Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2021, Тошкент вақти: 03:41

Жаҳонгир Отажонов хонадонига ҳужум: "Эрк" президентликка номзодини илгари сурди (ВИДЕО)


Инстаграм саҳифасидаги баёнотида Отажонов ўз уйига бостириб кирган оломон томонидан ҳақоратлангани ва тухумбўрон қилинганини айтган.

26 май куни мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси шу йил октябрида ўтадиган президентлик сайловларида собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов номзодини илгари сурди.

“Эрк” фаоли Абдусалом Эргашев Озодлик билан суҳбатда Тошкентда бир гуруҳ ”маҳсус аёллар отряди” ҳужумига қарамай, Отажонов номзодини "партия бир овоздан тасдиқлагани"ни айтди.

“26 май куни соат 11.00 атрофида 20 чоғли эркак ва аёллар эркчилар учрашуви режаланган Отажоновнинг Тошкентдаги хонадонига бостириб кириб, бақир-чақир қилиб, йиғилишимизни бузмоқчи бўлди. Лекин бунгача Отажонов номзоди аллақачон тасдиқлаб бўлинган эди. Ҳозир расман эълон қилдик, Жаҳонгир Отажонов президентликка “Эрк” партиясидан номзод”, - деди Эргашев.

“ОБОН”чилар ҳужуми

Инстаграм саҳифасидаги баёнотида Отажонов ўз уйига бостириб кирган оломон томонидан ҳақоратлангани ва тухумбўрон қилинганини айтган.

“Бугун “Эрк” партияси билан танишиш мақсадида маслаҳатли ишлар билан меҳмон чақирган эдим. Мана шунақа театр қўйиб кетишди”, - деди Отажонов Инстаграм-каналида.

Ўз баёнотига илова қилинган видеода йигирма чоғли одам уйда уни ўраб олиб, бақир-чақир қилаётгани акс этган.

Жаҳонгир Отажонов Озодлик билан суҳбатда "ҳужумчи"лар "Кўзгу" блогери Абдуқодир Мўминовнинг фотоаппаратини синдиришганини айтди.

"Бирданига бостириб киришди. Бақир-чақир қилишди. "Кўзгу" блогери Абдуқодир Мўминов ҳам келганди, уни 1 ярим минг доллар турадиган фотоаппаратини синдиришди. Бўлиб ўтган ҳужум бўйича участка нозири ва ички ишларга шикоят қилдик. Менга ҳужумдан афсусланимадим, лекин халқни шу даражага тушиб қолганига афсусланаман", - дейди Отажонов.

Озодлик билан суҳбатда “Эрк”фаоллари ҳужум ортида "амалдаги президент ва унинг куч ишлатар тузилмалари турибди", дея ҳисоблашларини таъкидлашди.

“ОБОНчилар ҳужуми биринчи марта бўлаётгани йўқ. Олдин Ҳидирназар Аллақулов партиясига ҳужум қилинди. Бу ҳужумлар энг тепадан берилган буйруқ бўйича қилиняпти, деб ўйлаймиз”, - деди “Эрк” фаоли Абдусалом Эргашев.

“Мени назаримда тепанинг рухсатисиз қилинмайди бунақа ҳужум. Бировни уйига бостириб кириш учун изн бор буларда”, - дейди партиянинг яна бир фаоли Бахтиёр Исабеков.

Ўзбекистон расмийлари мухолифат фаоллари дуч келаётган бу каби ҳужумлар юзасидан ҳозиргача сукут сақламоқда.

“Эрк” партияси фаолларига ҳужум Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ҳайъати Тошкентда бўлиб турган пайтда юз берди.

“ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясига мурожаат қилиб, бўлиб ўтган воқеалар ва Жаҳонгир Отажонов “Эрк” партиясидан номзод экани ҳақида аризани топширдик”, - деб айтди Бахтиёр Исабеков.

Муҳаммад Солиҳ: Мирзиёев “Эрк”дан қўрқади

“Эрк” партиясининг муҳожиротдаги раҳбари Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда Тошкентда ўз партиядошларига қилинган ҳужум ортида шахсан президент Мирзиёев турганига ишонишини айтди.

“Буни орқасида мутлақо президент Мирзиёев турибди. Бундай ҳолат президент рухсатисиз бўлмайди. Жаҳонгир Отажон ва партия фаолларига ҳужум қилган тўда Мирзиёевнинг тўдасидир. Лекин партия виртуал овоз бериш йўли билан номзодни тасдиқлади. Бизни номзодимиз Жаҳонгир Отажон”, - деди Муҳаммад Солиҳ.

"Эрк" мухолифат партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.
"Эрк" мухолифат партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.

24 май куни ДИИҲБнинг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари — ДИИҲБнинг сайловлар бўйича катта маслаҳатчиси Алексей Громов ва бюронинг сайловлар бўйича маслаҳатчиси Мартина Баркер-Циганикова Тошкентга келди.

Ташриф доирасида улар сайловларни ўтказишга масъул бўлган бир қатор ташкилотлар вакиллари, шу билан бирга сиëсий мухолифат фаоллари билан учрашиши режаланган.

Жорий йил октябрида бўлиб ўтадиган президент сайловига тайёргарлик жараёнларини ўрганиш мақсадида келган ЕХҲТ махсус миссияси бўлажак президент сайловини ДИИҲБ томонидан кузатишга зарурат бор ёки йўқлигини ўрганади.

Ҳатто ЕХҲТ олдида обрўсини йўқотиш даражасида биздан қўрқади Мирзиёев

ЕХҲТ ҳайъати Тошкентда бўлиб турган бир пайтда муҳолифатга ҳужумлар Мирзиёев ва унинг “ислоҳотлари”га путур етказиши инобатга олинса, бундан мамлакат раҳбариятига нима наф?

Озодликнинг бу саволига Муҳаммад Солиҳ: “Бугунги воқеа Мирзиёев ЕХҲТдан кўра “Эрк” партиясидан кўпроқ қўрқишини кўрсатди. Ҳатто ЕХҲТ олдида обрўсини йўқотиш даражасида биздан қўрқади Мирзиёев”, - дея жавоб қилди.

Санъатдан сиёсатга

Ўтган йил декабрида қўшиқчилик фаолиятини тугатишини эълон қилган 42 яшар Отажоновнинг шу йил январида Ўзбекистондаги президент сайловларида номзодини илгари суриши ҳақида қилган баёноти тармоқларда турлича қаршиланди.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигига мувофиқ, президентликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилади.

Отажонов ва бошқа фаолларнинг Ўзбекистон ичкарисида мухолиф партия тузишга уринишлари қаршиликка учради.

Шу ой бошида Отажонов янги партия тузиш фикридан воз кечгани ва Ўзбекистондаги илк мухолифат партияси бўлган “Эрк” фаолиятини қайта тиклашга бел боғлаганини айтган.

У бу фикрга шу йил мартида Истанбулда, муҳожиротдаги “Эрк” раҳбари, таниқли шоир Муҳаммад Солиҳ билан учрашув ортидан келган.

Шу йил 12 май куни Туркиядан Ўзбекистонга қайтган Отажонов Ўзбекистонда "қиладиган биринчи иши “Эрк” партияси фаолиятини жонлантириш" эканини айтган эди.

Жаҳонгир Отажонов: Мақсадим президент бўлиш, ортга йўл йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:40 0:00

Отажоновнинг “Эрк” партияси ва унинг лидери билан яқинлашиш қарори Ўзбекистондаги ота-онасининг қоралаш ва дашномларига сабаб бўлди. У тармоқларда Ўзбекистон куч ишлатар тизимларига яқин деб ишониладиган блогерларнинг таҳқиромуз ҳужумларига ҳам учради.

Аввалроқ Жаҳонгир Отажонов Туркияда номаълум шахслар томонидан таҳдидлар бўлгани ҳақида Озодликка гапириб берган эди.

“Қонуний” партия

Ўзбекистонда президент сайловларига 6 ойдан камроқ вақт қолаётган эса-да, ҳануз расман номзодларнинг кимлиги маълум эмас.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистондаги мавжуд ҳукуматпараст партияларнинг биронтаси ҳозирча президент сайловларида номзодини илгари сургани йўқ.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги сайловларда номзодини қўйишини айтган янги таъсис этилган мухолифатдаги “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ни рўйхатга олиш сўровини рад этган.

Муҳаммад Солиҳ “Эрк” партияси Ўзбекистонда расман рўйхатга олингани, президентликка номзодни илгари суриш учун ҳеч қанақа тўсиқ йўқлигини айтади.

“Эрк” қонуний партия. Бизга имзо тўплаш керак эмас. Мамлакатда расман рўйхатга олинган биринчи миллий партия “Эрк” бўлади.

Президентликка номзодимиз Жаҳонгир Отажонни рўйхатга олдиришга ҳаракат қиламиз, лекин умидимиз йўқ.

Бу акциямиздан мақсад дунёга Мирзиёев режимининг юзини кўрсатиш, унинг Каримовдан фарқи йўқ. Каримов нақадар мухолифатга қарши давлат террорини уйғулаган бўлса, Мирзиёев ҳам шуни қиляпти”, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўтган йил январида "Эрк" демократик партияси фаолларининг партия фаолиятига изн беришни сўраб қилган мурожаатини рад этган эди. 2020 йил 10 январида "Эрк" партияси фаолларидан бир гуруҳини қабул қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов, уларнинг Озодликка айтишича, "бу партия тарихда қолди" дея уқтиришга уринган.

"Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмаганини айтган эди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими, йўқми, маълум эмас.

Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ўтказилган учрашувда хорижаги сиёсий мухолифатни мамлакатга қайтариш чақириқларини рад этган эди.

"Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтирди? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак", - деган эди Мирзиёев.

Аммо ўтган вақт мобайнида Адлия вазирлиги биронта янги сиёсий партияни рўйхатдан ўтказгани йўқ.

XS
SM
MD
LG