Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 11:43

Бозор муносабатларига ўтолмаётган бозор.  Ҳукумат нархларни назорат қилувчи тизим яратмоқчи


Тошкентнинг "Эски Жўва" бозори.

Ўзбекистон бозорларида озиқ-овқат нархлари ошиб бораркан, ҳукумат яна маъмурий чоралар билан нарх-навони назорат қилишга уринмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги хабарига кўра, бунинг учун бозорларда нархларни назорат қилувчи махсус тизим йўлга қўйилади.

Бу тизим Тошкентнинг Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори ҳамда Эски Жўва деҳқон бозорида синаб кўрилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган вазирлик мулозимига кўра, мақсад нархларнинг асоссиз ошиб кетиши, маҳсулотлар сунъий танқислиги вужудга келишига йўл қўймаслик.

“Нарх-наво асоссиз ошиши сабабларидан бири чайқовчилик. Маҳсулотлар бозорга бир нечта қўлдан ўтиб келади. Ҳозир шунақа тизим йўлга қўйиладики, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида ортиқча қўллар бўлмасин. Масалан, кимдир бир тонна картошка олиб келди. Қаердан олиб келди, қайси нархда олди, қанчага сотади - ҳамма маълумот ўртада бўлади, чайқовчиликка ва сунъий дефицит пайдо қилишга йўл қўйилмайди”, - деди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг номи очиқланишини истамаган мулозими.

Ўзбекистонда ўсаётган ягона нарса: Нарх-наво
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:46 0:00

“Нарх-навони бозор белгилайди”

Бозордаги сотувчилар эса маҳсулотлар нархини маъмурий-буйруқбозлик йўли билан жиловлашга уринишлар бундан олдин ҳам бўлгани, бозор муносабатларига ҳам, Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларига ҳам зид бўлган бундай амаллар иш бермаганини айтишади.

“Чунки нарх-навони вазирликда ўтирганлар эмас, бозор белгилайди. Мингта қўлдан ўтиб келса ҳам, ҳеч ким бозор нархидан қимматга сотолмайди. Йиллардан бери нархларни ҳар-хил йўллар билан жиловлашга уринишяпти, бўлмаяпти. Нимага? Чунки нарх-наво талаб ва таклифдан келиб чиқади. Агар мўлчилик бўлса, маҳсулот етарли ишлаб чиқарилаётган бўлса, нарх ошмайди ”, - дейди Тошкентнинг “Миробод” бозорида сотувчилик қиладиган тадбиркор.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳоли реал даромадларининг тушиб кетиши манзарасида асосий истеъмол маҳсулотлари нархининг муттасил қимматлаб бораëтгани кузатилади.

Ҳукумат ўтган йилларда бўлгани каби, аҳоли норозилигига маъмурий босим воситасида нархларни сунъий тушириш билан жавоб қайтариб келади.

Аммо Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мулозимига кўра, нархларни барқарорлаштириш тизими тадбиркорларни молларини арзон нархда сотишга мажбур қилиш эвазига бўлмайди.

“Бозорларда ишлаб чиқарувчи ва харидор ўртасида онлайн ахборот алмашиш тизими йўлга қўйилади. Қайсидир бозорда нарх ошиши ҳолати кузатилса, ўша ерга бориб, вазият ўрганилади, гўшт қиммат бўлса, заҳирадан ўша бозорга гўшт етказилади, шу йўл билан нархлар мўътадиллаштириб борилади”, - дейди Озодлик суҳбатлашган вазирлик мулозими.

Мирзиёевнинг қарама-қарши нарх-наво сиёсати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июнь кунги ҳукумат мажлисида вазирлик ва маҳаллий раҳбарларни тадбиркорларга озиқ-овқат нархларини паст нархда ушлаб туришлари учун босим ўтказганликда айблаган эди.

“Нархларни арзон ушлаб туриш тадбиркорлар ва чорвадорларни ўз маҳсулотларини арзон нархларда сотишга мажбур қилиш эвазига бўлмаслиги керак.. Аввало, бозорда таъминот ҳажмини ошириш керак”, - деб айтган президент Шавкат Мирзиёев.

Бундан аввал Мирзиёев прокурор ва департамент раҳбарлари ҳамда бозор директорларини нархларни назорат қилмаётганини учун танқид қилганди.

“Бизда маҳсулот етади. Бозорнинг директори маҳсулот нархини қанча кўтарса, шунча кўп даромад кўради. Бу на прокуратура ва на департамент назоратига олинган?”, - деган эди Мирзиёев ўтган йил 16 октябр кунги ҳукумат мажлисида.

Ўзбекистон президентининг бу чиқиши ортидан мамлакат бозорларида нарх-навони жиловлаш учун ҳокимлик ва вазирлик ходимлари савдогарларга босим ўтказиб, уларни иложи борича паст нархда ушлаб туришга мажбурлашга киришди. Баъзи бозорларда буйруқни бажармаган савдогарларнинг касса ҳисоблагичлари тортиб олингани ҳақида хабарлар олинган.

“Тадбиркорларни эркин қўйиш керак”

Иқтисодий таҳлилчи Сапарбай Жубаев фикрича, маъмурий-буйруқбозлик билан нарх-навони жиловлаб бўлмайди.

“Тадбиркорларни эркин қўйиш керак, ишлаб чиқариш учун шароит яратиб бериш керак. Ишлаб чиқариш ортса таклиф ортади, ўз-ўзидан нарх тушади”, - дейди Жубаев.

Тошкент бозорлари ва супермаркетларида 16 июнь ҳолатига мол гўшти ва қўй гўшти 70 мингдан 100минг сўмгача (7-10 доллар) сотилмоқда.

Бу бир йил олдингига нисбатан 30-40 фоизга юқори.

Йил бошидан апрел ойигача ўсимлик ёғи нархи 30 фоизга ошди.

Нарх-навонинг ўсиши аҳоли реал даромадларининг тушиб кетиши манзарасида юз бермоқда.

Шу йил мартида Ўзбекистон Марказий банки ўтказган сўровда ҳар уч респондентдан икки нафари ўтган 2020 йилда даромадлари кескин тушиб кетганини айтган. Сўровда қатнашганларнинг 46 фоизи бир ойлик даромади 3 миллион сўмни (ўша пайтдаги валюта айирбошлаш курси бўйича тақрибан $290) ташкил этганини билдирган.

XS
SM
MD
LG