Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:56

Киевда Москва ҳукуматининг танқидчиси бўлган рус журналисти Аркадий Бабченко отиб ўлдирилди


Аркадий Бабченко ўтган йили Россиядан Украинага қочиб келган эди.
Аркадий Бабченко ўтган йили Россиядан Украинага қочиб келган эди.

Киевда Украинадан қочқинлик бошпанасини олган россиялик журналист Аркадий Бабченко отиб кетилди.

Украина расмийларига кўра, 29 май куни Бабченкога уйи олдида номаълум шахс ўқ узган. У касалхонага олиб кетилаётганида “Тез ёрдам” машинасида вафот этган.

Украина полицияси "қасддан одам ўлдириш" моддаси бўйича жиноят иши очди. Полиция Бабченко касбий фаолияти туфайли ёки гражданлик позицияси важидан ўлдирилган бўлиши мумкин, деган иккита таҳминни олға сурмоқда.

Бабченко Россиянинг амалдаги раҳбариятини кескин танқид қилувчи журналист сифатида танилган эди. Ўтган йили у "сиёсий босимлар" туфайли Россияни тарк этишга мажбур бўлган.

41 ёшли журналистнинг ўлими Москва ва Киев ўртасидаги кескин муносабатларни янада таранглаштирди.

Украина бош вазири Владимир Гройсман Facebook саҳифасида “Мен аминманки, Россия тоталитар тузими унинг ҳалоллиги ва принципиаллигини кечира олмади”, деб ёзди.

Айни пайтда Москва Россия ўз фуқароларига нисбатан зўравонликларни жазосиз қолдирмаслигини билдириб, Бабченконинг ўлдирилиши юзасидан Тергов қўмитаси жиноят иши очганини маълум қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги “Украина ҳукуматидан қотиллик юзасидан барча имкониятларни ишга солган ҳолда тезкор тергов ўтказиш” талаб этилган баёнотни эълон қилди. Москва “халқаро агентликлар ва ташкилотлар тергов жараёнини ўз назоратига олиши”га умид билдирди.

Киев полицияси камида бир нафар гувоҳ кўрсатмаларига таянган ҳолда Бабченкога ўқ отишда гумонланаётган шахснинг фотороботда ишланган суратини эълон қилди.

Бабченконинг Киевдаги ҳамкасблари қотиллик Россия махсус хизматлари томонидан уюштирилган бўлиши мумкин, деган тахминни олға сурмоқдалар.

Москвада нашр этиладиган “Новая газета”нинг собиқ бош муҳаррири Дмитрий Муратов Аркадий Бабченконинг ўлдирилиши Россиядаги энг таниқли шарҳловчилардан бўлган Анна Полтиковскаянинг ўлдирилишига ўхшашиб кетишини айтди. Политковская ҳам 2006 йилда ўз уйи олдида отиб кетилган эди.

Бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Аркадий Бабченконинг ўлдирилишини қораладилар ва Украина ҳукуматини тезкор равишда қотилни топиб, унга адолатли жазо белгилашга чақирдилар.

XS
SM
MD
LG