Линклар

Шошилинч хабар
29 июл 2021, Тошкент вақти: 23:23

АҚШ Сенати Трамп импичменти бўйича тингловларга ҳозирлик кўрмоқда


Трамп айбдор деб топилса, келажакда давлат лавозимларида ишлай олмайди

АҚШда собиқ президент Дональд Трампга иккинчи марта импичмент эълон қилиш бўйича Сенат тингловларига ҳозирлик кўрилмоқда.

Трамп сешанба кунига қадар импичмент айбловига расмий жавобини юбориши керак. Дам олиш кунлари собиқ президент ўзининг етакчи ҳуқуқий маслаҳатчисини алмаштирди.

Дэвид Шон ва Брюс Кастор бошчилигидаги янги адвокатлар жамоаси қисқа вақт ичида Трамп ҳимоясига аргументларни ҳозирлаши керак, чунки суд эшитувлари 9 февраль куни бошланади.

Бунга қарамасдан, Намояндалар палатаси каби Сенат ҳам Трампга импичмент эълон қилишига эришиш осон бўлмайди, чунки импичмент ташаббускорларини етарлича республикачи сенатор қўлламаяпти.

Трампга Сенат ҳам импичмент эълон қилиши учун 50 республикачи сенаторнинг камида 17 нафари собиқ президентга қўйилган «исёнга чорлаш» айбловини қўллаши керак бўлади.

Трамп 20 январь куни ўз лавозимини тарк этгани учун у айбдор, деб топилган ҳолда ҳам, кўп нарса ўзгармайди. Аммо агар Трамп айбдор деб топилса, келажакда давлат лавозимларида ишлай олмайди.

6 январь куни Трампнинг турли штатлардан Вашингтонга йиғилган тарафдорлари Капитолий биноси олдида намойиш уюштириб, бинога бостириб кирган эди. Тартибсизлик конгрессменлар президент сайлови натижаларини тасдиқлашлари лозим бўлган пайтда рўй берган. Тўполон чоғида беш киши қурбон бўлган.

Республикачи сенаторларнинг кўпи Капитолийдаги тартибсизлик юзасидан ўз тарафдорларини гиж-гижлаган Трамп хатти-ҳаракатини танқид қилган бўлса-да, улардан жуда оз қисми амалдан кетган ва партия тарафдорлари орасида ҳалигача катта обрў-эътиборга эга бўлган президентни қоралашга ботина олди.

Кўпчилик республикачилар Конгресс собиқ президентга импичмент эълон қилиш ваколатига эга эмаслигини айтишмоқда. Шунингдек, улар яна бир суд жараёни Трампдан кейинги даврда мамлакатни бирлаштиришга қаратилган ҳаракатларга зарар етказади, деган фикрдалар.

Трампнинг юридик жамоаси собиқ президент 6 январь куни Оқ уй ташқарисида ўз тарафдорлари олдида сўзлаган нутқида сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқидан фойдаланган, деган аргументни илгари суриши мумкин.

Шон аввалроқ Трампнинг кўп йиллик маслаҳатчиси Рожер Стоунга адвокатлик қилган эди. Стоун 2019 йил ноябрда Россия 2016 йилги АҚШ президент сайловларига аралашувини кўриб чиқаётган судга ёлғон кўрсатма беришда айбдор, деб топилган эди. Трамп декабрь ойида Стоунни афв этди.

Кастор эса Пенсильвания округининг собиқ адвокати бўлиб, 2005 йилда жинсий тажовузкорликда айбланган қизиқчи Билл Косбини жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисидаги қарори билан танилган.

Трампга қўйилган айбловларни кўриб чиқадиган 100 нафар демократ ва республикачи сенаторлар бир неча кун ичида бир қарор чиқариши кутилмоқда.

Ўтган йилги импичмент тингловлари уч ҳафтага чўзилган эди. Ўшанда АҚШ Намояндалар палатаси Трампга импичмент эълон қилди. Сенатда эса Митт Ромнидан бошқа бирорта республикачи сенатор Трампга импичмент эълон қилишни қўлламади.

Ўтган йилги Сенат импичмент тингловларида республикачилар гувоҳлар киритилишига тўсқинлик қилган эди. Бу сафарги тингловларга гувоҳ киритилиши ёки йўқлиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Трампнинг ашаддий тарафдори бўлмиш республикачи сенатор Линдси Грэм ўтган ҳафта Fox News телеканалига берган интервьюсида демократлар Сенат тингловларига гувоҳларни чақирса, республикачилар судни «бир неча ҳафта ёки бир неча ойга» чўзишини айтди.

XS
SM
MD
LG