Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 05:09

Маҳаллий нашр Сардобада кўпқаватли уйларни қурадиган ширкат Ортиқҳўжаевга алоқадорлигини фош қилди


Сардоба тошқинида уйини йўқотганларга қуриладиган янги уй лойиҳалари, Қурилиш вазирлиги эълон қилган сурат.

Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида уйсиз қолган аҳолига кўпқаватли уйларни қуриш ҳуқуқини тендерсиз қўлга киритган уч ширкатдан камида биттаси, Gazeta.uz сайти 20 майда эълон қилган суриштирув-мақолада айтилишича, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадордир.

Озодлик сув тошқини оқибатида уйсиз қолган сирдарёликларга уй қуришга давлат буюртмаси тендер ўтказилмасдан уч пудратчи: Whitecity Construction, Ecopark ҳамда Gold Step Invest ширкатларига берилгани тўғрисида Озодлик 17 майда хабар қилган эди.

Gazeta.uz сайтида эълон қилинган мақола.
Gazeta.uz сайтида эълон қилинган мақола.

Gazeta.uzнинг “Сирдарёда "пойтахтдагидек шароитли" янги уйлар қурувчилари кимлар?” деган сарлавҳа остидаги каттагина иллюстратив мақоласини мазмунан икки қисмга бўлиш мумкин.

2640 та хонадонга 66 та кўп қаватли уй

Мақоланинг биринчи қисмида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 2640 та хонадонга мўлжалланган 66 та кўп қаватли уй жойлашган учта аҳоли турар-жойлари қурилиши бошланаётгани, уйлар вилоятнинг қайси туманларида ва қанча қурилиши, уларга қанча оила жойлаштирилиши каби маълумотлар келтирилган. Бу маълумотларга қурилажак уйларнинг режа-суратлари илова қилинган.

Сирдарё вилоят Ҳақиқат МФЙ учун 5 қаватли уйлар лойиҳавий таклифи.
Сирдарё вилоят Ҳақиқат МФЙ учун 5 қаватли уйлар лойиҳавий таклифи.

Нашр ўз ўқувчисига Президент Мирзиёевнинг 1 майдаги фармойишини эслатган.

Вазир ўринбосари тендер ўтказилмагани сабабини айтмади

Фармойишга биноан, Қурилиш вазирлиги Сирдарё ҳокимияти билан биргаликда икки ҳафта ичида малакали пудратчи такшилотлар орасида танлов ўтказиб, ғолиблар билан кўпқаватли уйлар қуриш бўйича шартнома имзолаши керак эди.

Бироқ бундай бўлмади ва 16 май куни Гулистонда бўлиб ўтган брифингда Молия вазирининг ўринбосари Ёрқин Турсунов ҳукумат комиссияси томонидан вақтинчалик низом қабул қилинганини маълум қилди ва бу ҳақда Озодлик хабар қилган эди.

Gazeta.uz ўз мақоласида тендер ўтказилмагани сабабини Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Хидоятовдан сўраганини, бироқ жавоб ололмагани хабар қилди:

“Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари «Газета.uz» мухбирининг президент фармойишида пудратчи ташкилотлар орасида танлов ўтказиш белгиланган бўлса-да, нега вақтинча низом қабул қилингани ҳақидаги саволига жавоб бермади”.

Қарийб 1 триллион сўмлик буюртма кимларга буюрди?

Gazeta.uzнинг “Сирдарёда "пойтахтдагидек шароитли" янги уйлар қурувчилари кимлар?” деган сарлавҳа остидаги мақоласининг иккинчи қисмида 66 та кўпқаватли уй қуриш учун умумий қиймати 950 млрд сўмлик давлат буюртмасини ҳеч қандай тендерсиз қўлга киритган уч ширкат кимларга тегишли эканлиги ўрганилган.

Нашр ўз суриштирувини ўтказар экан, ташкилотлар бўйича ягона давлат реестри маълумотларига таянган, реестр ҳужжатлари фотосуратларини мақолага илова қилган.

Сардоба тошқинида уйини йўқотганларга қуриладиган янги уй лойиҳаси, Қурилиш вазирлиги эълон қилган сурат.
Сардоба тошқинида уйини йўқотганларга қуриладиган янги уй лойиҳаси, Қурилиш вазирлиги эълон қилган сурат.

Gazeta маълумотларига кўра, Садобада қуриладиган 66 та кўпқаватли уйнинг 20 тасини қуриш учун буюртма Whitecity Construction ширкатига берилган. Нашр Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Хидоятовнинг сўзларига таяниб, бу компания Тошкент шаҳридаги Чилонзор ва Сергели туманларида монолит уйлар ҳамда талабалар шаҳарчасида ўқитувчилар уйларини қурганини хабар қилган.

“Компания Тошкент шаҳрида 2018 йилнинг июнь ойида рўйхатга олинган. У 2018−2019 йилларда 9000 та хонадон қуриш лойиҳасида ҳам бош пудратчи сифатида кўрсатилган”, деб ёзди Gazeta.

Whitecity Construction компаниясига оид Gazeta.uz эълон қилган расмий ҳужжат.
Whitecity Construction компаниясига оид Gazeta.uz эълон қилган расмий ҳужжат.

Нашр ташкилотлар бўйича ягона давлат реестри маълумотларига таяниб, компания эгалари тўғрисида мана бу маълумотни келтирган:

“Whitecity Construction таъсисчилари Мирсаид Мирвохитов (30%), Нодиржон Асатов (30%) ва Исмоил Исроилов (40%) ҳисобланишади. Н.Асатов ва И.Исроилов бетон қоришмаларини ишлаб чиқарадиган Durable Beton компаниясининг ҳам таъсисчиларидир. Исмоил Исроилов олдинроқ Akfa Engineering and Management директори сифатида ишлаган. Бундан ташқари, у (58,5%) Ортиқходжаев Зокирхўжа Абидович (41,53%) билан биргаликда қоғоз ва картон ишлаб чиқарадиган Master Pack компаниясининг таъсисчиси ҳисобланади”.

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Хидоятов Whitecity Construction ҳақида бундай деган: “Компаниянинг нархлари ва мутахассислари талабларга жавоб беради. Компания янги технологиялардан фойдаланади, унинг мутахассислари асосан Туркиядан”.

Таниш исм

Шерзод Ҳидоятов мақтаган компания таъсисчиларидан бири - Akfa Engineering and Managementнинг собиқ директори Исмоил Исроиловнинг номи Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори¸ Марказий Осиë ва Европадаги коррупция ва клептократия бўйича китоблар муаллифи Кристиан Ласслетт (Kristian Lasslett) тадқиқотида тилга олинган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент Шавкат Мирзиëев билан.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент Шавкат Мирзиëев билан.

Ласлеттнинг ўтган йил 30 майда эълон қилган янги тадқиқоти Ўзбекистондаги бугунги бизнес амалиëтининг Каримов давридан қанчалик узоқлашгани мавзуига бағишланган бўлиб, унда тадқиқотчи Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бизнес-империясини ўрганган ва Ўзбекистонда ташкил этилган 67 та ширкат ҳужжатларини ўрганиш асосида уларнинг Ортиқхўжаевга қарашли Akfa-Artel гуруҳига боғланганини аниқлаганини эълон қилган.

Озодлик саволларига жавоб берар экан, британиялик олим, жумладан, бундай деган эди:

“Суриштирув давомида Akfa-Artelга алоқадор 67 ширкатдаги каттагина акцияларнинг сиз тилга олган Аброр Ғаниев ва Исмоил Исроилов номида экани кўринди. Аброр Ғаниев Akfa гуруҳ раиси¸ Исмоил Исроилов эса¸ унинг менежери. Жаҳонгир Ортиқхўжаев ширкатлари бошқарувчилари бир пайтнинг ўзида ҳокимга алоқадор ўнлаб ширкатлар акцияларига ҳам эгалик қилади”.

Яна икки ширкат

Gazeta.uz Садобада қуриладиган 66 та кўпқаватли уйнинг 37 тасини қуриш учун буюртмани Gold Step Invest олганини, қолган 9 тани қуриш ҳуқуқи эса Silver Flex ширкатига берилганини хабар қилган.

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Хидоятов Gold Step Investни “Компания кўплаб уйлар қурган. Улардан бири Қорасув массивида (Тошкентда) Миллий Гвардия ҳарбий хизматчилари учун. Тошкентда қурилган Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги IT-мактаб сифатини ҳам биласизлар”, деб таърифлаган, Silver Flexнинг эса, Тошкент механика заводи (эски ТАПОич заводи) рўпарасидаги Маҳтумқули кўчаси бўйлаб Greenpark «экоуйлари»ни туркиялик ÖzGüven билан ҳамкорликда қурганини эслатган.

Gazeta.uz ўз мақоласига бу икки ширкатга доир ҳужжатлар нусхасини ҳам эълон қилган, таъсисчилари ҳақида маълумот берган. Бироқ бу икки ширкатнинг Тошкент шаҳар ҳокимига алоқаси бор-йўқлиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Gazetaнинг суриштирувидан пайдо бўлган саволлар

Хўш, қарийб 1 триллион сўмлик (аниғи 950 млрд сўм), яъни тақрибан 100 миллион долларлик буюртма нима учун ҳеч қандай тендерсиз 3 ширкатга бўлиб берилди?

Бу саволга жавобан тажрибали журналист Дадахон Ёқубов Сардоба фожиаси билан боғлиқ вазиятдан хабардорлигини билдираркан, ҳукумат одамларни тезроқ уй билан таъминлаш заруратидан келиб чиқиб, бу соҳада тажрибаси бор ширкатларни ёллаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Бироқ Дадахон Ёқубовнинг фикрича, бу соҳада “коррупция ҳам бор”лигини айтиб, бундай деди:

“Бундай ширкатларни олдинлари асосан амалдорлар, куч ишлатар тизим ходимларию уларнинг каттаконларига қарашли қариндош-уруғлари бошқарган. Бундай ширкатларга биров яқин келолмаган”.

Айни пайтда Дадахон Ёқубов фожиадан жафо чеккан қишлоқ аҳолиси учун кўпқаватли уйлар қуриш ғояси номақбул ғоя эканлигини ҳам айтар экан, фикрини қувватлаш учун журналистик тажрибасида гувоҳи бўлгани бир воқеани айтиб берди:

"1987 йили Қашқадарёда тоғлик аҳолини коттежлар қуриб, чўлга кўчиришган эди. Лекин одамлар у коттежларда яшай олмаган. Бизга ер берилсин, деб ТВга мурожаат қилишганда, мен бориб вазиятни ўрганган, раҳбарлар билан уларнинг масаласини ҳал қилган эдик. Шунга ўхшаб сирдаёликлар ҳам кўпқаватли уйларда яшай олмас. Лекин уларнинг ер участкалариям ихтиёрида қолади, деган гапни эшитдим".

Gazeta.uzнинг суриштирувидан яна бир савол пайдо бўлди: нашрнинг бу суриштирув ўтказишга журъат қилганини маҳаллий матбуотнинг оёққа тураётгани белгиси, деб қабул қилиш мумкинми?

Драматург ва публицист Санжарали Имомовдан саволимизга бундай жавоб олдик:

"Газета уз сайти бу ҳақда очиқ айтгани матбуот эркинлиги борлигини билдирмайди. Масалан, биз давлатни, Президентни кескин танқид қилаётган бўлишимиз, маҳаллий матбуот маҳаллий маиший мавзуларни кескин танқид қилаётган бўлиши мумкин.Лекин бундан бирор наф йўқ. Бир сўз билан айтганда арз-фарёдга биров қулоқ солмайдиган бедодлик даврини халқ бошдан кечирмоқда.Тўғри, расмий матбуот ҳам бироз танқидий фикр айтаётгандек кўринар. Лекин бу давлат учун "ити аразлайди,эгаси сезмайди" қибилидаги гап..."

Бу фикр ортидан Санжарали Имомов Фейсбук орқали Озодликка яна бундай деб ёзди:

"Яна бир нарсани айтиш керак: ҳозир халқ аввалги президент давридаги кўр, кар, юраксиз эмас. "Уйғонишимиз керак" дегач, ғафлатдагилар уйғонди, уйғоқлар дадиллашди, дадиллар тўғри йўлдан қайтмайдиган нуқтага етди. Буям асли Мирзиёевнинг ютуғи. Уйғотишга уйғотиб қўйиб, бу ёғига сўзидан қайтиши,бу энди унинг Каримовдан баттар фожиа билан тугашини англаши керак..."

XS
SM
MD
LG