Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 04:14

Иш вақтида "бошлиқ дачасини қураëтган" ишчи бетон девор тагида қолиб ўлди


Хонободдаги касалхона. Иллюстратив расм.

"Ҳудудгаз Андижон" МЧЖга қарашли Қорасув шаҳар газ таъминоти бўлими ходими, 58 яшар Мадаминжон Исроилов 21 октябрь куни бахтсиз ҳодиса оқибатида оламдан ўтди.

"Худудгаз Андижон" МЧЖ Ходимлар бўлими мулозимига кўра¸ Исроилов Қорасув шаҳар газ таъминоти бўлимида қоровул бўлиб ишлаган ва 21 октябрь куни оламдан ўтган пайтда ўз иш жойидан 20 км узоқликдаги Хонобод шаҳрида бўлган. Мулозимнинг айтишича, марҳум "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖ раҳбарининг дала ҳовлиси қурилишида ишлаган.

Озодлик "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖ раҳбари Даврон Салоҳиддинов​нинг ўзи билан боғлана олмади. Ўзини Салоҳиддиновнинг ёрдамчиси деб таништирган шахс саволларни эшитди, лекин жавоб бермади.

Андижон вилояти ИИБ ходимининг Озодликка билдиришича, воқеа юзасидан терговгача суриштирув ишлари олиб борилмоқда.​

Мадаминжон Исроилов билан бирга ишлаган ҳамкасбининг Озодликкка айтишича¸ марҳум дала ҳовли қурилишида ишлаëтган пайтда унинг устига бетон девор ағдарилган.

- Шлакоблокдан тикланган девор ёнидаги саҳнни тозалаëтган пайтда девор Мадаминжон аканинг устига ағдарилди. Пешиндан кейин эди. Акани машинага солиб шаҳарнинг шошилинчига (Шошилинч тиббий ёрдам касалхонаси - таҳр.) обордик. Аҳволи оғир деб олмади. Кейин вилоят шошилинчига обордик¸ ўша ерда жони узилди.

Мархум Мадаминжон Исроилов
Мархум Мадаминжон Исроилов

Республика шошилинч тиббий ëрдам илмий маркази Андижон вилоят бўлими навбатчи врачининг Озодликка билдиришича “Оғир травма оқибатида беҳуш бўлган, 1961 йил туғилган бемор Исроилов Мадаминжон 21 октябрь соат 15 да касалхонага келтирилган. Ўша куни соат 17 да ўлим ҳолати қайд қилинган. Бу ҳақда тегишли тартибда ИИБ га ҳабар берилган".

Андижон вилоят ИИБ ходимининг билдиришича, воқеа юзасидан терговгача суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мажбурий меҳнат қурбоними?

"Худудгаз Андижон" МЧЖ Ходимлар бўлими мулозимига кўра¸ 21 октябрь куни Мадаминжон Исроилов Қорасув шаҳридаги иш жойида ишлаëтган сифатида дафтарда қайд қилинган.

Бироқ, мулозимнинг айтишича, аслида Исроилов жорий йилнинг 7 октябридан бошлаб "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖ бош директори Даврон Салохидиновнинг хусусий дала -ҳовлиси қурилишида ишлаган.

Исроилов билан бирга айни қурилишда ишлаган газ идораси ходимининг айтишича, улар "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖ бошлиғи Даврон Салоҳиддиновнинг буйруғига асосан дала ҳовли қурилишида ишлаган:

- Ниманиям қоровуллардинг. Ойлигинг кетиб турибди, абетингни ҳам бераман деб, обкеб қўйишган бизни. Ўша босиб қолган деворниям Мадаминжон аканинг ўзи кўтарувди. Ўзи кўтарган деворнинг тагида ўзи қолди.

Озодлик "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖ бошлиғи Даврон Салоҳиддиновнинг ўзига телефон қилди. Ўзини "Салоҳиддиновнинг ëрдамчисиман" деган шахс Озодлик саволини диққат билан эшитди. "Қайтиб телефон қиламан" деганича бошқа алоқага чиқмади.

Иш вақтида бошлиқ дала ҳовлисини қураëтиб оламдан ўтган Мадаминжон Исроиловниг ортида икки фарзанди ва хотини қолди.

“Дала ҳовли” қурдириш оммавий тадбири

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қарори билан 2019 йил “Обод қишлоқ” дастури доирасида Қирғизистон билан чегарадош Хонобод шаҳрида 1400 та уй қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Аввалига “кам таъминланган оилалар учун” деб тақдим этилган икки сотих ерда қуриладиган икки хонали бу уйлар лойиҳаси¸ Озодлик гаплашган андижонликларга кўра¸ кўп ўтмай “дала ҳовли” деб атала бошланган.

Ҳеч қандай инфратузилма йўқ қир-адирда қуриладиган бу уйларга харидор топилмагани ортидан¸ уларни сотиб олиш ўзи шундоқ ҳам асосий вақти далада ўтадиган фермерлар ва ташкилот раҳбарлари бўйнига қўйилган.

Андижон вилоят ҳокимлиги 1400 та ер участкасини туманларга тақсимлаб берган. Туман ҳокимликлари эса, ўз навбатида фермерлар ва тадбиркорларни ўз ҳисобидан уй қуришга мажбурлагани ҳақида шикоятлар янграган.

Бу ҳақда Озодлик 20 август куни "Фермерларга мажбуран сотилган дала ҳовлиларни қуриш ҳам уларнинг ўзига юкланди" сарлавҳали мақоласида хабар қилган эди.

Шарҳларни кўринг (5)

XS
SM
MD
LG