Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2021, Тошкент вақти: 03:31

Коррупция маданияти: Тожикистонда ҳокимнинг таниши ва қариндошларига қиммат ер участкалари текинга берилган


Тожикистоннинг аҳоли зич жойлашган Рудакий тумани, январь, 2019

Тожикистон пойтахти Душанбега туташган Рудакий туманида собиқ ҳокимнинг қариндошларига ер участкалари ноқонуний равишда бепул берилгани аниқланди.

Озодлик радиоси тожик хизмати ўтказган суриштирув, туманда ер майдонларини тақсимлашда коррупцияга йўл қўйилаётганини кўрсатди.

Душанбе атрофида ерга талаб катта. Худди Ўзбекистон пойтахтига туташган ҳудудларда кузатилаётгани каби, Тожикистонда ҳам мамлакатнинг турли бурчакларидан яхши иш қидириб, марказга кетаётганлар пойтахт атрофига ерлашмоқда.

Душанбедаги уйларнинг нархи аксар тожикистонлик учун ўта қиммат бўлгани учун, кўпчилик пойтахт ёнидаги Рудакий туманида арзонроқ ерни харид қилишга уринмоқда.

Шунингдек, тумандаги уйларни ижарага олаётганлар ҳам талай.

Рудакийдаги қатор манбанинг таъкидлашича, собиқ туман ҳокими Рустам Акрамзоданинг бир нечта қариндоши ва танишига ер участкаси бепул бериб юборилган.

24 ноябрь куни лавозимидан бўшатилган Акрамзода ҳеч қандай қонунбузарликка қўл урмаганини айтди.

Аммо Озодлик қўлга киритган ҳужжатлар шуни кўрсатадики, сўнгги ойларда Акрамзодага алоқадор бўлган камида 10 киши ер участкаси ажратилишини кутаётганлар рўйхатининг тепасига кўчирилган. Бошқалар эса участка ажратилишини йиллаб кутмоқда.

Тожикистон қонунлари хусусий равишда ер сотишни тақиқлайди. Қишлоқ хўжалиги ерлари фақат давлат томонидан ижарага берилиши мумкин.

Аммо, аҳоли уй қуриш учун маҳаллий ҳокимиятдан ер участкасини бепул олиши мумкин. Фақат ўз уйи бўлмаган одамларгина ер участкасини олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистонда бўлгани каби, Тожикистонда ҳам ер участкасини олиш учун аризалар туман ҳокимига берилади. Ҳоким аризани қондириши, уни якуний қарор учун маҳаллий ҳокимият органларига юбориши ёки рад этиши мумкин.

Аризага кўплаб ҳужжат, шу жумладан, ариза берувчининг шахсий шароити ва унинг ерга бўлган эҳтиёжи тўғрисида маҳаллий ҳокимият органлари ёзган хатлар илова қилиниши керак.

Ҳоким одатда бир неча кун ичида қарор чиқаради, аммо ерни олиш жараёни анча узоқ давом этади.

Рудакий тумани расмийлари Озодлик билан суҳбатда айни дамда 300 га яқин одам аризаси тўғрисида ижобий қарор чиқарилгани ва улар участка берилишини кутаётганини айтишди.

Расмийларнинг сўзларига кўра, кутиш вақти олти ойдан бир йилгача давом этади. Аммо, кўплаб оилалар йиллаб кутади.

Ер ажратилишини кутаётган айрим оилалар ҳаттоки Рудакий туманида яшамайдиган ва шу сабабдан туманда ер участкасини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга қисқа вақт ичида ер ажратилганини иддао қилмоқда.

Озодликка келиб тушган расмий ҳужжатлар буни тасдиқлайди.

Суриштирув давомида, шунингдек, ерни ноқонуний равишда қўлга киритганлар орасида Акрамзоданинг дўстлари ва танишлари борлиги аниқланди.

Тергов давомида аниқланган коррупция ҳолатларининг бирида Акрамзоданинг Рудакийда яшамайдиган танишига 6 сотих ер ажратилган. Камига, унга қишлоқ хўжалиги учун ажратилган майдондан ер участкаси берилган.

Бошқа бир коррупция ҳолатида Акрамзоданинг собиқ ҳайдовчиси хотинига бир ҳафта ичида ер ажратилган. Ер олиш учун ариза топширган 300 оилага эса ҳануз ер ажратилгани йўқ.

Ажабланарлиси шундаки, Акрамзода 2018 йилда - президент Эмомали Раҳмон ҳукуматга тумандаги ерларни тақсимлашдаги коррупцияни йўқ қилишни буюрганидан бир йил ўтиб ҳоким этиб тайинланган эди.

Раҳмон 2017 йил октябрь ойида сўзлаган нутқида катта кўламдаги хўжалик ерлари кўчмас мулк сифатида ноқонуний равишда берилганини айтган эди. Ўшанда президент 2015 йилдан 2017 йилгача Рудакийда ноқонуний ер олди-сотдиси билан боғлиқ 1500 дан ортиқ иш қайд этилганини таъкидлаган.

Акрамзода жорий йилда бўлиб ўтган президент сайловидан кейин бошланган кадрларни алмаштириш доирасида ишдан олиндими ёки президент Рудакийдаги коррупцияга қарши курашдан қониқмагани учун бўшатилдими - ҳозирча аниқ эмас.

Аммо, Акрамзоданинг ўзи 24 ноябрь куни берган интервьюсида Озодлик журналистлари суриштируви эълон қилинганидан сўнг ишдан кетганини айтган.

520 мингга яқин одам яшовчи Рудакий туманининг умумий майдони атиги 1 812 квадрат километр бўлиб, у Тожикистоннинг аҳолиси энг кўп ва зич тумани ҳисобланади.

Сўнгги ўн йил ичида туман аҳолиси 125 минг кишига кўпайган. Расмийлар изоҳига кўра, туман аҳолиси тез суратда ўсаётгани асосий сабаби мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан кўчиб келаётган аҳоли оқимидир.

XS
SM
MD
LG