Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:59

Бишкек пансионатлар учун Тошкентга товон тўлаш масаласини муҳокама қилмаяпти


Иссиқкўлдаги Ўзбекистон Миллий банкига қарашли бўлган "Роҳат" пансионати.
Иссиқкўлдаги Ўзбекистон Миллий банкига қарашли бўлган "Роҳат" пансионати.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ихтиёрига ўтказиладиган Иссиқкўлдаги пансионатлари учун Бишкек ҳукумати компенсация тўлаш масаласини ҳозирча муҳокама қилаётгани йўқ. Бу ҳақда Қирғизистон иқтисодиёт вазири маълум қилди. Айрим сиёсатчилар Ўзбекистон пансионатларини миллийлаштириш ортидан Тошкент Бишкекни халқаро судга бериши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда.

Қирғизистон иқтисодиёт вазири Арзибек Кожошев ҳукуматнинг Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли пансионатларни миллийлаштириш қарорини шарҳлар экан, 1992 йилда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари имзолаган шартномани тилга олди. Вазирнинг айтишича, мазкур шартномада Совет Иттифоқи даврида иккинчи мамлакат томонидан бошқа бир мамлакат ҳудудига қурилган объектлар мазкур объект жойлашган давлат мулки бўлиб қолиши қайд этилган.

- Қўшни давлатга газ ва энергетика масаласида қарам бўлиб келганимиз учун бу масала узоқ йиллардан бери ҳал қилинмай келинаётган эди. Ҳукуматнинг бу қарори сиёсий қарор бўлди. Биз бугунги кунда Ўзбекистондан газ ва энергетика қарамлигидан қутулдик. Газ бўйича таъминот “Газпром” қўлига ўтди, Қирғизистоннинг ички энергетик ҳалқаси бўлган “Датқа – Кемин” тармоғи қуриб, ишга туширилди. Шунинг учун Ўзбекистонга қарашли тўрт пансионатни Қирғизистон қайтариб олаяпти. Бу пансионатлар Давлат мулк фонди ихтиёрига ўтказилади, - деди вазир.

4 апрель куни Қирғизистон бош вазири Темир Сариев Совет Иттифоқи пайтида Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ва корхоналар ҳисобидан Иссиқкўлда бунёд этилган “Роҳат”, Дилором”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистонга қайтариб олиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

Бу пансионатлар бугунги кунда ҳам Ўзбекистондаги корхона ва ташкилотлар мулки ҳисобланади. Масалан, “Роҳат” пансионати Ўзбекистон Миллий банкига, “Олтин қум” пансионати эса Тошкент механика заводига тегишлидир. Тошкент механика заводи расмийси “Олтин қум” пансионатининг баланс қиймати бугунги кунда 6 миллион долларга тенг эканини Озодлик радиосига айтган эди.

Қирғизистон иқтисодиёт вазири Арзибек Кожошев мазкур пансионатлар учун Ўзбекистонга компенсация тўлаш масаласи бугунги кунда муҳокама қилинмаётганини айтди:

- Пансионатлар масласида бизда шартнома бор эди. Шартномага асосан Ўзбекистон пансионатларни “беш юлдуз”ли даражага кўтариши, жойларнинг бир қисмини Қирғизистонга бериши керак эди. Бироқ бу шартнома шартлари бажарилмади. Шунинг учун бу объектлар Қирғизистоннинг тўлақонли мулки ҳисобланади, - деди вазир.

Унга кўра, 2015 йилда Ўзбекистонга тегишли тўрт пансионат Қирғизистонга 170 минг доллардан кўпроқ миқдорда солиқ тўлаган. Бироқ бу пансионатларнинг коммунал хизматлар, жумладан, электр энергиясидан бўлган қарзлари 214 минг доллардан ошади.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов ҳукуматнинг Ўзбекистонга тегишли пансионатларни миллийлаштириш қарорини ўйланмасдан шошилинч тарзда қабул қилинган популистик қарор сифатида баҳолади.

- Халқаро қонунчиликка асосан Ўзбекистон Қирғизистонни халқаро судларга бериши мумкин. Чунки ер Қирғизистонники бўлгани билан, объектлар Ўзбекистондаги корхоналар пулига қурилган. Уларга компенсация тўлаш масаласи бугунги кунда очиқ қолмоқда. Иккинчидан, бу пансионатларни ишлата оламизми, деган савол пайдо бўлади. Масалан, ҳукумат “Мегаком” ширкатини ҳам хусусийлаштирган эди. Бироқ ҳукумат бу ширкатни ишлата олмай, хусусий шахсларга қайта сотишни режалаяпти. Учинчидан, ҳукуматнинг Ўзбекистонга тегишли пансионатларни миллийлаштириш қарори мамлакатнинг халқаро обрўсига путр етказади ҳамда инвестиция муҳитини ёмонлаштиради, -деди Аликбек Жекшенкулов.

Қирғизистон Бош вазири Қирғизистонда Ункуртоғ, Ўзбекистонда Унгартепа деб аталувчи баҳсли ҳудуд масаласида кўтарилган жанжал ортидан Ўзбекистонга тегишли пансионатларни миллийлаштириш қарорини имзолаган.

Март ойининг охирларида Карвон шаҳар депутатлари ҳукуматнинг Ункуртоғни Ўзбекистон ҳудуди сифатида тан олинган қарори борлигини эълон қилиб, норозилик билдирган, бунинг ортидан эса Қирғизистонда катта шов-шув кўтарилган эди. Бу масала Қирғизистон парламентида ҳам кўрилиб, Бош прокуратурага ҳукуматнинг Ункуртоғ масаласидаги қарорини текшириш кўрсатмаси берилган.

Айрим кузатувчилар бош вазир Темир Сариев Ункуртоғ масаласидаги жанжалдан сўнг тушиб кетган сиёсий рейтингини кўтариш мақсадида Ўзбекистоннинг пансионатларни миллийлаштириш қарорини имзолаган, деган фикрни билдирмоқдалар.

XS
SM
MD
LG