаяпти. Шоликорларга кўра, улар билан шартнома боғлаган фермерларнинг давлатдан қарзи бўлганлиги учун етиштирилган ҳосил гаровда ушлаб турилибди.

Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманига Хоразм вилоятидан келиб шоликорлик қилаётган деҳқоннинг Озодликка айтишича, унинг 40 гектар ердаги шолисининг ярми ўриб олиниб янчилган, бироқ у ҳосилни даладан олиб чиқиб кетолмаяпти:

“Битта мен эмас, барча шоликор туманлардаги вазият шунақа. Ҳосилни ўриб, янчиб олдик. Тўрт кундан буён ёмғир ёғяпти. Юк мошинамизни эса постлардаги мелисалар ўтказмаяпти”, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган шоликор.

Деҳқон ҳукумат билан тузган шартномасини тўлиқ бажарган, яъни ҳар гектар ер ҳисобидан 10 центнердан шоли топширган. Бундан ташқари, фермер билан тузилган шартнома ҳам бажарилган. Фермер деҳқондан гектарига 5 центнердан шоли олган.

Деҳқоннинг айтишича, фермерларнинг давлатдан қарзи бўлганлиги учун ҳам уларнинг шолиси гаровда ушланиб турибди:

“Фермернинг ҳукуматдан қарзи бўлса, бизнинг меҳнат қилиб топган шолимизнинг бунга нима алоқаси бор? Биз шартномадаги шолини бериб бўлдикку, ахир. Айтишларича, токи фермер қарзини бутунлай узмас экан, даладан шолини олиб чиқиб кетишга ҳаққимиз йўқ экан. Ҳокимият вакиллари биринчи декабргача ҳеч ким шолисини олиб кетолмайди, деяпти. Агар фермернинг ҳукуматдан қарзини узиш учун бизнинг шолимизни тортиб олишадиган бўлса, катта норозичилик бўлади”, деди деҳқон.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир хоразмлик ижарачи деҳқоннинг айтишича, одамлар шолисини пойлаб далада ётибди:

“Тўрт кундан буён ёмғир ёғяпти. Деҳқонлар шолисини тепасида ўтирибди. ГАИлар айтишяпти, ҳар бир КамАЗга бир миллион сўмдан берсаларинг, сопровождение қилиб шолингни олиб чиқиб берамиз, деяпти. Агар биз бунча пул берадиган бўлсак ҳеч қанча даромад ҳам қолмайди”, деди шоликор деҳқон.

Ўзини Қонликўл тумани ҳокимининг ёрдамчиси Саломат деб таништирган мулозим Озодлик билан суҳбатда ижарачи шоликорларнинг ҳосили даладан олиб кетилишига тақиқ қўйилганини тасдиқлади:

“Бизларга қарзи бор фермерларни хатлагин деган топшириқ бўлди. Шунга уларнинг ерида етиштирилган шоли ҳосилини олиб чиқиб кетиш ватқинча тақиқланган”, деди мулозим.

Ижарачи деҳқонлар шартномадаги шолини топширган бўлса, уларнинг фермерлар қарзига нима алоқаси бор, деган Озодлик саволига ҳоким ёрдамчиси жавоб бермади.

Айни шундай ҳолат Қорқалпоғистоннинг бошқа шоликор туманларида ҳам кузатиляпти.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан ташкил қилинган “Ойболта” гуруҳининг асосий вазифаси таъминотчи корхоналар ва банклардан қарздор бўлиб қолган фермерларнинг мол-мулкини мусодара қилишга қаратилган.

Айни пайтда, республика бўйлаб “Ойболта” операцияси шиддат билан давом этмоқда.

Озодлик хоразмлик ва жиззахлик фермерларнинг техникаси, чорваю паррандалари мусодара қилингани ҳақида ёзган эди.

Айни пайтда, Қорақалпоғистон ҳукуматининг нигоҳи, қарздор бўлиб қолган фермердан ҳеч нарса ундириб бўлмаган тақдирда, унинг ерида шартнома асосида ишлаган деҳқоннинг ҳосилига кўз олайтираётгани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG