Линклар

Шошилинч хабар
12 май 2021, Тошкент вақти: 16:12

АҚШдаги тадқиқот AstraZeneca вакцинаси барча ёшдагилар учун хавфсиз ва самарали эканини кўрсатди


AstraZeneca тадқиқот давомида вакцина билан боғлиқ ҳеч қандай хавфсизлик муаммолари аниқланмаганини айтмоқда.

АҚШда ўтказилган тадқиқот AstraZeneca ширкати коронавирусга қарши ишлаб чиққан вакцина барча ёшлардагиларни инфекциядан самарали ҳимоя қилишини кўрсатди. Шунингдек, эмланганлар орасида шифохонага ётқизилганлар ва нобуд бўлганлар сони 0 га тушган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги AstraZeneca ширкатига таянган ҳолда хабар берди.

AstraZeneca тадқиқот давомида вакцина билан боғлиқ ҳеч қандай хавфсизлик муаммолари аниқланмаганини билдирди.

Гарчи AstraZeneca вакцинаси 50 дан ортиқ мамлакатда рўйхатга олинган бўлса-да, АҚШда ундан фойдаланишга ҳали расман рухсат берилгани йўқ. Бундан ташқари, ширкат вакцинани ўз вақтида етказиб бера олмаётгани учун унга бўлган ишонч камайди.

COVID-19 билан кечган йил: Ўзбекистон коронавирусни енгдими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:39 0:00

АҚШда ўтказилган тадқиқотда 30 мингдан ортиқ кўнгилли қатнашган. Уларнинг учдан икки қисми вакцина билан эмланган, қолганларига эса бўш доза берилган. Эмланганларга тўрт ҳафта фарқ билан вакцинанинг иккинчи дозаси юборилган.

AstraZeneca баёнот эълон қилиб, ўз вакцинаси симптоматик COVID-19 инфекцияси олдини олишда 79% самара, оғир касалликлар ва касалхонага ётқизишлар олдини олишда эса 100% самарага эга эканини билдирди.

Аммо тадқиқот давомида тўпланган маълумотлар ҳали тўлиқ эълон қилингани йўқ.

Тадқиқот муаллифларига кўра, вакцина барча ёшдагиларга, шу жумладан, кекса одамларга ҳам таъсир кўрсатган.

AstraZeneca Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX (Камбағал давлатларга коронавирусга қарши эмлашда ёрдам) халқаро механизмига киритилган вакциналарнинг биридир. Айрим Европа давлатлари ҳам аҳолини AstraZeneca вакцинаси билан эмламоқда.

Шарқий Англия университети профессори, доктор Пол Хантернинг айтишича, AstraZeneca ширкати эълон қилган натижалар кишини мамнун қилади, аммо ширкат ўз даъволарини тасдиқлаш учун кўпроқ маълумот бериши керак бўлади.

AstraZeneca вакцинасини АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси тасдиқлашидан олдин бир неча босқич текширувдан ўтиши керак бўлади. Хусусан, идора қошидаги маслаҳат қўмитаси AstraZeneca иддаолари ортидаги далилларни кўриб чиқиши зарур.

Олимлар АҚШда ўтказилган тадқиқот AstraZeneca вакцинаси самараси ҳақида юзага келган айрим чалкашликларга ойдинлик киритишига умид боғлашмоқда. Бундан олдин ўтказилган тадқиқотлар вакцина ёшлар орасида самарали эканини кўрсатган, аммо 65 ёшдан ошганлар орасида унинг самарадорлигини тасдиқловчи етарлича маълумот тўпланмаган эди.

Буюк Британия дастлабки синовлар вакцинанинг самарадорлиги 70% эканини кўрсатиши ортидан уни маъқуллади. Аммо кейинчалик бу тадқиқотлар натижалари ишлаб чиқаришдаги хато туфайли нотўғри экани аниқланди.

Бунинг ортидан вакцина кекса ёшдаги одамларни қанчалик яхши ҳимоя қила олиши ва иккинчи дозани қанча вақтдан кейин олиш кераклиги ҳақида саволлар туғилди. Айрим Европа мамлакатлари, жумладан, Германия, Франция ва Белгияда бошида кекса ёшдагиларни ушбу вакцина билан эмлашга рухсат берилмади. Вакцина ёши катталарни ҳам ҳимоя қилиши кўрсатилганидан кейингина бу қарор бекор қилинди.

AstraZeneca АҚШда тўпланган маълумотлар кейинги ҳафталарда АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идорасига тақдим этилишини билдирди. Ширкат шунингдек, тадқиқот натижалари илмий журналда эълон қилинишини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG