Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:41

АҚШ Намояндалар палатаси спикери Трампга импичмент эълон қилиш учун суриштирув ўтказишни буюрди


Намояндалар палатаси раиси Нэнси Пелоси

АҚШ Конгресси Намояндалар палатасининг демократ аъзолари АҚШ президенти Дональд Трамп ўз қасамёдига “хиёнат қилгани”ни айтиб, уни лавозимидан четлатиш масаласини кўриб чиқиш учун расмий жараён бошланганини маълум қилди.

24 сентябрь куни Намояндалар палатаси раиси Нэнси Пелоси Трамп “ўз қасамёди, АҚШ миллий хавфсизлиги ҳамда сайловлар ҳалоллигига хиёнат қилгани учун” шундай қарорга келинганини айтди.

Пелоси бундай терговга қарши чиқиб келаётган эди, аммо Трамп Украина президенти Володимир Зеленскийга 25 июль куни қилган қўнғироғи давомида собиқ вице-президент Жо Байден ҳамда унинг ўғли Ҳантер Байден билан боғлиқ айтган гаплари ошкор бўлиши ортидан ўз позициясини ўзгартирди.

- Президент жавобгарликка тортилиши керак. Ҳеч ким қонундан устун эмас, - деди Пелоси 24 сентябрь куни АҚШ телеканаллари эфирга узатган нутқида.

- Шундай экан, бугун Намояндалар палатаси расмий импичмент суриштирувини бошлаганини эълон қиляпман, - деди.

Трамп телефон суҳбати давомида Байденларни муҳокама қилганини тан олди, аммо Зеленскийга босим ўтказганини рад этмоқда.

Аммо Трамп суҳбат олдидан ўз ходимларига Украинага ажратилган 400 миллион ёрдам пулини музлатиб туришни буюрганини тан олди.

Байден Демократлар партиясидан 2020 йили бўладиган АҚШ президенти сайловида республикачи Трампга рақиб бўлишга интилаётган номзодлардан биридир. Сиёсатчи Украинага алоқадор қонунбузарликка қўл урганини кўрсатувчи далил йўқ.

Пелосининг баёноти ортидан Трамп тўққиз дақиқа ичида Twitterда бир неча марта пост ёзди. Уларда президент терговни “жодугарларни овлаш” ҳамда президентни “сиқувга олиш” дея қоралади.

Хабарларга кўра, Трамп ўша қўнғироғи вақтида Зеленскийдан 8 марта Байденнинг Украинадаги фаолиятини кўриб чиқишни сўраган.

Ушбу қўнғироқ ҳақида Разведка қўмитасига суҳбатдан хабардор шахс шикоят юбориши ортидан маълум бўлган.

АҚШ Миллий разведкаси директори лавозимини бажараётган Жозеф Магуайр ушбу шикоят Конгрессга юборилиши мумкинлигини маълум қилди.

Пелоси эса АҚШ президенти администрацияси шикоятни Конгрессга беришдан бош тортиб, қонунни бузганини айтди. Хабарларга кўра, шикоятда Трамп Зеленскийга қилган ваъдалар юзасидан хавотир изҳор қилинган.

Зеленский 24 сентябрь куни БМТда Америка овози журналистларининг Трамп босим ўтказганми-йўқлиги ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермади ва:

- Биз мустақил давлатмиз, ҳаммасига тайёрмиз, - дейиш билан чекланди.

Трамп 25 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеяси анжумани давомида Зеленский билан учрашиши кутилмоқда.

Намояндалар палатасидаги республикачилар етакчиси Кевин Маккарти Пелоси қарорини қўлламаслигини айтди.

АҚШ конституциясига биноан президент “хоинлик, порахўрлик ёки бошқа жиддий жиноят ва аҳлоқбузарликлар” учун лавозимдан четлатилиши мумкин.

1868 йилда Эндрю Жонсон, 1998 йилда Билл Клинтон импичмент жараёнига йўлиққан, аммо уларни Сенат оқлаган. 1974 йилда Намояндалар палатаси Ричард Никсонга қарши импичментни маъқуллаган, аммо жараён йўлга қўйилишидан олдин президент истеъфога чиққан.

Трамп айбдор деб топилиши ва ишдан олиниши эҳтимоли оз, чунки ҳозир Сенат бошқаруви республикачилар қўлидадир.

Трамп 24 сентябрь куни Зеленский билан ўтказган суҳбатининг тўлиқ баёни эълон қилинишини айтди.

XS
SM
MD
LG