Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:29

АҚШ сенаторлари Хитойнинг уйғурларга қарши геноциди ҳақидаги резолюцияни ишлаб чиқди


Хитой 1 миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмон озчиликларни концентрация лагерлари ва қамоқда сақлаб келишда айбланмоқда
Хитой 1 миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмон озчиликларни концентрация лагерлари ва қамоқда сақлаб келишда айбланмоқда

АҚШ Конгрессининг бир гуруҳ аъзолари Хитой Шинжонда уйғурлар ҳамда бошқа мусулмон озчиликларни геноцид қилаётгани таъкидланган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Агар бу резолюция қабул қилинса, Хитой Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1948 йилда қабул қилинган Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенциясига биноан жавобгарликка тортилиш мумкин. Бу ҳақда 27 октябрь куни сенатор Жефф Мёркли маълум қилди.

«Хитойнинг уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларга ҳужуми – тобора кенгайиб бораётган назорат, қамашлар, қийноқлар ҳамда мажбурий “қайта тарбиялаш лагерлари” – содда ва оддий қилиб айтганда, геноциддир. Америка сукут сақлаб тура олмайди», - деди сенатор.

Резолюция лойиҳасини Мёркли (демократ – Орегон) билан бир қаторда сенаторлар Жон Корнин (республикачи – Техас), Роберт Менендес (демократ – Нью-Жерси), Жеймс Риш (республикачи – Айдахо), Марко Рубио (республикачи – Флорида) ва Бен Кардинлар (демократ – Мэриленд) ҳозирлаганлар.

Бундан олдин ҳам АҚШ сенатида Хитойдаги уйғурлар тақдирига доир резолюциялар қабул қилинган эди. Улардан бири мажбурий меҳнат ёрдамида ишлаб чиқарилган Хитой молларини АҚШ бозорларида сотишни ман этади.

Асли қозоғистонлик этник уйғурнинг Хитой қамоқхонасидаги 15 ойи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:26 0:00

Янги резолюция яқин кунларда кўриб чиқилмайди, чунки Сенат айни дамда таътилда бўлиб, кейинги ҳафтада бўлиб ўтадиган президент сайловлари ўз якунига етганидан кейин қайта иш бошлайди.

Резолюцияда Хитой расмийларининг Шинжондаги уйғурлар, қозоқлар ҳамда бошқа мусулмон гуруҳларга қарши кампанияси «геноцидга тенг экани» эътироф этилган.

Пекин 2017 йилдан бошлаб 1 миллиондан ошиқ уйғур ва бошқа мусулмон халқларни концентрация лагерлари ва қамоқда сақлаб келишда айбланмоқда. Хитой бу шахсларни қийноққа тутиб, ўз динлари ва тилларидан воз кечишга мажбурлаётгани айтилади.

Хитой расмийлари ушбу лагерлар бўлгинчи терроризм ва экстремизмга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган қайта тарбиялаш ва тренинг марказлари эканлигини иддао қилмоқда.

Июль ойида АҚШ уйғурларга қарши «инсон ҳуқуқларини жиддий бузиш ҳолатларига» алоқадор амалдаги ва собиқ Хитой амалдорларига қарши санкцияларни жорий қилди, аммо Хитой расмийларини геноцидда айбламади.

АҚШ Молия вазири Стивен Мнучин ўшанда Шинжондаги вазиятга алоқадор шахсларга қарши молиявий санкциялар жорий қилинишини ваъда қилган эди.

27 октябрь куни Ҳиндистонга хизмат сафари билан борган АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео Хитой Шинжонда кўраётган чоралар «1930-йиллардаги Германияда содир бўлган ҳодисаларни эслатишини» таъкидлади.

АҚШ президентлигига номзод Жо Байден кампанияси Хитой ҳаракатларини геноцид деб атаб, Байден сайловда ғолиб чиқса, Пекинга қарши қатъий чора кўришини айтмоқда.

Холокост ортидан қабул қилинган БМТ конвенцияси ҳукуматларни геноциднинг олдини олиш ва унга масъул тарафларни жазолашга чорлайди.

Конвенцияда геноцид «миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш ниятида» одамларни қирғин қилиш ёки фарзанд кўришларига тўсқинлик қилиш ўлароқ таърифланган.

Хитой бўйича мутахассис Адриан Зенц июнь ойида эълон қилган ҳисоботда Хитой уйғурлар сонини озайтириш учун аёлларни стерилизация амалиётидан ўтишга ёки контрацептив воситалардан фойдаланишга мажбурлаётгани айтилади.

Ҳисоботда Хитой кўраётган чоралар секин ҳаракатланувчи демографик «геноцид»га тенг келиши таъкидланган.

XS
SM
MD
LG