Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2020, Тошкент вақти: 08:48

Японияда Diamond Princess кемасининг икки собиқ йўловчиси коронавирусдан ўлди


Карантиндаги Diamond Princess кемаси.

Японияда коронавирус тарқалган Diamond Princess круиз кемасининг икки собиқ йўловчиси ҳалок бўлди.

80 ёшлардаги икки йўловчи ўтган ҳафтада кемадан шифохонага олиб кетилган. Кема бортидаги 600 дан ортиқ йўловчига вирус юққани айтилмоқда.

Йўловчиларнинг бири коронавирус юқтиришидан олдин бронхиал астмадан азият чекиб келган. Иккинчи йўловчининг эса бошқа касалликлари бўлмаган. Шифокорлар ҳар иккиси ўлимининг тўғридан-тўғри сабабчиси пневмония бўлганини маълум қилишди.

Yokohama портида лангар ташлаган кема коронавируснинг Хитойдан кейин иккинчи энг йирик ўчоғидир. Сўнгги хабарларга кўра, кема бортидаги йўловчи ва экипаж аъзоларининг 621 нафари вирусни юқтирган.

Чоршанба куни 443 нафар йўловчи 14 кун давомида ҳеч қандай симптом кўрсатмагани ҳамда улар танасида COVID-19 вируси аниқланмагани учун кемадан тушди. Пайшанба куни яна бир гуруҳ йўловчи қўйиб юборилди. Барча йўловчи кемани тарк этиши учун уч кун керак бўлиши айтилмоқда.

Аммо йўловчиларда вирус аниқланмаган бўлса-да, улар Япония шаҳарларининг гавжум кўчаларида бемалол айланиб юргани кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди.

Маҳаллий газеталардан бири бир йўловчи тест топширганидан кейин тўрт кун ўтиб қўйиб юборилганини, бу вақт ичида вирусни юқтирган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўзи ҳам шубҳаланаётганини хабар қилди.

Кема 5 февраль куни Ҳонгконгда тушиб қолган йўловчида коронавирус аниқланиши ортидан карантинга олинган эди.

Йўловчилар асосий вақтни ўз каюталарида ўтказишди. Аммо юқумли касалликлар бўйича мутахассис кема бортида пала-партиш карантин чораларини танқид қилди. Кентаро Ивата кема бортида ёзиб олган видеосини ёйинлади, аммо уни кейинчалик ўчириб ташлади. Бу орада видео юз минглаб марта кўрилди.

Орадан кўп ўтмай Ивата кема бортида карантин шароити яхши томонга ўзгарганини таъкидлади. Аммо у кемани тарк этган йўловчилар 14 кун уйда ўтириши кераклигини айтди.

Япония расмийлари эса етарлича эҳтиёт чоралар кўрилганини айтишмоқда. Хусусан, ҳукумат Юқумли касалликлар миллий институти тайёрлаган ҳужжатни эълон қилди. Унда кема бортида COVID-19 вируси карантин чоралари кўрила бошланганидан аввал тарқалганини кўрсатувчи далиллар топилгани айтилади.

“Карантин чоралари йўловчилар орасида вирус тарқалишини чеклашда самарали натижа кўрсатди,” дея хулоса қилинди ҳисоботда.

1045 нафар экипаж аъзоси йўловчилар тарк этганидан кейин яна 14 кун карантинда қолиши айтилмоқда.

Бир неча давлат Diamond Princess бортидаги фуқароларини эвакуация қилиб, ватанларида 14 кунлик карантинга олди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG