Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2021, Тошкент вақти: 21:57

Афғонистондаги воқеалар Марказий Осиё давлатлари учун бошоғриқ бўлмоқда


Ўзбек ҳарбийлари Афғонистон билан чегарадаги Ҳайратон кўпригига киришдаги чегара назорат нуқтасида- 15 август, 2021

Сўнгги ҳафталарда Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматларини хавотирга солган ўзгаришлар амалда содир бўла бошлади.

Афғонистон ҳукумати Толибон қўлига ўтди. Марказий Осиё ҳукуматларида бундай вазиятга ҳозирлик кўришга бир неча йил фурсат бўлганига қарамай, Афғонистондаги ҳодисалар Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматларини шошириб қўйди.

Тожикистон Афғонистон шимолида вазият ёмонлашса, қочқинларни қабул қилишга июнь ойининг бошларида ҳозирлик кўра бошлаганди. Орадан кўп ўтмай, қочқинлар чиндан чегарани кесиб ўта бошлади.

Июнь ойи охирида Афғонистондан Тожикистонга аскарлар ёки ҳарбий хизматчилардан иборат 150 нафар одам ўтди.

6 июлга қадар яна юзлаб одам ўтди. Афғонистон ҳукумати маълумотларига кўра, уларнинг сони 2300 яқин эди. Уларнинг барчаси Кобулга қайтариб юборилди.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

Ўзбекистон июнь ойи охирида ўхшаш вазиятга дуч келди: ўнлаб афғон аскари ва ҳарбийси чегарани кесиб ўтишга уринди, лекин ортга қайтариб юборилди.

Июль ойи бошларида мингга яқин афғонистонлик тинч аҳоли вакили шарқий Тожикистон чегарасини кесиб ўтди.

Аммо 14 августга келиб, Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар – Мозори Шариф Толибон қўлига ўтгач, афғонистонликлар учоқ ва вертолётларда қўшни мамлакатларга қоча бошлади. Афтидан, бу ҳолат Тожикистон ва Ўзбекистон расмийларини шошириб қўйди.

Зиддиятли хабарлар

Марказий Осиёга умумий ҳисобда нечта учоқ учиб ўтгани номаълум бўлиб қолмоқда. Уларнинг сони ҳақида турли хабарлар тарқалди.

15 август куни 158 нафар ҳарбий ва тинч аҳоли вакили Амударёни кесиб, Ўзбекистонга ўтгани хабар қилинди.

16 август куни эса Бош прокуратура Афғонистоннинг 22 та ҳарбий учоғи ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти 14–15 август кунлари Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтгани ва улар Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилганини билдирди.

Бу баёнот кейинчалик олиб ташланди. Бош прокуратура буни баёнотда нотўғри маълумот берилгани билан изоҳлади.

18 август куни ҳарбий ва хавфсизлик разведкасига ихтисослашган “Janes” ташкилоти сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар 16 август куни Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларининг «21 та кичик қанотли учоғи» ва «26 га яқин вертолёти» Термиз аэропортида эканини кўрсатганини маълум қилди.

15 август куни Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида қулагани айтилган афғон ҳарбий учоғи ҳақида бир-бирига зид хабарлар тарқатилди.

“Gazeta.uz” нашри икки афғон ҳарбий хизматчиси шифохонага олиб кетилганини хабар қилди.

Кейинроқ учоқ Афғонистон чегарасидан ноқонуний учиб ўтгани учун Ўзбекистон ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилгани хабар қилинди.

16 август куни Афғонистоннинг учта ҳарбий учоғи 15 августда Ўзбекистон ҳаво майдонига киргани ва Ўзбекистоннинг Хонобод ҳарбий азасига қўнишга рухсат сўрагани ҳақида хабар тарқади.

Лекин ўзбекистонлик ҳаво ҳаракатини бошқарувчилар афғон учоқларини Термизга йўналтирилгани ва уларни кузатиб бориш учун иккита ўзбек «Миг-29» учоғи ҳавога кўтарилгани айтилди.

Хабарларга кўра, афғон учоқларидан бири ўзбек учоғи билан тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қулаган. Айтилишича, иккала учоқ учувчиси ҳам ирғиб чиқиб, омон қолган.

14 август куни Ўзбекистон ҳукумати 84 афғон аскарига даволаниш ва вақтинчалик бошпана учун Ўзбекистонга ўтишига рухсат берилганини маълум қилди. Айни дамда, икки мамлакатни боғлаб турувчи «Дўстлик» кўпригида юзлаб одам тўплангани хабар қилинди.

Ўша куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги афғонларни ортга қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини билдирди.

Бош прокуратура уларга Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш айблови қўйилишини билдирди. Бу аскарларнинг кўпчилиги Толибон назорати остидаги Афғонистондан ўзбек қамоқхонасини афзал кўради.

Афғонистоннинг “Tolo” телеканали 15–16 август кунлари Афғонистондан Тожикистонга ва Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига 45 та рейс амалга оширилганини хабар қилди.

Озодлик радиосининг тожик хизмати 16 август куни Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитасидаги манбаларига таянган ҳолда бортида 143 нафар одам бўлган учта учоқ ва иккита вертолёт Тожикистон жанубидаги Қўрғонтепа шаҳрига қўнганини хабар қилди.

“Asia-Plus” мустақил ахборот агентлиги хабарига кўра, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги «Биз SOS сигналини олдик, шундан сўнг мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ, афғон ҳарбийларига Қўрғонтепа аэропортига қўнишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилинди», дея баёнот берган.

Ташқи ишлар вазирлиги фақат иккита учоқ келгани ва иккаласи ҳам йўловчиларини ташлаб, Афғонистонга қайтганини билдирган.

Хабарларга кўра, афғон аскарлари маҳаллий университет ётоқхонасига жойлаштирилган.

“Asia-Plus” Афғонистоннинг Тожикистондаги элчихонасидаги манбага таяниб, 18 афғон учоғи – иккита йўловчи ва 16 та ҳарбий учоқ Тожикистонга қўнганини хабар қилди.

Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарасидаги вазият ҳақида эса маълумот оз.

Туркманистон давлат матбуоти, кутилганидек, яқинда Афғонистонда содир бўлган муҳим воқеалар ҳақида сукут сақламоқда.

Аммо Озодлик радиосининг туркман хизмати мамлакат ҳукумати ҳеч кимни – ҳарбий бўладими, тинч аҳоли вакили бўладими – Туркманистонга киритмаётганини хабар қилди.

Расман Марказий Осиёни тарк этган таниқли афғонлар

15 август куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этганидан кейин, у Тожикистонга йўл олгани ҳақида хабар тарқалди.

Ғани Кобулни тарк этганида Тожикистон томон учгани хабар қилинган бўлса ҳам, Тожикистон расмийлари унинг Тожикистонга қўнганини рад этди.

Ғанининг Тожикистонга учиш бўйича келишуви бор бўлгани, лекин сўнгги дақиқада «номаълум сабабларга кўра» Тожикистон уни қабул қилишдан бош тортгани ҳақида ҳам хабар бор.

18 август куни Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари Ғани ва унинг оиласи Дубайда эканини маълум қилишди. Ғани у ерга қачон боргани номаълум.

14 август куни Афғонистоннинг собиқ вице-президенти, келиб чиқиши ўзбек бўлган афғон маршали Абдулрашид Дўстум ҳамда Балх вилоятининг собиқ ҳокими Ота Муҳаммад Нур кўплаб ҳарбий билан Мозори Шарифдан қочиб кетгани ва Ўзбекистонга ўтишга ҳаракат қилгани хабар қилинди.

Дўстум ва Нур ҳали ҳам Ўзбекистонда экани ҳақида хабар тарқалди, лекин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Дўстум, Нур ёки Ғани мамлакатда эканини рад этди.

Бу ёғига нима бўлади?

Тожикистон ҳозирда ўз ҳудудида бўлган афғонларни ватанига қайтариш ниятида эканини изҳор қилгани йўқ.

Афтидан, Ўзбекистон расмийлари толиблар билан муносабатларга путур етказмаслик учун қочқинларни рад этмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 17 август куни Толибон билан яқин алоқада экани ва «Ўзбекистон давлат чегарасини бузишга бўлган ҳар қандай уринишлар миллий қонунчиликка мувофиқ кескин бартараф этилиши» ҳақида баёнот тарқатди.

Туркман расмийлари, юқорида айтиб ўтилганидек, Афғонистондаги вазиятни очиқчасига изоҳламай келади.

XS
SM
MD
LG