Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:05

Грузия полицияси сайлов тизими ислоҳотини талаб қилаётганларни яна сув отиб тарқатди


Грузия полицияси парламент ёнидаги норозилик намойишчиларини тарқатиш учун сув тўпларини ишга солди 2019, 26 ноябрь тонги.
Грузия полицияси парламент ёнидаги норозилик намойишчиларини тарқатиш учун сув тўпларини ишга солди 2019, 26 ноябрь тонги.

Бир неча минг киши сайлов тизимини ислоҳ қилишни талаб этиб чиққанидан сўнг орадан бир неча соат ўтиб, Грузия полицияси тонг олдидан тарқалиш учун 30 дақиқалик ультиматум – қатъий талабини эълон қилди. Шу вақт ўтиб бўлгач, парламент ёнидаги норозилик намойишчиларини тарқатиш учун сув тўпларини ишга солди ва бир неча фаолни ҳибсга олди.

Грузия Ички ишлар вазирлиги 26 ноябрь эрталаб берган баёнотида айтилишича, 28 намойишчи “полицияга бўйсунмагани ва безорилиги” учун ҳибсга олинган. Олдинроқ берилган хабарларда ҳибсга олинганлар орасида мухолифатдаги “Бирлашган миллий ҳаракат”нинг икки аъзоси Ако Минашвили ва Гиа Тевдорадзе ҳам бўлгани айтилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 киши яраланганини ва уч нафари касалхонага ётқизилганини хабар қилди. Маҳаллий ахборот воситалари билдиришича, “Мтавари Алхи ТВ” канали журналисти Васил Дабрундашвили ҳам яраланган. Унинг ҳали ҳам шифохонада экани ёки йўқлиги аниқ эмас.

Полиция айни пайтда парламентга кириш жойларини назорат қилиб турибди, ўнлаб намойшчилар ҳам ўша ердан кетмаяпти. Улар мақсади депутатларни бинога киритмаслик эканини айтмоқда.

Мухолифатдаги “Янги Грузия” партияси раҳбари Гиорги Вашадзе 26 ноябрда тедевидениега берган интервьюсида ҳокимиятдаги “Грузия орзуси” партияси “парламент мажлисини фақат полициядан фойдаланган ҳолда ўтказа олиши”ни таъкидлаган эди.

‒ Агар полиция кордони имконият берса, биз парламентга кирамиз, ‒ деди Вашадзе.

Норозилик намойишчилари бир кун олдин “Грузия орзуси” партияси келаси йилдан бошлаб аралаш сайлов тизимини пропорционал тизимга ўзгартиришдан бош тортгандан сўнг парламент олдига йиғилган эди.

20 дан ортиқ мухолифат гуруҳи тарафдорлари Тбилисидаги Республика майдонидан парламент томон юриш бошлаб, шаҳардаги энг серқатнов Руставели шоҳкўчасида уловлар ҳаракатини тўсиб қўйди.

Норозилик намойишчилари ҳукуматни истеъфога чиқишга ва сайловни эртароқ ўтказишга даъват этиб, депутатларни парламентга киритмасликка ваъда берди. 26 ноябрда унинг биносида ялпи мажлис ўтказилиши режалаштирилган.

25 ноябрда ҳокимиятдаги партия бош котиби, Тбилиси шаҳри мэри Каха Каладзе партия мажлисидан сўнг “масала ёпилди ва сайлов тизимида ўзгариш бўлмайди”, деган эди.

Мухолифатга кўра, мавжуд ҳолат 2012 йилдан бери ҳокимиятни эгаллаб келаётган “Грузия орзуси” партияси фойдасига ишламоқда.

Парламент 14 ноябрда пропорционал сайлов тизимига ўтишга оид конституционал ўзгаришни рад этгандан сўнг, бу қарийб икки ҳафтадан бери қизғин мавзу бўлиб қолмоқда

Минглаб намойишчилар Тбилисида июнь ва июлда бир неча ҳафта, яқинда яна ўтказган митингларида сайлов тизимини ислоҳ этишни талаб қилиб чиққан эди.

18 ноябрда ўтказилган норозилик намойиши зўравонлик билан тарқатиб юборилган, 37 намойишчи қўлга олинган эди.

Мавжуд тизимга кўра, парламентдаги депутатларнинг қарийб ярми пропорционал овоз бериш йўли билан сайланади. Мухолифат бу тизим “Грузия орзуси” партиясига адолатсиз ён босади, деб ҳисобламоқда.

Янги норозилик намойишининг зўравонликка айланиб кетиш эҳтимоли Ғарб дипломатларида ташвиш уйғотмоқда.

17 ноябрда Тбилисида 20 000 киши намойишга чиққач, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Грузия ҳукумати, сиёсий партиялари ва фуқаролик жамиятини навбатдан ташқари сайлов бўйича “тинч ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот” қилишга чақирган эди.

ЕИнинг Грузиядаги делегацияси ва АҚШ элчихонаси 17 ноябрдаги қўшма баёнотида “парламент конституцион тузатишларни қабул қила олмаётгани сабабли Грузия жамияти кенг қатламларининг ҳафсаласи пир бўлганини эътироф этаётгани”ни билдирди.

Ушбу масала юзасидан овоз берилиши Европа кенгаши Парламент ассамблеясининг (ПАСЕ) ҳам танқидига сабаб бўлган эди.



XS
SM
MD
LG