Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2021, Тошкент вақти: 05:23

Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов бош прокурорни коррупцияда айблади (ВИДЕО)


Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов.

11 декабрь куни Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга видео мурожаат эълон қилди.

Ижтимоий тармоқлар орқали ёйинланган мурожаатда Жасур Фозилов Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевни Бухородаги криминал шахсларни қўллаш ва вилоятдаги коррупция ҳолатларига алоқадорликда айблайди.

Уч ой аввал вафот этган Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев раҳнамолигида ишлаб келганини таъкидлаган Фозилов унинг ўлимидан сўнг босимга учраётгани ва ўзига нисбатан текширув бошлангани сабаб мурожаат билан чиққанини айтади.

Бош прокуратура Жасур Фозиловнинг барча иддаолари текширилиши ва текширувда жамоатчилик назоратини таъминлашга тайёрлигини билдирди.

Прокурор мурожаати

Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов 1 соат 6 дақиқадан иборат видео мурожаатида бевосита бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга қарши даъволарни илгари сурди.

“Ҳурматли бош прокуроримиз ва унинг учта ходими томонидан қилинаётган жиноятлар ҳақида айтиб бермоқчиман”, дея Фозилов бош прокурорни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, вазифасидан четга чиқишда айблайди.

Фозилов 1 декабрь куни унинг устидан хизмат текшируви бошлангани, ўзи ва қариндошлари тергов қилингани ортидан ушбу мурожаатни эълон қилганини айтади:

“Катта мансабдор шахсман. Лекин иложим йўқ… Улар жиноят қилиб, бизга тазйиқ қилишига, ўзининг жиноятини яшириш учун бунақа тазйиқ қилишига мен чидаб туролмайман”.

Фозилов Бухорода пулларни нақдлаштириш билан шуғулланувчи фирма 10 миллиард сўмни солиқдан яширгани бўйича тергов бошлагани, бироқ тергов холис ўтказилишига бош прокурор бошчилигида босим бўлаётганини иддао қилган.

Ушбу фирма эгасини криминал авторитет сифатида таърифлаган Фозилов уни бош прокурор шахсан қўллаб келаётганини айтади.

Ўзига нисбатан хизмат текшируви ҳам айнан ўша фирмага нисбатан ишни тўхтатмагани ортидан бошланганини айтган Фозилов “ҳурматли бош прокуроримиз жиноятчиларнинг устида ўтирибди” дея Ниғматилла Йўлдошевга қарши компроматлари борлигини таъкидлайди:

“Кадровой масалада кимдан қанча олиб, кимни қаерга қўйганини, ҳаммасини айтиб бераман. Ҳурматли бош прокуроримиз келиб, бу ерда 15 кун юрганида нималар бўлганини ҳам ҳаммасини айтиб бераман”.

Фозилов Mega Bukhara савдо мажмуаси қурилишига ҳам бош прокурорнинг бевосита алоқадорлигини ва бу ерда коррупция ҳолатлари бўлганини иддао қилади.

Фозилов иддаосича, савдогарларга янги дўконлар катта суммада сотилган ва савдогарлардан тушган пуллар нақдлаштирилиб, маълум шахслар ўртасида бўлиб олинган.

“Пуллар қаерга кетаётганини биламан. Кимнинг доляси борлигини ҳам биламан” дея Фозилов савдо маркази қурилишига “сохта инвесторлар” жалб қилинганини иддао қилади:

“Миллиардлаб олинган мошенничество йўли билан. Буни ҳам текшириш керак. Улар инвестор эмас ҳеч қанақа. Американский фирма дейди. Инвестор эмас, иккита мошенник одамларнинг пулига қуряпти. Иккита мошенник одамларни қон қақшатиб пулларини нақд қилиб, чиқариб кетаяпти булар. У ёқда кредит расмийлаштиряпти. Лекин бу одамларнинг пули. Ҳеч қанақа инвестиция киритмаган”.

Фозилов ушбу савдо марказида ўзининг ҳам 8та дўкони борлигини, уларни арзон нархда олганини ҳам яширмайди. Бу дўконлар укаси, тоғаси ва ҳайдовчисининг отаси номига расмийлаштирилганини айтади.

Шунингдек, Фозилов болалар боқчалари қурилишида ва бошқа мақсадларда ҳомийлик маблағларидан фойдаланганини ҳам тан олади ва қонунбузилишга йўл қўйгани аниқлангудек бўлса, жавоб беришга тайёрлигини айтади.

Фозилов уч ой аввал вафот этган Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев қўлловида ишлаб келганини яширмайди. Барноевнинг ўлимидан сўнг босимга учраганини айтган, Фозилов "агар Барноев тирик бўлганида бош прокурор Бухорога яқинлаша олмасди", дейди.

Фозилов бош прокуратурада ўзи ҳам ишлаганини айтар экан, жиноятларни ёпиш ва сохталаштиришдан яхши хабардорлигини гапиради:

“Менинг бу гапларимдан кейин эртадан кўролмай қолсаларингиз ҳайрон бўлманглар. Бугун бостириб келиб, олиб кетишлари ҳам мумкин”.

Расмий баёнот

Бош прокуратура Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов мурожаати бўйича расмий баёнот эълон қилиб, Фозилов тилга олган ҳолатларга тўлиқ ва ҳаққоний баҳо берилишини билдирди.

Бош прокуратура биноси.
Бош прокуратура биноси.

“Бош прокуратура мурожаат ва баёнотда билдирилган барча масалалар бўйича шаффоф ва ошкора ўрганиш ўтказилишини, бунда жамоатчилик назоратини таъминлаш учун доимий ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилади”, дейилади расмий баёнотда.

Бош прокуратура Жасур Фозиловга қарши бухоролик тадбиркор аризаси асосида текширув ўтказаётганини айтган.

Баёнотдан маълум бўлишича, тадбиркор ўз аризасида Жасур Фозиловнинг тазйиқи билан Бухоро шаҳрида қурган йирик савдо мажмуасидаги дўконлардан бирини арзон нархда яъни 1 метр квадратининг ҳақиқий нархи 20 миллион сўм бўлган савдо дўконини шаҳар прокурорига 5 миллион сўмдан сотганини айтган.

Тадбиркор орадан бир йил ўтиб, яъни жорий йилнинг октябрь ойида Фозилов шу нархдан яна битта дўконни сотишини талаб қилганини, рад жавобини бергани учун шаҳар прокурори уни терговга чақириб, жавобгар қилиш билан қўрқитаётганини айтган.

“Ушбу ҳолат бўйича Ж.Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида у 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилинган”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG