Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:43

Андижонда кўпқаватли уйдаги хонадонда портлаш содир бўлди, 6 хонадонга ўт кетди


4 декабрь куни Андижон шаҳрининг 2- микрорайонидаги кўпқаватли 7- уйдаги хонадонлардан бирида портлаш содир бўлди. Расмий маълумотга кўра, 8 фуқарода тан жароҳати қайд этилиб, вилоят тез-тиббий ёрдам шифохонасига ётқизилган, ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган.​

Воқеа жойига борган Озодлик мобил мухбирининг айтишича, портлаш иккинчи қаватдаги хонадонда содир бўлгани тахмин қилинмоқда. Портлаш содир бўлган хонадон жойлашган подъезднинг барча қаватларидаги хонадонларга ўт кетган.

Ушбу хабар ёзилаётган дақиқаларда тарқатилган расмий хабарда айтилишича, портлаш ортидан содир бўлган ёнғиндан 6 та хонадон зарарланган.

"Бугун 4 декабрь куни соат чамаси 14:13 атрофида Андижон шаҳри 2-кичик даҳа Лермонтов кўчасидаги 7 -рақамли кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлганлиги ҳақида вилоят ЁХБ МДХга хабар берилган. Олинган хабарга асосан соат 14:19 да Андижон шаҳар ЁХБ 1-сонли ёнғин қутқарув қисми воқеа жойига етиб бориб, ёнғинга ўз вақтида барҳам берилди" дейилган расмий хабарда.

Кўп қаватли уйнинг портлаши натижасида жами 6 та хонадон зарар кўрган бўлиб, асосан ёнғин келиб чиқиши таҳмин қилинаётган 2-қаватдаги 37-38-39 хонадонлар зарарланган, уйнинг 4- подъезди қаватларга кўтарилишдаги бетон барьерлари қулаб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, 8 нафар фуқарода тан жароҳат олиш ҳолатлари қайд этилиб, вилоят тез-тиббий ёрдам шифохонасига ётқизилган.ҳозирда шифокорлар назоратида, ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Расмий маълумотга кўра, воқеа жойига вилоят ҳокими ҳам етиб борган. Зудлик билан мутасадди ташкилотларга юзага келган зарарни қоплаш, фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш юзасидан топшириқ берилган.

Andijonliklar телеграм канали тарқатган видеоларда уйнинг бир подьездидаги тўрт қаватнинг ëнғин ичида қолгани акс этган.

Видеони шархлаëтган тасвирчи маҳаллий аҳоли кўмаги билан ëнаëтган бино ичидаги гўдаклар қутқарилганини айтди.

Тасвирлардан бирида бинодан 100 метр наридаги параллел кўчада жойлашган дўконлар витринаси портлаш зарбидан чил-парчин бўлгани акс этган.

Видеода Сobalt автомобили мажақланиб кетгани ҳам акс этган.

Андижон вилоят ички ишлар бошқармасининг Озодлик саволига жавоб берган навбатчиси портлашда қурбонлар йўқлигини вазият назоратда эканлигини айтиш билан чекланди.

XS
SM
MD
LG