Линклар

Шошилинч хабар
08 апрел 2020, Тошкент вақти: 17:11

ДХХ “Ўздонмаҳсулот” раиси Ҳайдаровнинг куëвини пора билан ушлади. Ҳайдаров ҳам олиб кетилди


Иллюстратив сурат

“Ўздонмаҳсулот” компаниясида ишловчи бир-биридан мустақил мулозимларнинг Озодликка билдиришича, ширкат раиси Сурат Ҳайдаров ва унга котиблик қилиб келган куëви Жамшид Шарипов республика ДХХ ходимлари томонидан олиб кетилган. Воқеа тафсилотларидан хабардор мулозимлар иддаосича, Ҳайдаровнинг куёви катта миқдорда пора олаётган пайти ушланган.

Ҳозирча расман “Ўздонмаҳсулот” раиси лавозимида қолаëтган Ҳайдаровнинг жиноий ишга тортилган-тортилмагани¸ унинг эҳтиëт чораси сифатида ҳибсга олинган-олинмагани Озодликка маълум эмас.

“Ўздонмаҳсулот” компаниясини бир йилу 5 ойдан буён бошқариб келаётган Сурат Очилович Ҳайдаров 28 июнь куни Тошкентдаги уйида Республика ДХХ ходимлари томонидан олиб кетилган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган “Ўздонмаҳсулот” мулозими иддаосига кўра, Ҳайдаровнинг куёви Жамшид Шарипов Тошкент вилоятидаги ун заводларидан бирини сотиш учун пора олаётган пайти ушланган.

“Сурат Очиловичнинг куёви ўша куни Жамшид Шарипов Жиззахнинг Зомин туманидаги Даштобод дон қабул қилиш шохобчасига бориб, қайтиб келаётганида йўлда катта миқдордаги долларни пора сифатида олаётган пайти ушланган. Пора Тошкент вилоятидаги ун заводларидан бирини сотиш учун олинган. Бу воқеадан аввалдан хабар топган Республика ДХХ ходимлари пора бермоқчи бўлган йигитлар билан бирга бўлган яъни Ҳайдаров ун заводни сотиш учун пора сўрагач, ўша йигитлар ДХХга чиқишган ва биргаликда ушбу операцияни амалга оширишган. Ҳайдаров куёви билан биргаликда Жиззахда командировкада бўлган. Куёви ДХХ томонидан ушлангач, Ҳайдаров дарров Жиззахдан қочиб, Тошкентга келган. Лекин ўша куни кечқурун у Тошкентдаги уйида қўлга олинган”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор “Ўздонмаҳсулот” компанияси мулозими исмини очиқламаслик шарти билан.

Айни пайтда Озодлик ихтиëрида Сурат Ҳайдаров ва унинг котиби бўлиб ишлаган куёви Жамшид Шариповнинг қўлга олингани ва воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилганини тасдиқловчи расмий ҳужжат йўқ.

Ҳозирда Ҳайдаров ва куёвининг қаерда сақланаëтгани ҳам Озодликка маълум эмас.

“Ўздонмаҳсулот” ширкатининг Озодлик гаплашган ходимига кўра, бошлиқ ва котиб ушлангани ҳақидаги хабарлар ортидан ДХХ ходимлари Сурат Ҳайдаровнинг иш кабинетини муҳрлаб кетган.

“Ҳайдаровнинг кабинетини печатлаб кетишди. Бошлиқ котиби ҳам ҳибсда бўлгани учун Ҳайдаров қабулхонасига навбатчи қўйилган. Бир неча ходим навбати билан қабулхонада навбатчилик қилиб, келган телефон қўнғироқларига жавоб бераяпти”, дея “Ўздонмаҳсулот” ходими Ҳайдаровнинг муҳрланган кабинети суратини Озодликка жўнатди.

Ўзини Ҳайдаров қабулхонасида навбатчилик қилаëтган ходим сифатида таништирган "Ўздонмаҳсулот" хизматчиси¸ Озодликнинг Сурат Ҳайдаров ушланганига оид саволларига жавоб бера олмаслигини билдирди.

“Ўздонмаҳсулот” компанияси расмийларидан олинган маълумотга кўра, Сурат Ҳайдаров ишга чиқмаëтгани боис ширкатнинг “Дон ресурслари ва уларни ташишни ташкил этиш” бошқармаси бошлиғи Ферузбек Ниязовга “компания бошқарувига қараб туриш” топширилган.

Ферузбек Ниязов Озодлик билан суҳбатда бу маълумотни инкор қилмади, бироқ ўзининг ҳозирча бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб расман тайинланмаганини таъкидлади.

“Ўздонмаҳсулот” расмий сайтида 3 июнь куни ҳам Сурат Ҳайдаров компания бошқарув раиси лавозимида қайд этилган.

Компания кадрлар бўлимининг Озодлик боғланган ходимларидан олинган маълумотга кўра, Ҳайдаров ҳозирча “хизмат сафарида” деб расмийлаштирилган.

“Ҳайдаров ғалла ўрими бошланганидан буён командировкада юрибди. Ҳозир ҳам командировкада деб қайд қилинган. Бизга уни бўшатиш тўғрисидаги маълумот келмади”, деди кадрлар бўлимининг исмини очиқламаётганмиз ходимаси.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг расмий сайти йўқлиги боис улар билан боғланиш учун телефон рақамлари Озодликда мавжуд эмас.

Озодлик мухбири ҳозирча ДХХ билан боғланишнинг ягона йўли- ташкилотнинг Фейсбукдаги расмий саҳифаси орқали Ҳайдаров ва унинг куёви воқеаси бўйича изоҳ сўради.

3 июль куни Тошкент вақти билан соат 15:31да юборилган сўровга рус тилида "Тез орада жавоб беришга ҳаракат қиламиз ва сиз билан яқин орада боғланамиз" деган жавоб олинди¸ аммо 3 июль кун давомида ДХХдан бошқа жавоб бўлмади.

49 яшар Сурат Ҳайдаров асли самарқандлик бўлиб, 1994 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Бир неча йил Самарқанддаги қатор лавозимларда ишлаган, кейин Республика Ҳисоб палатаси ва “Ўзкимёсаноат” ширкатида нуфузли лавозимларда ишлаган.

2017 йил 21 февралида “Ўздонмаҳсулот" аксиядорлик компанияси бошқарув раиси этиб тайинланган.

Шарҳларни кўринг (13)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG