Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:19

Трамп: Саудиядаги нефть конларига қилинган ҳужум учун Вашингтон жавоб қайтаришга тайёр


Саудия Арабистонидаги нефть заводларидан бири узра тутун ўрламоқда. 2019, 14 сентябрь.
Саудия Арабистонидаги нефть заводларидан бири узра тутун ўрламоқда. 2019, 14 сентябрь.

Эрон АҚШнинг Саудия Арабистони нефть конларига 14 сентябрь куни қилинган дрон ҳужумлари ортида Теҳрон тургани тўғрисидаги айбловларини рад этди. Мазкур ҳужум оқибатида Саудиядаги нефть конларининг деярли ярми ишламай қолди.

16 сентябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аббос Мусовий:

- Биз бу ножўя ва умуман асоссиз иддаоларни қоралаймиз, - деди.

АҚШ расмийлари ҳужумлар учун масъулиятни Эрон қўллаб келаётган шиа ҳути исёнчилар ўз бўйнига олган бўлса-да, аслида улар ортида Эрон турганини тасдиқловчи далиллар борлигини айтишмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп 15 сентябрь куни Вашингтон ҳужумларга жавоб қайтаришга тайёр эканини таъкидлади.

“Саудия Арабистони нефть конлари ҳужумга учради. Биз ҳужумни ким уюштирганини биламиз, деб айтиш учун асосга эгамиз. Маълумотларимиз тасдиғига кўра, кескин жавоб қайтаришга тайёрмиз. Бироқ биз бу масалада Саудия Арабистонидан уларнинг наздида бу ҳужумни ким уюштирган бўлиши мумкинлиги ва қандай шартлар асосида ҳаракат қилишимиз ҳақида жавоб кутяпмиз”, деб ёзди Трамп ўз Twitter саҳифасида.

Вашингтон дарҳол Эронни айблар экан, бошқа давлатлар ҳужум тафсилотлари ўрганиб чиқилмагунча шошиб чора кўрмасликка чорлади.

Британия ташқи ишлар котиби Доминик Рааб ҳужумлар халқаро қонунчиликка зид эканлигини айтди, аммо ким масъул эканлиги ҳозирча аниқ эмаслигини таъкидлади.

Хитой ҳам ишончли тергов ёки қарорсиз, бошқаларни айблай олмаслигини билдирди.

Саудия нефть заводларига қилинган ҳужум глобал энергия бозорларига салбий таъсир кўрсатди.

Трамп энергия бозорларини барқарорлаштириш учун АҚШ стратегик захираларидан фойдаланишга рухсат берганини айтди. Расмий маълумотларга кўра, АҚШда тахминан 630 миллион нефть захираси бўлиб, ўтмишда нархлар ҳаддан ташқари кўтарилиши олдини олиш учун АҚШ президентлари ундан фойдаланишга рухсат берган ҳолатлар кузатилган.

16 сентябрь куни савдо бошланганида Брент хом нефти нархи 19 фоизга кўтарилиб, баррелига 71,95 долларга етди.

Saudi Aramco ширкатининг хабар беришича, ҳужум ортидан Саудия Арабистонида бир кунда нефть қазиб олиш кўлами 5,7 миллион баррелга озайган. Бу глобал миқёсда кундалик нефть ишлаб чиқариш кўламининг 5 фоизига тўғри келади.

АҚШ расмийлари ҳужумлар йўналиши улар ортида Эрон турганини кўрсатишини, ҳужумларда ҳутилар иддао қилгандек дронлар эмаc, балки қанотли ракеталардан фойдаланилган бўлиши мумкинлигини айтишди.

Эрон АҚШ айбловларини рад этар экан, АҚШнинг минтақадаги ер ва денгиз ҳарбий кучлари Эрон ракеталари ета оладиган ҳудудларда эканлиги айтиб, пўписа қилди.

Ҳужумлар ортидан АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон глобал энергия тармоқларига “мисли кўрилмаган ҳужумларни” бошлаганини таъкидлади.

Эрон ва АҚШ ўртасидаги танглик кескинлашаётган бўлса-да, Оқ уй Трамп Нью-Йоркда 17 сентябрь куни бошланадиган БМТ Бош ассамблеяси йиғинларида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашиши мумкинлигини билдирди.

Мусовий АҚШ айбловлари Эронга қарши бўлғуси ҳужумларга баҳона бўлиши мумкинлигини айтиб, Руҳоний Трамп билан учрашмаслигини айтди.

Эрон Инқилобий гвардия қўмондони Амирали Ҳожизода эса мамлакат урушга тайёр эканлигини билдирди.

2015 йилнинг мартидан бери Саудия Арабистони етакчилигидаги коалиция Яманда Эрон дастаклаб келаётган ҳути исёнчиларга қарши курашиб келмоқда. Жангари гуруҳ Яман пойтахти Санани ҳамда бошқа ҳудудларни қўлга олган.

XS
SM
MD
LG