Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2022, Тошкент вақти: 22:11

Агнешка, аккредитация ва тегажоғлик. Ўзбекистон ТИВнинг сирли ходими билан боғлиқ саволлар очиқ қолмоқда


Польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска.

Ўзбекистонда Ташқи ишлар вазирлиги вазирлик ходимини ўзига нисбатан жинсий тегажоғлик қилиш ҳамда ижобий мақолалар ёзишни сўраб босим ўтказишда айблаган польшалик журналистдан кечирим сўради.

2 февраль куни эълон қилинган баёнотда Ўзбекистон ТИВ журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевскага шилқимлик қилган ходими ишдан бўшатилгани, 3 февралгача унинг аккредитация масаласи ҳал қилинишини билдирди.

The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска 1 февраль куни ўзининг Твиттерида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитацияга ариза топширганидан олти ой ўтиб рад жавоби олганини маълум қилган. Хорижий журналистнинг сўзларига кўра, вазирликнинг Рустам исмли ходими унга жинсий тегажоғлик қилган ва ижобий мақолалар ёзишини сўраб босим ўтказган.

Бунинг ортидан Ҳьюман Райтс Уочт инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳамда Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўзбек расмийларини Агнешка Пикулицканинг иддаоларини ҳар томонлама текширишга чақирди.

2 февраль куннинг иккинчи ярмида журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевсканинг ўзи Твиттер орқали аккредитация масаласи деярли ҳал бўлганини маълум қилди ва уни қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик билдирди.

"Ушбу кулгили курашда мени қўллаб-қувватлаган ҳар бирингизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мен ҳаммадан онлайн ва офлайн режимда катта қўллаб-қувватлов олдим. Сиз буни амалга оширдингиз. Умид қиламанки, биз биргаликда Рустамларни бутун Ўзбекистон бўйлаб жазолашда давом этамиз. Сиз кучсиз", - деб ёзди Агнешка Пикулицка-Вилчевска.

Дунёнинг қатор етакчи нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска 1 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация бермаганини маълум қилди.

У ТИВнинг Рустам исмли ходими ўзига тегажоғлик қилгани, ижобий мақолалар ёзишини сўраб босим ўтказгани ҳақида ёзди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 2 февраль куни вазирлик матбуот котиби Авазбек Хожиметов Агнешка Пикулицка-Вилчевска билан учрашган.

Учрашув давомида унинг аккредитацияси ва воқеа билан боғлиқ қўшимча ҳолатлар аниқланган.

Чет эллик журналистдан воқеа учун узр сўралган.

"Илгари чет эллик мухбир эслатиб ўтган вазирликнинг ходими Ташқи ишлар вазирлигидан бўшатилган. Журналист аккредитациясини олиш жараёни 2021 йил 3 февралда тугайди", дейилади вазирлик баёнотида.

Шу билан журналист муаммоси ҳал бўлдими? Ташқи ишлар вазирлигининг жавоби уни қониқтирадими?

Озодлик Агнешка Пикулицка-Вилчевскадан ёзма жавоб олди:

"Мен учун энг муҳими, эртага (3 февраль куни) узоқ ойлар кутиб, аккредитацияни оламан ва ниҳоят ўз ишимни бажара оламан. Қолган ҳамма нарса мен изоҳлашни истамайдиган иккинчи даражали масала", - дея жавоб берди журналист.

Бундан олдин бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари,журналистлар ва Ўзбекистондаги айрим дипломатик корпус вакиллари Пикулицкага жинсий тегажоғлик қилингани ҳақидаги иддаолардан ташвиш изҳор қилган.

Жинсий тегажоғлик қабул қилиб бўлмас хол. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини бу холатни тергов қилишга ва бунга масъулларни жавобгарликка тортишга чақирамиз

Жумладан, Ҳьюман Райтс Вотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Ҳью Уилямсон ўз Твиттер саҳифасида: "Бу жуда ташвишланарли. Жинсий тегажоғлик қабул қилиб бўлмас ҳол. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини бу ҳолатни тергов қилиш ва бунга масъулларни жавобгарликка тортишга чақирамиз", деб ёзди.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ҳам журналистга босим ва жинсий тегажоғлик даъволари текширилишига умид билдирди.

"Ушбу даъволар мени ларзага солди ва умид қиламанки, бу ҳол тегишли равишда текширилади. Жинсий зўравонлик ҳеч қачон қабул қилинмайди", - дея твит қилди Тошкентдаги британ элчиси.

Рустам ким?

Журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска ўтган йил аккредитация олганидан сўнг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан бириктирилган Рустам исмли ходим унга тегажоғлик қилиб, уни ўпмоқчи бўлганлигини даъво қилиб чиқди.

Ўтган йили мен аккредитация олдим ва ТИВ менга Рустам исмли ходимни бириктирди. Аввал-бошда бу фойдалидек кўринди, бироқ тез орада уни ишдан кўра кўпроқ нарса қизиқтираётгани маълум бўлди. У мени ўпмоқчи бўлди ва рад жавобимга қарамай, менга учрашишни таклиф қилишда давом этди”, деб ёзди Агнешка Пикулицка.

Журналистга кўра, жинсий тегажоқлик ортидан ўзига нисбатан босим бошланган. Агнешка ТИВ ходими ундан карантин ҳақида ижобий мақола ёзишини сўрагани, аммо бу илтимосни рад этганини ҳам билдирган.

Журналист ТИВ ходими унга шилқимлик қилганидан ҳам шикоят қилган.
Журналист ТИВ ходими унга шилқимлик қилганидан ҳам шикоят қилган.

Агнешка Пикулицка ТИВ вакили Telegram’даги ўзаро ёзишмаларни ўчириб юборгани, бироқ унда бир неча скриншот сақланиб қолганини иддао қилган.

Аммо, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидагилар журналистга унинг жинсий тагачоғликка учрагани даъволарини тергов қилолмасликларини айтишган.

Агнешка Пикулицка 2 февраль куни вазирликда бўлган учрашув ҳақда Твиттер орқали буларни ёзди:

"Рустам ким? Мен ҳозир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида жуда яхши учрашув ўтказдим. Мени аккредитациядан ўтказиш масаласи очиқ қолмоқда, деб мени ишонтиришди. Мен буни жуда қадрлайман. Шу билан бирга, менга Рустамнинг хатти-ҳаракатларини текшириш мумкин эмаслигини айтишди, чунки . . . унинг кимлигини ҳеч ким билмайди", - деб ёзди Агнешка Пикулицка 2 февраль куни Твиттер саҳифасида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ишдан ҳайдалган ходимнинг шахси ва лавозими ҳақида маълумот берилмаган. Унга бошқа қандай чора кўрилгани ёки кўрилиши ҳам маълум эмас.

Ўзбекистон жиноий қонунчилигида жинсий тегажоғлик тақиқланиши аниқ белгилаб қўйилмаган. АҚШ Давлат департаменти 2015 йилдаги инсон ҳуқуқларига доир ҳисоботида айни жиҳатга эътибор қаратганди. "Лекин эркак киши учун аёл киши билан бизнес, молиявий ёки бошқа тобе муносабатлар бўлган ҳолатларда уни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш жиноят ҳисобланади. Ижтимоий урф-одатлар, сукут сақлаш ва судга мурожаат қилишнинг етишмаслиги ушбу муаммо кўламини аниқлашни мушкуллаштирди", дейилган АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида.

"Бу ҳолат улкан ислоҳотларга соя солмаслиги лозим"

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мазкур масалага эътибор қаратган.

Хорижий журналист Агнешка Пикулицканинг шикояти бизда жуда жиддий хавотир уйғотди ва албатта, бу ҳолатга аниқлик киритган ҳолда уни синчковлик билан ўрганиш керак, деб ҳисоблаймиз. Биз Агнешка билан эртагаёқ кўришиб вазиятни муҳокама қилишга тайёрмиз”, деб ёзди Алламжонов Телеграм каналида.

Кейинроқ Комил Алламжонов журналист билан конструктив мулоқот ўтказгани ҳақида билдирди.

"Бугун биз конструктив учрашув ўтказдик. Унинг Ўзбекистондаги фаолияти, атрофидаги вазиятни атрофлича муҳокама қилдик. Умид қиламизки, воқеа тез орада бартараф этилади ва тегишли қарорлар қабул қилинади", - деб ёзди К. Алламжонов.

Хорижлик журналист аёлнинг жинсий тегажоғликка учрагани ҳақидаги даъволарга Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева ҳам эътибор қаратди.

Албатта,  ушбу ҳодиса пухта ўрганилиб,  таҳлил қилинади,  тегишли чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади.  Аммо,  у республикада амалга оширилаётган барча улкан ислоҳотларга соя солмаслиги лозим.

Норбоева журналист даъволари ўрганилиб, айбдорлар жазоланишини айтди.

"Журналист Агнешка Пикулицка билан содир бўлган воқеа Ўзбекистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам мутлақо қабул қилиниши мумкин бўлмаган ҳолат. Ўзбекистон инсон шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилишнинг ҳар қандай шаклига асло тоқат қилмаслик сиёсатига амал қилади.

Агниешка ушбу ҳолатни айтиб мардлиги ва бефарқ эмаслигини намойиш этди. Албатта, ушбу ҳодиса пухта ўрганилиб, таҳлил қилинади, тегишли чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади. Аммо, у республикада амалга оширилаётган барча улкан ислоҳотларга соя солмаслиги лозим", - дея баёнот берди Танзила Норбоева

Матбуотга босим

Агнешка Пикулицка-Вилчевска боғлиқ холат Ўзбекистонда эркин матбуотга нисбатан навбатдаги босим сифатида ҳам баҳоланди.

Ҳьюман Райтс Уотч ташкилоти тадқиқотчиси Мира Риттман: "Аккредитация олиш билан боғлиқ чигалликлар, мустақил оммавий ахборот воситаларининг блокланиши Ўзбекистон ҳукуматининг мазмунли ислоҳотларни амалга ошираётгани ҳақидаги даъволарига путур етказади", - деб билдирди Твиттер орқали.

"Ал Жазира" телеканали учун Ўзбекистон ҳақида тайёрланган бир қанча ҳужжатли фильмлар муаллифи, даниялик журналист Майкл Андерсон ҳам Тошкентдаги ўз ҳамкасби билан боғлиқ ҳолат унга Каримов давридаги мустақил журналистларга бўлган босимларни эслатганини айтади.

Ҳозирги ҳукумат ўзгаришлар, ислоҳотлар қилаётганини даъво қилаётган экан Агнешка аккредитациясини тиклаши ва унга шилқимлик қилингани билан боғлиқ холатни тергов қилиши керак

"Ўзбек ҳукумати аккредитация тизимини журналистларни назоратда ушлаш учун қурол сифатида ишлатиб келганини биламиз. Агнешка билан боғлиқ холат менга йигирма йил олдин Тошкентда аккредитация олиш билан боғлиқ ўзим бошдан кечирган воқеаларни эслатяпти. Ойлаб кутишлар ортидан вазирлик мулозими менга аккредитация берар экан, жилмайиб қараб, мақолаларни қандай ёзишим, акс холда аккредитациясиз қолишим мумкинлигига шаъма қилгани ёдимда. Танқидий мақолаларим, Британиянинг ўша пайтдаги элчиси билан интервью беришим ортидан олти ойга бормай, аккредитацияни олиб қўйишганди. Ҳозирги ҳукумат ўзгаришлар, ислоҳотлар қилаётганини даъво қилаётган экан Агнешка аккредитациясини тиклаши ва унга шилқимлик қилингани билан боғлиқ холатни тергов қилиши керак", - дейди Андерсон Озодлик билан суҳбатда.

Тўқсонинчи йиллар ўрталарида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган, ҳозирда Швейцарияда яшаётган ўзбекистонлик журналист Алишер Таксанов эса: "Каримов даврида ҳам ҳозир ҳам бу идорани бир хил одам бошқараётган экан, қандай ўзгаришни кутиш мумкин?. Қоидалар эски, ҳар бир мақола учун аккредитация талаб қилинади, бу ўз-ўзидан мутлақо бемаъниликдир", - дейди Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида польшалик журналистга ижобий мақолалар ёзиши учун босим ўтказилгани ҳақидаги иддаоларга жавоб бергани йўқ.

Озодликнинг ТИВ матбуот хизматидан изоҳ олиш уринишлари натижа бермади.

Ўзбекистонда чет эл ОАВларига ишловчи мухбирлар Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот маркази орқали аккредитация қилинади.

2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда "Би-Би-Си", “Озодлик” радиоси, “Америка овози” ва бошқа қатор халқаро оммавий ахборот воситалари аккредитациядан маҳрум қилинганди.

13 йиллик узилишдан сўнг 2019 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "Би-Би-Си", “Америка овози” ҳамда "Фарғона" агентлиги мухбирларини аккредитациядан ўтказган.

Ўзбекистонда ишлаган халқаро журналистлар аккредитация жараёни узоқ вақт олиши ва шаффоф эмаслигини айтишади.

XS
SM
MD
LG