Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2020, Тошкент вақти: 07:26

Таниқли актриса Мадина Мухторованинг ўғли калтаклангани юзасидан ИИБ суриштирув бошлади


Мадина Мухторова ва унинг ўғли Мирфайз Алимжонов.

Ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида 2 январь куни тарқалган “калтакланган бола видеоси”ни кўрган фаоллар ИИБ га мурожаат қилиб болани тажовуздан ҳимоя қилишни сўради.

Тошкент шаҳар, Юнусобод туман Ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ФМБ) навбатчилик қисми ходимининг Озодликка айтишича, 2 январь куни 7 синф ўқувчиси, 13 яшар Мирфайз Алимжонов "юз ва тана соҳасининг кўплаб қонталашлари ва лат ейишлари" ташхиси билан мурожаат қилган ва бу юзадан терговгача суриштирув бошланган.

Юнусобод туман ИИО бўлими ходимлари ўтказган терговгача суриштирув чоғида бола Ўзбекистон Миллий академик драма театри актрисаси Мадина Мухторованинг кенжа ўғли экани аниқланган.

Бу маълумотни Озодликка Мирфайз Алимжонов ўқиëтган Юнусобод туманидаги 258-сонли ўрта таълим мактабнимнг исмини айтмаган ўқитувчиси ҳам тасдиқлади.

Озодликнинг Мадина Мухторовага қилган қўнғироғига жавоб берган аёл унинг ҳеч кимга изоҳ бермаслигини айтди.​

Ижтимоий тармоқларда 2 январда тарқалган видеода кўрпача устида юз-кўзи кўкарган ҳолда ëтган бола тасвири кўринади. Аëл киши саволларига жавоб берган бола мунтазам калтакланиб, хўрлангани ҳақида шикоят қилади. 5 минутча давом этадиган видеодаги бола қўли ишламаëтгани ва қаттиқ калтак еганини айтиб кўз ëши қилади.

Мазкур видеодан кадр
Мазкур видеодан кадр

Вазиятни ўрганган блогерларнинг муштарак фикрига кўра, бола билан унинг онаси Мадина Мухторова суҳбатлашган.

Мақола тайëрланаëтган пайтда Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳолат юзасидан расмий баёнот тарқатди. Баёнотда бундай дейилган:

"Боланинг онаси Ўзбекистон Миллий академик драма театри актрисаси Мадина Мухторова вояга етмаган Мирфайз Алимжоновнинг тарбияси бузилиб, кўп вақтини кўчада ўтказаётганлиги ва унинг хулқ-атворидаги ўзгаришлар сабабли 2020 йил 2 январь куни соат тахминан 12:30 ларда ўртанча ўғли Санжар Мухторовдан укаси билан гаплашиб қўйишни сўраган. Шу сабабли С.Мухторов Юнусобод тумани 19-мавзе 35-уй 115-хонадонга келиб, укаси, вояга етмаган Мирфайз Алимжонов билан онаси Мадина Мухторова иштирокида суҳбатлашган вақтида укасининг қўпол муомалада бўлганлиги ва гапларига қулоқ солмаганлиги сабабли уни қўли билан юз ва тана қисмидан туртиб силталаганлиги натижасида вояга етмаган М.Алимжоновнинг танаси кўкариб, тан жароҳати олган, шундан сўнг М.Мухторова вояга етмаган фарзандининг танасида кўкаришлар борлиги сабабли уни соғлиғини текширтириш мақсадида шифохонага олиб борган”.

Баëнот охирида ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан томонларнинг кўрсатмаларини текшириш бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилаëтгани” таъкидланган.

Юнусобод туман ИИО ФМБ баёноти ортидан Телеграм тармоғида Мирфайз Алимжоновнинг ёши 35 лардаги аёл қариндоши видео эълон қилди. Аёлнинг иддао қилишича, Мирфайзни ўгай акаси Санжар Мухторов мунтазам калтаклаган ва подвалга қамаб қўрқитган.

Қариндошининг айтишича¸ у Мирфайзни қўлидан ушлаб Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борган.

Касалхонанинг исми айтилмаслигини сўраган врачи Озодликка Мирфайз касалхонага келтирилганини тасдиқлар экан, бундай маълумот берди:.

- 2 январь куни берилган 62-сонли маълумотномани ўқиб бераман. Болага юз ва тана соҳасининг кўплаб қонталашлари ва лат ейишлари ташхиси қўйилиб, амбулатор даволаниш тавсия этилган.

Телеграм каналида чиқиш қилган Мирфайз Алимжоновнинг қариндоши "бола муаммоли оилавий муҳит қурбони эканини, уни ўгай акаси мунтазам калтаклаб келганини" иддао қилди.

Озодлик Мирфайз яшайдиган хонадонга бориб, вазият билан танишган фаоллар: Диля ва Учқун билан гаплашди. Айтишларича, уларда ҳам оилавий муҳит яхши эмас, деган фикр пайдо бўлган.

Озодлик Мадина Мухторованинг уй ва қўл телефонларига қўнғироқ қилди. Телефонни кўтарган аëл киши Мадина Мухторова терговчи хонасида экани ва ҳеч кимга изоҳ бермаслигини айтди.

Юнусобод туман ИИО ФМБ навбатчилик қисми ходимининг Озодликка айтишича¸ бола ва унинг онаси Мадина Мухторова туман ИИО ФМБ ХПБ вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспектори ва психологи иштирокида суҳбатдан ўтган.

Суҳбат чоғида Мирфайз Алимжонов ўгай акаси Санжар.Мухторовга нисбатан эътирози йўқлигини айтган.

Санжар Мухторов эса, ўз навбатида ижтимоий тармоқда видео чиқариб “муаммо йўқлигига” жамоатчиликни ишонтиришга уринди.

Телеграм каналида чиқиш қилган Мирфайз Алимжоновнинг қариндоши ва Озодлик суҳбатлашган фаоллар - Диля ҳамда Учқуннинг айтишича, бу “уйдаги гапни кўчага чиқармаслик ва зўравон акани жазосиз қолдиришга“ уриниш холос.

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшуноснинг айтишича¸ болани калтаклаган акаси Санжар Мухторовга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

Айни пайтда Мирфайз Алимжонов ўз акасига қарши ариза ëзмаслигини Телеграм орқали қилган чиқишида таъкидлади.

Адвокатнинг айтишича “боланинг даъвом йўқ деб ариза бермагани жиноят иши очилишига тўсқинлик қилмайди:

- Қонун жабрланувчининг руҳий босим остида эканини, ночор айбланувчининг қўрқишини хисобга олиб, аризасиз ҳам жиноят иши очилишига изн беради.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG