Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2021, Тошкент вақти: 18:05

Афғонистонлик аёллар ижтимоий тармоқларда ўз ҳуқуқлари учун курашмоқда


Толибон талаба қизлар учун қатъий янги кийиниш қоидаларини жорий қилиши ортидан аёллар норозилиги кучайган.

Афғонистонлик аёллар ижтимоий тармоқларда Толибон талаба қизлар учун жорий қилган қатъий дресс-кодни танқид қилмоқда. Афғонистонда Толибон ҳукумати 1990-йилларнинг иккинчи ярмидаги каби қатъий Ислом қонунларини қайтадан жорий қилиши ҳақида хавотирлар кучайган.

Толиблар талаба қизлар учун қатъий янги кийиниш қоидаларини жорий қилиши ортидан кўпчилик эътироз билдирди. Афғонистонлик аёллар ранг-баранг анъанавий либосларни кийган ҳолда расмга тушиб, уларни #кийимларимгатегманг ва #афғонистонмаданияти каби ҳештеглар билан улашдилар. Толибон бошчилигидаги ҳукумат жорий ой бошида эълон қилган фармонга биноан, университет талабалари исломий ниқоб ва абая кийишга мажбурдирлар.

Толибон 1996 – 2001 йилларда Афғонистонга ҳукмронлик қилган даврда қизларга мактабда таҳсил олиш ман этилган, аёлларга эса ишлаш ва таълим олиш тақиқланганди.

Толибон бир ой олдин Кобулда Ғарб дастаклаб келган ҳукуматни ағдариб ташлагач, радикал исломий гуруҳ ўзгарганини, жумладан, аёлларга ва қизларга бўлган муносабати ўзгарганини иддао қилди. Гуруҳ, шунингдек, собиқ мухолифларни афв этишни ҳамда инклюзив ҳукумат тузишни ваъда қилди.

Аммо кўплаб афғонистонликлар хавотирда, айниқса, жангарилар фақат муросасиз эркаклардан иборат ҳукумат тузиб, норозилик намойишларини тақиқлагани ва намойишчилар ҳамда журналистларга тазйиқ ўтказа бошлагани ортидан норозиликлар кучаймоқда.

14 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антонио Гутерриш сўнгги йигирма йил давомида афғонистонлик аёллар ва қизлар учун эришилган ютуқларни сақлаб қолишга чақирди.

«Афғонистонлик аёллар ва қизлар эришган ютуқлар йўқолмаслиги, эшиклар ёпилмаслиги ва умидлари ўчмаслигига ишонч ҳосил қилишни хоҳлайдилар», деб ёзди Гутерриш Twitterда.

«Уларнинг ҳуқуқлари, шу жумладан, таълим ва бошқа муҳим хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мамлакат ва ҳар бир афғон келажаги учун муҳим аҳамиятга эга», дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет Толибонни инсон ҳуқуқлари ҳақидаги ваъдалари устидан чиқмасликда айблади.

«Охирги уч ҳафта мобайнида аёллар ... жамоатчилик доирасидан тобора четлатилди», деди у.

Швейцариянинг Женева шаҳридаги Инсон ҳуқуқлари кенгашига мурожаат қилган Бачелет миллий хавфсизлик кучларининг собиқ ходимлари «қасддан ўлдирилгани ҳақида ишончли айбловлар» борлигини, шунингдек, олдинги маъмуриятларда ишлаган одамлар ўзбошимчалик билан ҳибсга олинаётгани, уларнинг айримлари ҳатто «ўлик ҳолда топилганини» айтди.

13 сентябрь куни Женевада бўлиб ўтган халқаро донорлар конференцияси қатнашчилари яқинлашиб келаётган йирик гуманитар инқироздан огоҳлантирди. Донорлар ҳамжамияти Афғонистонга 1 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатишга рози эканини билдирди.

Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистон учун йил якунигача 600 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратиш керак бўлишини тахмин қилган эди.

Ташкилотига кўра, Толибон мамлакатни эгаллаб олишидан олдин ҳам Афғонистон қурғоқчилик, кўчиш ва гуманитар инқироз ёқасида бўлган. Айни дамда мамлакат аҳолисининг ярми ёрдамга муҳтож экани айтилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сўраган маблағнинг қарийб учдан бир қисми Жаҳон озиқ-овқат дастурига ажратилади. Дастур ходимларига кўра, Афғонистоннинг кўплаб аҳолиси етарлича озиқ-овқат харид қилишга қодир эмас.

Бу маблағ, шунингдек, аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим лойиҳаларини амалга ошириш учун керак. Шунингдек, ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган 3,5 миллионга яқин одамни фавқулодда бошпана билан таъминлаш учун ҳам пул керак бўлади.

15 август куни Толибон ҳокимиятни қўлга олганидан бери бир неча норозилик намойиши ўтказилди. Уларнинг айримлари ҳалокатли тўқнашувлар билан якун топди.

Хабарларга кўра, 14 сентябрь куни Қандаҳорда ўнлаб одам норозилик намойишга чиққан. Бунга аҳолидан турар-жой колониясини бўшатиш талаб қилингани асос бўлган. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида олган видеолавҳаларда оломон катта йўлни тўсиб қўйгани тасвирланган.

Reuters агентлигининг хабар беришича, 3 мингга яқин оиладан уч кун ичида колонияни тарк этиш сўралган.

Афғонистондан қочиб кетган аёл полициячи “яшириниб юрган” ҳамкасблари қисматидан хавотирда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:54 0:00

Толибон аҳолини уйидан ҳайдаш ёки норозилик намойишлари ҳақида ҳали изоҳ бергани йўқ.

Бу орада Афғонистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини «инсон ҳуқуқлари суиистеъмол қилинаётганини тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш учун зудлик билан тергов миссиясини юборишга» чақирди. Хусусан, элчи толибларга қарши ҳаракатнинг сўнги ўчоғи бўлмиш Панжшир водийсига комиссия юборишга чорлади.

«Бугун миллионлаб одам ўз ҳаёти ва инсон ҳуқуқларидан хавотир олар экан, мамлакатда гуманитар инқироз давом этар экан, дунё жим, томоша қилиб ўтиролмайди ва бундай қилмаслиги керак», деди ҳокимиятдан ағдарилган ҳукумат аъзоси Носир Аҳмад Андиша.

«Афғонистон халқи ҳозир ҳар доимгидан ҳам кўпроқ чора кўрилишига муҳтож», деди у.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Ташқи алоқалар қўмитаси 13 сентябрда ўтказган эшитувда АҚШ давлат котиби Антони Блинкен Афғонистондан АҚШ ўз қўшинларини пала-партиш тарзда олиб чиқиб кетганини яна бир бор ҳимоя қилди.

Блинкен, шунингдек, Давлат департаменти афғонистонлик аёллар, қизлар ва озчиликларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш учун юқори лавозимли шахсни тайинлашини айтди.

Блинкен 14 сентябрь куни кечқурун Сенатнинг Ташқи ишлар қўмитаси олдида чиқиш қилиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG