Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:33

Ашраф Ғани Афғонистонни толибларга таслим этгани учун афғон халқидан кечирим сўради


Афғонистоннинг ҳокимиятдан четлатилган собиқ президенти Ашраф Ғани. Видео скриншоти.
Афғонистоннинг ҳокимиятдан четлатилган собиқ президенти Ашраф Ғани. Видео скриншоти.

Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани 15 август куни Кобулни тарк этгани ва мамлакатни Толибон радикал ҳаракати забт этишига йўл қўйиб бергани учун Афғонистон аҳолисидан кечирим сўради.

“Буларнинг барини бошқача тарзда якунлай олмаганим учун афғон халқидан узр сўрайман. Менинг афғон халқига садоқатим мустаҳкам ва бу садоқат умрим охиригача менга йўл кўрсатади”, дейилган қочоқ президентнинг Tolo News телеканали орқали ёйинланган баёнотида.

Собиқ давлат раҳбари айрим хорижликлар унга суиқасд ҳозирлагани, у Кобулдан учиб кетиши билан президент саройига бостириб кириб, уни излаганларини билдирган.

“Мен шундай шароитда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдимки, ҳатто шиппакларимни ечиб, туфли кийишга ҳам фурсат бўлгани йўқ. Энг қийматли буюмларим – китобларим, шахсий қайдларим ва ноутбукимни олишга ҳам улгурмадим. Жўнаб кетиш имкониятларини мамлакатдаги халқаро кучлар билан муҳокама қилишга имкон бўлмади ва хавфсизлик хизмати ходимларининг қистови билан шошилишга мажбур бўлдим. Битта камзулда ватандан чиқиб кетдим. Тафсилотларни, Худо хоҳласа, кейинроқ сўзлаб бераман”, деб ёзган айни пайтда Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турган Ашраф Ғани.

Афғонистоннинг собиқ президенти ўзи билан афғон халқига тегишли миллионлаб доллар пулни олиб қочиб кетгани ҳақидаги хабарларни яна бир бор инкор этган.

Кўпчиликнинг фикрича, Ашраф Ғанининг қочиши – ҳокимиятни Толибонга топшириш режасининг бир қисмидир. Кобулни тарк этиш билан Ғани Афғонистонда миллий бирдамлик ҳукумати тузишга қаратилган барча уринишларни чиппакка чиқариб, халқаро ҳамкорларини мураккаб аҳволда қолдирган.

АҚШ президенти Жо Байден Афғонистон ҳукумати келишиш ва жанг қилишга лаёқатсиз бўлиб чиққанини айтган. “Афғонистон сиёсий раҳбарияти ўз халқи манфаати учун бирлашишга, мамлакат келажаги устида музокара олиб боришга лаёқатсиз бўлиб чиқди... Жаноб Ғани афғон қўшинлари жанг қилади, деб ишонтирган эди, бироқ, аён бўлдики, у янглишган экан”, деган эди АҚШ раҳбари 16 август куни миллатга мурожаатида.

XS
SM
MD
LG