Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2021, Тошкент вақти: 01:04

Каримов қўйган сўнгги ҳоким: Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров портретига чизгилар


Ислом Каримов вафотидан 10 ой аввал Хайрулло Бозоровни Наманган вилояти ҳокими лавозимига тайинлаган эди - коллаж

«Мен Хайрулло Бозоровни кўп йиллардан бери биламан. Учта туманда, вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган. Жуда тажрибали, ҳозирги замонга муносиб, халқпарвар, камтар инсон…»

Президент Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган 45 ёшли Хайрулло Бозоровга ана шундай таъриф берди.

Давлат раҳбарининг лавозимдан кетаётган ҳокимларни танқид қилиб, келаётганларини мақташи марҳум президент Ислом Каримов даврида қарор топган анъана. Аммо Наманган вилоятининг собиқ ҳокими иккинчи марта мақталаётган ва бу каби ижобий тақдимотга сазовор бўлган кам сонли маҳаллий мулозимлардан.

Фарғонага тайинланганидан кўп ўтмай Хайрулло Бозоров ўтган йили чегара тўқнашувларига саҳна бўлган Сўх анклавига сафар қилган
Фарғонага тайинланганидан кўп ўтмай Хайрулло Бозоров ўтган йили чегара тўқнашувларига саҳна бўлган Сўх анклавига сафар қилган

Бутун эътибор фақат бир киши, яъни давлат раҳбарига қаратиладиган авторитар Ўзбекистонда мамлакат бошқарувидаги мулозимлар “кўринмас одам” мақомида бўлиб келган. Кейинги 30 йил мобайнида у ëки бу раҳбар фақат ишдан олиниш арафасида “юқорининг изни билан танқид қилинди ва унутилишга маҳкум этилди”.

Охирги 4 йилдаги айрим таҳлилчилар "илиқлашув" деб атаган жараëнда баъзи мулозимларнинг популистик чиқишлари бошқарув элитасида Юртбошидан бошқа шахслар ҳам борлиги ҳақида мужда берди. Самарқанд ва Андижон вилояти ҳокимлари Эркинжон Турдимов ва Шуҳрат Абдураҳмоновлар, депутат Расул Кушербоев¸ сенатор Содиқ Сафоев ҳамда Маданият вазири Озодбек Назарбековларнинг нисбатан мустақил чиқишлари бунга мисол бўлиши мумкин.

Ислом Каримов даврида кўпинча кучишлатар тизимлар соясида қолиб кетган ва асосан қишлоқ хўжалигини бошқарган вилоят ҳокимлари президент Шавкат Мирзиёевнинг қудрат таянчи сифатида кўрилади.

Озодлик Мирзиёев даврида амалда минтақаларнинг яккаҳоким раҳбарларига айланган вилоят ҳокимларининг ижтимоий ҳамда сиёсий портретига назар ташлашни Ўзбекистонни энг ёш ва энг кўп мақталган ҳокими Хайрулло Бозоровдан бошлади.

Фарғона вилоят ҳокимининг таржимаи ҳолини ўрганиш жараёнида Озодлик мулоқот қилган суҳбатдошларнинг шахси уларнинг истагига кўра очиқланмаётир.

Тирик етим бўлиб улғайган бола

Хайрулло Бозоров 1976 йилнинг 15 январида Наманганнинг юқори адир ландшафтлари ва шифобахш суви билан машҳур Чортоқ тумани марказига яқин Айқирон қишлоғида тўнғич фарзанд ўлароқ дунёга келди. Аммо яқинлари Хайруллонинг ота-онаси - Ҳайитбой ва Марҳаболарнинг биргаликдаги турмушидан ёлғиз фарзанд бўлиб қолишини ҳали билишмасди. Хайрулло бир ярим ёшга тўлганида унинг оилада ёлғиз фарзанд бўлган онаси турмушидан ажрашади. Бу ажрашиш сабабини Озодлик гаплашган Хайрулло Бозоровнинг маҳалладошларидан бири онанинг “толеъсизлиги”га йўйди. Хайруллонинг отаси ва онаси бошқа турмуш қилишади, аммо бола уларнинг биронтаси билан ҳам эмас, балки она томондан бобоси Сотиболди ҳожининг қўлида қолади.

Айқирон қишлоғидаги “Октябрь” колхози трактор паркида узоқ вақт устачилик, кейинроқ эса қоровулчилик қилиб рўзғор тебратган Сотиболди ҳожи ҳамда унинг аёли Мавлуда ая, ҳамқишлоқларининг айтишича, бутун эътиборни ёлғиз қизларидан бўлган ўғил - Хайруллога қаратишади. Озодлик суҳбатлашган чортоқликлардан бири ўтган йил февралида 92 ёшида оламдан ўтган Сотиболди ҳожи “хўжалар” сулоласидан бўлганини қўшимча қилди.

Хайрулло бобосининг қўлида тарбия топаркан, бу орада унинг отаси Ҳайитбой иккинчи турмушидан уч ўғил, онаси Марҳабо эса бир қиз фарзанд кўради. Аммо онасининг кейинги турмуши ҳам бўлмайди. Маҳалладоши айтган “толеъсизлик” туфайли алалоқибат, Хайрулло яшаётган онасининг хонадонига қайтиб келган Марҳабо опа ҳозиргача кекса онаси билан бир уйда яшайди. Маҳалладоши таъбири билан айтганда, “тирик етим” бўлиб улғайган Хайрулло Бозоровнинг таржимаи ҳолидаги, бир қарашда ортиқча тафсилотдек туюлган айни шу жиҳатлар, Озодлик суҳбатлашган собиқ мулозимнинг айтишича, орадан йиллар ўтиб, президент Ислом Каримовнинг эътиборини тортган эди.

6 ёшида мактабга борган Хайруллони бобоси ва бувиси Намангандаги анъаналарга кўра, эрта - 18 ёшидаёқ уйлашади...

Солиқчидан чиққан ҳоким

Бу вақтда бўлажак ҳоким Наманган Саноат-технология институти талабаси эди. Институтни 1997 йилда иқтисодчи-менежер мутахассислиги бўйича тамомлаган Бозоров 1997 йилда Наманган вилоят солиқ бошқармасига ишга киради.

24 ёшида у Наманган шаҳар Солиқ бошқармасининг бошлиғи лавозимини эгаллайди.

2003 йилдан Наманган вилоят солиқ бошқармасига раҳбарлик қилган Бозоров 2005 йилда Наманган вилоят ҳокимлигига “кўтарилади”. Аввалига Ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси, кейинроқ эса гуруҳ раҳбари бўлиб ишлайди.

Кейинчалик вилоят ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаган Бозоров кўп ўтмай,
“биринчи раҳбар” лавозимларига тайинлана бошлайди; 2008 йилда Учқўрғон¸ 2009 йилда Чуст¸ 2014 йили эса Мингбулоқ туманларига раҳбарлик қилади.

2015 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Хайрулло Бозоров бир неча марта Тошкентга чақирилиб, юқори идораларда суҳбатлардан ўтади. Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, Бозоров камида бир марта ўша пайтдаги Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг имтиҳонни эслатадиган суҳбатидан ўтган. Наманганликлар орасида кенг тарқалган “ривоят”га кўра, Ислом Каримов билан суҳбат чоғида Хайрулло Бозоров “отасиз улғайгани”ни айтган. Унинг “Биринчи бор сизнинг суҳбатингизда бўлганимда сизни отам деб ўзимга аҳд қилдим. Ва шу кунга қадар ўша аҳдимни бажариш учун ҳаракатдаман”, дегани Наманганда оғиздан оғизга кўчиб юради.

1991 йил декабрида Наманганга сафар қилган Ислом Каримов "ўзини "Наманган амири" деб эълон қилган Тоҳир Йўлдош томонидан "тиз чўктирилган" эди
1991 йил декабрида Наманганга сафар қилган Ислом Каримов "ўзини "Наманган амири" деб эълон қилган Тоҳир Йўлдош томонидан "тиз чўктирилган" эди

Ўша даврда вазир лавозимида ишлаган ва шу кунларда нафақада бўлган мулозимга кўра, Ислом Каримов “Наманган вилоятига раҳбар тайинлашга ўта жиддий ëндошган”.

Суҳбатдошга кўра, “Ислом дини таъсири катта бўлган Наманганда Каримов ўзига мутлақо содиқ ва иложи борича халқнинг норозилигига сабаб бўлмайдиган кадр” бўлишини истарди", - дея эслайди собиқ мулозим.

Ислом Каримов 2015 йилда
Ислом Каримов 2015 йилда


Бошқарувининг сўнгги йилларида Каримов ҳокимларни тайинлаш учун шахсан ўзи вилоятларга сафар қилмас, кўпинча ўша пайтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёевни юборарди. Буни маҳаллий таҳлилчилар президентнинг кексайиб қолгани билан изоҳлашган. Аммо 2015 йил 26 ноябрь куни Каримов Намангандаги “ҳоким алмаштириш” тадбирини ўтказиш учун шахсан учиб боради. Қаттиқ қўриқланаëтган вилоят ҳокимлиги мажлислар залида амалдаги ҳоким Баҳодир Юсуповнинг ўзи бўлмагани маҳаллий депутатларни хайрон қолдирмаган. Чунки унинг кетишини ҳамма билган эди. Ислом Каримов халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши сессиясида сўзлаган нутқида собиқ ҳокимни танқид қилади.

“Вилоят ҳокими Баҳодир Юсуповнинг фаолиятига баҳо берадиган бўлсак, афсуски, охирги пайтларда унинг ишида ўзибўларчилик, бепарволик ва лоқайдлик, сусткашлик кайфияти кучайиб бораётганини кўриш мумкин”, дейди юртбоши.

Шундан сўнг маҳаллий депутатлар Юсуповни вазифасидан озод қилиш қарорини бир овоздан маъқуллашади.

Ўша кунги сессияда қатнашган махаллий депутат гапиради: “Аниқ эслайман, пайшанба куни эди. Ҳоким Юсупов бетоблиги боис сессияда қатнашолмайди, дейишди. Бундан олдин Тошкентдан келганлар икки ой вилоятни тит-питини чиқариб текширишувди. Юсуповнинг кетишини билардик. Лекин налогдан чиққан болани ҳоким қилишини билмасдик. Кутилмаган тайинлов эди…”

Маҳаллий депутатнинг эслашича, ўша кунги сессияда сўзга чиққанлар Хайрулло Бозоровнинг номзоди вилоят аҳли томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани, унинг президентга содиқлиги ҳақида якдиллик билан гапиришган.

Шундан сўнг Бозоров бир овоздан Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланади.

Сессияда сўз олган Хайрулло Бозоров билдирилган ишонч учун президент ва вилоят депутатларига миннатдорлик билдириб, бу ишончни оқлаш учун вилоятнинг ҳар соҳада республика бўйича юқори натижаларга эришиши йўлида тинимсиз меҳнат қилишга давом этишини айтган.

Наманган
Наманган


Тўрт йил муваққат қолган Бозоров

Бозоров амалда Ислом Каримов тайинлаган охирги вилоят ҳокими эди. Тайинловдан 10 ой ўтиб, Каримов оламдан ўтди.

Хайрулло Бозоров яна 4 йил янги раҳбар Шавкат Мирзиëев даврида Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида қолади.

2020 йилнинг 13 январида бўлиб ўтган Наманган вилояти Кенгашининг 6-чақириқдаги илк сессияси Бозоров лавозимидаги “вақтинча” деган сўзни олиб ташлаб, уни тўлақонли ҳоким этиб тасдиқлайди.

"Вақтинча бажарувчи” деган қўшимча олиб ташланганидан 7 ой ўтиб, 2020 йилнинг 25 сентябрида Бозоров Тошкентга, Бош вазир ўринбосари лавозимига кўтарилиб кетган Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ўрнига вақтинча ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Ҳоким алмаштириш тадбирида президент эмас, Бош вазир Абдулла Арипов ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов қатнашди.

Шу тариқа 2012 йилдан бери Фарғона вилоятини бошқарган ва Мирзиёев даврига келиб ижтимоий тармоқларда «сўконғич ҳоким» номини олган Шуҳрат Ғаниев 2020 йил 20 сентябрида 56 ёшида вафот этган Ўктам Барноевнинг ўрнини эгаллади. Шахмат тахтасидаги бўш ўрин эса Хайрулло Бозоровга раво кўрилди.

Орадан 4 ойдан кўпроқ вақт ўтиб, Бозоров Фарғона вилоятининг ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Хайрулло Бозоров АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм билан - 27 июль, 2019
Хайрулло Бозоров АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм билан - 27 июль, 2019

"Худонинг синови"

Фарғона вилоят Халқ депутатлари кенгашининг 5 февраль кунги сессиясида анъанага кўра, ҳоким номзодини тавсия қилган Президент Шавкат Мирзиёев Хайрулла Бозоров "синовдан ўтгани"ни айтди.

“Ҳар қандай лавозим вақтинча, Худо томонидан берилган синов…
Тўрт ой олдин Фарғона вилояти ҳокимлигини Хайрулла Бозоровга ишониб топширган эдик. Шунча вақт давомида у билан бирга ишладингиз, синовдан ўтказдингиз.Мен Фарғона вилояти ҳокимлигига Хайрулла Бозоров номзодини таклиф қиламан”.


Каримов давридаги каби вилоят кенгаши депутатлари президент таклиф қилган номзодни бир овоздан тасдиқлашди. Чапаклар. Бозоровнинг қўлини кўксига қўйиб президентга таъзим қилиши...

Шавкат Мирзиëев
Шавкат Мирзиëев

Янги супурги тоза супуради


Бозоровнинг Фарғонага тайинланиши ортидан сўнги 4 йил мобайнида фақат салбий воқеалар билан янгиликлар сарлавҳаларига чиқадиган Фарғона ҳокимлиги ҳақида матбуот ижобий фикрларни ëза бошлади.

Фарғонанинг янги ҳокими Бозоров уйга муҳтож 23 журналистга имтиëзли уй ваъда қилгани ортидан ижобий хабарлар оқими янада кўпайгани кузатилди.

Фарғоналик блогер Дима Қаюм (Дилшод Болтабов) янги ҳоким вилоятда кўплаб кичик тадбиркорлар учун муаммо бўлган кредит, тадбиркорларга ишлаб чиқариш учун ер ажратиб бериш масаласини еча бошлаганини олқишлайди:

“Ўша тадбиркорлар муаммоларини ечиб, иш ўринлари яратилди. Кичик бизнесни ривожлантириш, карантин даврида банкрот ёқасига келиб қолган табдиркорларни қўллаб-қувватлаш бошланди”.

Сўхлик фаол Камолиддин Азизовнинг Озодликка айтишича, янги ҳоким ўтган йили чегара тўқнашувларига саҳна бўлган анклав аҳолисининг ҳурматини ҳам қозона олган:

“Сўх муаммоси ҳали ечилишдан узоқ бўлса-да, нега сўхликлар вилоятнинг янги ҳокими Х. Бозоровни ҳурмат қила бошладилар? Сабаби битта: у ҳам бўлса, оддий инсоний мулоқотда. Одамлар дардини ўзидан ўтказиб, уларга ҳамдард бўлиб, қўлидан келадиган ёрдамни қиладиган раҳбар, албатта ҳурматга сазовор бўлади”.

Бозоровни Намангандаги ҳокимлик фаолиятидан билишини айтган маҳаллий тадбиркорлардан бири унга “ҳаддан зиёд эҳтиёткор, нафси ўта тийилган - пулга ҳам, аёлларга ҳам, шишага ҳам” дея таъриф берди. Унинг сўзларига кўра, Наманганда ҳали “анави жой ёки дўкон Бозоровга тегишли, деб эшитмаган”.

Озодлик очиқ манбалардан Фарғона вилояти амалдаги ҳокимининг бизнес манфаатларига доир маълумотни топгани йўқ.

Чортоқдаги қўшниларидан бирининг айтишича, уч нафар ўгай ини ва бир ўгай синглиси бўлган Бозоровнинг “қариндош-уруғидан амалдор йўқ”. “Ўзи қариндоши ҳам ўта кам”, дея қўшимча қилди суҳбатдош.

Хайрулло Бозоров
Хайрулло Бозоров

Авторитар бошқарув мурвати

Аммо ҳамма ҳам янги ҳокимни олқишлаëтгани йўқ. Каримов даври кадрлар сиëсати маҳсули бўлган Бозоровнинг Фарғона вилоятида туб ўзгаришллар қила олишига ишонқирамай қараëтганлар ҳам кўп.

Фарғоналик фаол Олмосбек Маллаев назарида Бозоров сиëсий бошқарув кайфиятига қараб иш юритувчи чирик тизимнинг ижрочи мулозими”, холос.

"Бозоровнинг ҳокимлик услуби шаклан авторитар, мазмунан ҳукумат пирамидасига мутлақ бўйсунишдан иборат эди. Энг оддий масалаларда ҳам унинг бошқаларга ваколат бермай, муаммони ўзи қўл билан ечишга одатлангани кузатилди".

Наманганнинг «Навбаҳор» футбол жамоаси собиқ мураббийи Андрей Канчельскис ўтган йил октябрида «Матч ТВ»га берган суҳбатида Бозоровнинг авторитар бошқарув усулини эслайди:

«Наманганда ҳоким футболга қизиқади. Ҳоким телефон қилиб, «фалончини ўйнат, фалончини эмас» деб айтиши мумкин. У ҳатто ҳисобни ҳам буюртма қилиб: «Бугун 3:0 ютишимиз керак», деб айтиши ҳеч гапмас. У кийиниш хонасига кириб, футболчиларга бақирганди ҳам. Бир ўйиннинг танаффусида у кийиниш хонасига кирди. Ҳисоб 0:0 эди ва 2-бўлимда 3:0 ютдик. Ҳокимнинг айтишича, бу унинг гаплари самараси бўлган”, - деб айтган 2018-2020 йилларда "Навбаҳор" жамоасига бош мураббийлик қилган футбол бўйича собиқ СССР термасининг ярим ҳимоячиси. Канчельскис даврида "Навбаҳор" охирги 13 йилда биринчи марта футбол бўйича мамлакат миллий чемпионатининг бронза медалини қўлга киритган эди.

Хайрулло Бозоров “Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскис билан
Хайрулло Бозоров “Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскис билан

Сиз ҳам Ўзбекистондаги вилоят ҳокимлари ва ҳукумат мулозимларининг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, уларни Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашишингиз мумкин.

Маълумот ва мулоҳазаларингизни шарҳ катакчасига ëзиш ëки Telegram, WhatsApp, Facebooкдаги саҳифаларимизга юбориш орқали Озодлик билан баҳам кўринг.

XS
SM
MD
LG