Линклар

Шошилинч хабар
21 май 2024, Тошкент вақти: 12:01

Мактабларни таъмирлаш учун пул йиғилмоқда. Ота-оналар норози


Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга кўра, ҳозирда 3 мингдан зиёд мактаб таъмирга муҳтож.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга кўра, ҳозирда 3 мингдан зиёд мактаб таъмирга муҳтож.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида мактабларни таъмирлаш учун ота-оналардан мажбуран пул йиғилмоқда.

Озодлик суҳбатда бўлган ота-оналарга кўра, мактаб маъмуриятлари ҳар бир ўқувчи учун 40 минг сўмгача таъмирга пул сўрамоқда.

Айрим кўп болали ота-оналар мактаб маъмурияти талаб қилаётган пулни беришга қурблари етмаслигини айтишади. Уларга кўра, бу каби йиғимларга чек қўйилиши керак.

Халқ таълими вазирлиги мулозими мактаблар таъмири фақат ҳомийлар ҳисобидан амалга оширилишини айтиб, ота-оналардан мажбурий равишда пул йиғишга йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

Андижон вилояти, Пахтаобод туманидаги 1-мактабда фарзандлари ўқийдиган ота-оналар номидан Озодликка йўлланган мурожаатда мактаб таъмири учун ўқувчилардан пул йиғилаётганига норозилик билдирилган:

“Мактабнинг эски директори ўрнига ХТБ ходими Азамбек Неъматов келди. У келиши билан ишни ҳар бир ўқувчидан 40 минг сўмдан пул йиғишдан бошлади. Бизнинг мактабда 1100 нафар ўқувчи таҳсил олади, 40 мингдан йиғса, 44 миллион сўм бўлади. Мактабимиз яқинда таъмирдан чиққан бўлса, бунча пулни қаерга ишлатмоқчи, ҳайронмиз. Тегишли ташкилотлар вазиятни ўрганиб, ойдинлик киритишади, деган умиддамиз”.

Шу мактабда уч нафар фарзанди ўқишини айтган пахтаободликлардан бирига кўра, унинг мактаб таъмири учун талаб қилинган пулни беришга қурби етмайди.

“Ўзим Пахтаободдаги мардикорлик бозорида ишлаб, оила боқаман. Ҳар бир болам учун 40 минг сўмдан сўраяпти. 120 минг сўмни қаердан оламан?”,- дейди исмини очиқласа, мактабда болалари босимга учрашидан қўрқишини айтган пахтаободлик ота.

Озодлик 1 июнь куни 1-мактаб директори Азамбек Неъматов билан телефон орқали боғлана олмади.

Пахтаободлик ота-оналар мактаб таъмири учун пул йиғиш масаласи муҳокама қилинган Телеграмдаги ёзишма нусхасини Озодликка йўллашди.

Озодликка бўлаётган мурожаатлардан маълум бўлишича, мактаб таъмири учун пул йиғиш нафақат Пахтаобод, балки мамлакатнинг деярли барча худудларида кузатилмоқда.

Жумладан, Фарғона вилояти, Бешариқ тумани, Андархон маҳалласида яшовчи йигит ҳам укалари учун мактаб раҳбарияти пул талаб қилаётганидан шикоят қилди:

“Маҳалламиздаги 18-мактабда яна ремонтга пул йиғиш бошланди. Мактабда 6-синфда укам ва 10-синфда синглим ўқийди. Укам билан синглимга “пул бермай қўявер” десам, “имтиҳон бор, қийнашади”, дейишди. ХТВ ноқонуний йиғимларни йўқотиш чорасини кўради деган умиддамиз”.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 30-мактабда фарзандлари ўқийдиган бир гуруҳ ота-оналар ҳам мактаб таъмири учун ҳар бир ўқувчидан 25 минг сўмдан пул йиғилаётганидан шикоят қилишди:

Навоий вилояти Кармана тумани Дўрмон маҳалласида яшовчи бир гуруҳ ота-оналар ҳам мактаб таъмири учун пул йиғилаётганига норозилик билдиради:

“Маҳалламиздаги 3-мактаб маъмурияти ҳар бир ўқувчидан мактаб ремонти учун 10-15 минг сўмдан йиғмоқда. Ҳамма ота- оналар пул беришга мажбур экан. Ҳолбуки, мактабимиз капитал ремонтдан чиққанига 1-2 йил бўлди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ремонт бюджет ҳисобидан бўлмайдими?”.

SizdanTelegram рукнига ҳам мактаб таъмири учун мажбуран пул йиғилаётганига оид хабарлар келган:

Халқ таълими вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш фақат ҳомийлар томонидан амалга оширилишини айтиб, ота-оналардан мажбурий равишда пул йиғишга йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

Мулозим қўшимча маълумотларни вазирлик сайтидан топиш мумкинлигини айтди.

Uzedu.uz сайтидаги “Мактаб таъмирига ёрдам ихтиёрий бўлиши керак” сарлавҳали мақолада ота-оналардан мажбурий пул йиғиш ҳолатларининг олдини олиш лозимлиги таъкидланган:

“Ҳозирги пандемия шароитида кўпчилик иқтисодий қийинчиликни бошидан ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам бу масалада мактаб маъмуриятидан тўғри ёндашувни таъминлашни сўраймиз”.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жорий йилнинг 4 май куни Олий Мажлисдаги чиқишида мактабларга оид муаммоларни ҳам тилга олиб, давлат бюджетини тасдиқлашда мактабларни қуриш-таъмирлаш учун ажратиладиган маблағ миқдорини ошириш борасида депутатлардан ёрдам сўради.

Шерматовга кўра, мактаблар таъмири учун 37 триллион сўмга яқин маблағ зарур. ХТВ инвестиция дастурининг йиллик қиймати эса йилига 2 триллион сўм атрофида холос. Айни пайтда 3 мингдан зиёд мактаб таъмирга муҳтож.

Вазир Шерматов мактабларни қуриш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда ҳомийлар кўмагига суяниш ҳам муҳимлигини таъкидлаган.

Вазирлик сайтидаги мақолада мактаблар таъмири учун ота-оналардан ҳам кўмак сўралган:

“Бу жараён фақат ихтиёрий равишда бўлиши керак. Агарда кимдир ўз фарзандини ўқишига қўшимча шароит яратмоқчи, ниманидир таъмирламоқчи ёки мактабга яна қандайдир ёрдам бермоқчи бўлса уни бемалол қилиши мумкин. Жойларда мактабларнинг моддий-техник аҳволи қандай эканлигини ота-оналар яхши билишади”.

XS
SM
MD
LG