Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 11:10

“Жиддий огоҳлантириш”. АҚШ нефть ширкати йирик ҳакерлик ҳужумига учради


Colonial Pipeline ширкати томонидан бошқариладиган қувур орқали Техасдан АҚШнинг шимоли-шарқий қисмига ёнилғи маҳсулотлари юборилади.
Colonial Pipeline ширкати томонидан бошқариладиган қувур орқали Техасдан АҚШнинг шимоли-шарқий қисмига ёнилғи маҳсулотлари юборилади.

DarkSide номи билан танилган кибержиноятчилар тўдаси амалга оширган ҳужум туфайли АҚШдаги муҳим нефть қувури тармоғи ёпилди. Бу ҳақда “Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлиги терговда иштирок этаётган манбаларига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Нефть маҳсулотларини ташийдиган қувур уч кундан бери ишламаяпти. Мутахассисларнинг таъкидлашича, келаси бир неча кун ичида қувур қайта ишга тушса, бензин нархлари ўзгармайди. Аммо ушбу ҳужум барча инфратузилма ширкатлар учун огоҳлантириш ўлароқ кўрилмоқда.

Colonial Pipeline ширкати томонидан бошқариладиган қувур орқали Техасдан АҚШнинг шимоли-шарқий қисмига бензин ва бошқа ёнилғи маҳсулотлари юборилади. Компания маълумотларига кўра, қувур АҚШ шарқий соҳилида истеъмол қилинадиган ёнилғининг тахминан 45 фоизини етказиб беради.

Ширкатга қарши “товламачи дастур” ҳужуми уюштирилган. Бунда ҳакерлар маълумотларни шифрлаш, тармоқларни фалажлаш орқали компьютер тизимларини қулфлаб қўйишади ва уларни қайта очиш учун катта тўлов талаб қилишади.

Якшанба куни Colonial Pipeline ширкати айрим IT тизимлар тезкор тарзда тикланаётганини билдирди. Ширкат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва бошқа федерал идоралар, шу жумладан, энергетика вазирлиги билан мунтазам алоқада эканини таъкидлади.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган терговдан хабардор икки шахс эса ҳужумни DarkSide гуруҳи амалга оширганини маълум қилди. Гуруҳ аъзолари “товламачи дастурлар” ёрдамида амалга оширган ҳужумлар сўнгги уч йилда Ғарб давлатларига ўнлаб миллиард доллар зарар етказгани айтилади.

DarkSide тўдаси касалхона ва қариялар уйларига, таълим ёки давлат идораларига ҳужум қилмаслиги, қўлга киритган маблағининг бир қисмини хайрияга сарфлашини иддао қилиб келади. Гуруҳ ўтган йилнинг август ойидан анча фаоллашди. Қайд этиш жоизки, DarkSide ҳозирга қадар собиқ совет давлатларида жойлашган ташкилотларни нишонга олмаган.

Colonial Pipeline ширкати тўлов берган-бермагани, ҳужумчилар билан музокара олиб бораётгани ёки йўқлигини очиқламади. DarkSide гуруҳи ҳужум ҳақида ўз платформаларида баёнот бермади. Гуруҳ “Ассошиэйтед Пресс” мухбири сўровларини ҳам жавобсиз қолдирди.

Ҳужумчилар одатда жабрланувчи билан музокара олиб бораётган ёки тўловни қўлга киритган бўлса, сукут сақлайди.
Якшанба куни Colonial Pipeline маъмурияти “тизимни қайта бошлаш” режасини ишлаб чиқаётганини билдирди. Ширкат асосий қувур ёпиқ бўлса-да, айрим кичик линиялар очиқ эканини маълум қилди.

АҚШ савдо вазири Жина Раймондо “товламачи дастурлар” президент Жо Байден маъмурияти учун долзарб масала эканини айтди.

АҚШ транспорт вазирлиги якшанба куни 17 штат ва Колумбия округида фавқулодда вазият эълон қилиб, бензин, дизель, авиация ёнилғиси ва бошқа қайта ишланган нефть маҳсулотларини ташийдиган ҳайдовчилар иш вақтини тартибга солувчи талабларни юмшатди.

Терговга яқин манбалар ҳакерлар ширкатдан маълумот ҳам ўғирлаганини айтди. Баъзи ҳолатларда ўғирланган маълумотлар жиноятчилар учун тармоқни ишдан чиқаришдан ҳам муҳимроқдир, чунки кўп ҳолларда ҳужум қурбонлари ўз махфий маълумотлари интернетда тарқалишини истамайди.

Хавфсизлик бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу ҳужум муҳим инфратузилма операторлари, шу жумладан, электр ва сув таъминоти тизимлари, энергетика ва транспорт компаниялари учун жиддий огоҳлантиришдир.

Ўтган йилда АҚШда ҳакерларга тўланган ўртача бадал қиймати қарийб уч бараварга кўпайиб, 310 минг доллардан ошган. Coveware фирмасига кўра, ҳужум қурбонлари ўртача 21 кун ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.

Colonial Pipeline ширкати Мексика кўрфази соҳилидаги нефтни қайта ишлаш заводларидан бензин, дизель, самолёт ёнилғиси ва уй иситиш мойларини ташийди. Ширкатнинг салкам 9000 километрли қувурлар тизими орқали кунига 380 миллион литр ёнилғи ташилади.

XS
SM
MD
LG