Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:17

Андижонда ҳибсга олинган блогернинг уйида тинтув ўтказилди


Жўрабек Қимизов фарзандлари билан
Жўрабек Қимизов фарзандлари билан

Андижон вилоят, Пахтаобод туманида ҳибсга олинган ҳайдовчи ва блогер Жўрабек Қимизовнинг Уйғур қишлоғидаги уйида туман Ички ишлар ходимлари томонидан 4 март куни тинтув ўтказилди. Бу ҳақда Озодликка айбланувчининг турмуш ўртоғи хабар берди.

Андижон вилоят ИИБ Ахборот хизмати Жўрабекнинг қамалишига унинг YouTube каналида жойлаган видеолар сабаб бўлмагани тўғрисида расмий баёнот тарқатди.

Жўрабек Қимизовнинг турмуш ўртоғи Асилзода Холмирзаеванинг Озодликка билдиришича, уларнинг Пахтаобод туман, Уйғур қишлоғи Учқўрғон маҳалласидаги хонадонида 4 март, эрталаб соат 10-11 ларда ички ишлар ходимлари тинтув ўтказган.

Асилзоданинг айтишича, тинтув у уйида йўқлигида ўтказилган:

- Умуман ёмон нарсалар бўлиб кетди кечадан бери! Мен ИИБда бўлдим кечгача, прокурор олдига кирдим ариза билан – ўтган ҳафта қилган аризам бўйича ҳеч нарса қилишмаяпти. Вилоят тергов бошлиғи олдига кириб, норозилигимни айтдим. У олдимда терговчи Жасурга буюриб учрашишга қоғоз қилдириб берди. Кетишим билан уйимга терговчи Жасур бориб тинтув қилибди соат 10-11 ларда. Ўғлим телефон қилиб айтиб қолди. Тергов бошлиғига “Ака, нега мен кетишим билан тинтув қилади – бирор нарса ташлаб қўйса нима қиламан?!”, десам “Боргунингизча кутиб туради, тинтув қилмайди”, деб ваъда берди.

Аёлнинг айтишича, шаҳардан қишлоққа етиб борганида терговчилар уйини тинтув қилиб бўлган экан.

- Биттадан ташқари улар қолган ҳамма хоналарни тинтув қилиб бўлибди. Улар оёқ кийимини қидириб келган экан. Иккита соч оладиган машинка, менинг қизимнинг жемперини, иккита блокнот, 50 минг қирғиз пули ва негадир бизнинг тўйимиз видеокассетасини олиб кетишди. Мен бу тинтув сизларда мақола чиққанидан кейин қўрқитиш учун қилинди, деб ўйлайман, - деди Асилзода Холмирзаева.

Андижонлик аёл ҳозирда Жўрабек вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланаётганини маълум қилди.

Айни дамда, Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати “Россия-Ўзбекистон: Андижон ИИБ таксичи ва блогерни нега ҳибсга олди?” номли видеолавҳа бўйича расмий маълумот” тарқатди.

Хабарномада Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси Би-би-си ўзбек хизматида чиққан “Россия-Ўзбекистон: Андижон ИИБ таксичи ва блогерни нега ҳибсга олди?” номли видеолавҳа ўрганилгани айтилди.

"Фуқаро Ж.Қимизов ўзгаларнинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2018 йилнинг август ойида Пахтаобод туманида рўйхатда туриб, Россия Федерациясида ишлаётган фуқаро И.Н.нинг нархи 2500 АҚШ долларига тенг бўлган 51 жуфт, Андижон шаҳрида рўйхатда туриб, Россия Федерациясида ишлаётган фуқаро Ш.Ш.нинг эса жами нархи 500 АҚШ долларига тенг бўлган 15 жуфт қишки аёллар оёқ кийимларини уларнинг яшаш хонадонларига олиб келиб беришини ваъда қилиб, берган ваъдасини бажармасдан, ушбу фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказган", дейилади расмий жавобда.

Шунингдек, Андижон вилоят ҳуқуқ мухофазаси бош идораси “Ж.Қимизов ўзининг YouTube каналида жойлаган видеолари ортидан қамалганлиги” тўғрисидаги “важлар мутлақо асоссиз бўлиб, ушбу ҳолатга ҳокимият вакилларининг умуман алоқаси йўқлиги ҳамда жиноят ишида ўз аксини топмаганлиги аниқлангани” маълум қилинди.

Пахтаобод туман ва Андижон вилоят ҳокимлиги, тегишли туман ва вилоят прокуратураси бу масалага ўз муносабатини билдирганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, оддий андижонликлар муаммоларини ижтимоий тармоқларга муҳокамага олиб чиққан блогер Жўрабек Қимизов 27 февралда Пахтаобод туман ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинди. 38 ёшли пахтаободлик таксичи йигит фирибгарликда айбланмоқда.

Жўрабекнинг хотини Озодлик билан суҳбатда эрининг қамалишига унинг "маҳаллий ҳокимиятни танқид қилиб чиққани сабаб бўлди" деган эди.

XS
SM
MD
LG