Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 21:19

Хоразмдан Тошкентга юриш бошлаганлар тунда судланиб, 10 суткага қамалди (ВИДЕО)


Хоразмдан Тошкентга пиёда юриш бошлаган хоразмлик журналист Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари устидан суд мажлиси 23 сентябрь, кечқурун соат 10 да бошланиб, 24 сентябрь тонгги соат 4 да тугади.

Суд қарорига кўра, Маҳмуд Ражаб ва блогер Нафосат (Шабнам) Оллашукурова 10 суткадан қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Юришда қатнашган уч эркак энг кам иш ҳақининг уч баробари (669000 сўм) миқдорида, етти аёл эса бир баробари (223000 сўм) миқдорида жаримага тортилган.

Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари Тошкентга бориб, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан шахсан учрашиш мақсадида 22 сентябрь куни юриш бошлади ва 50 километр йўлни пиёда босиб ўтди.

56 яшар Маҳмуд Ражаб Туркиядан шоир Муҳаммад Солиҳ китобларини Ўзбекистонга олиб келгани учун контрабандада айбланиб, 5 ойдан бери терговга қатнаётганди.

Туни билан ўтган суд

Маҳмуд Ражабнинг қариндошларидан бирининг Озодликка айтишича, юриш иштирокчилари устидан Урганч шаҳар маъмурий судида ўтган суд мажлиси туни билан давом этган.

“Кеча соат 22ларда ҳаммасини бир автобусга тиқиб, суд биносига олиб келишди. Эрталабгача суд ташқарисида кутдик. Тонгги соат 4 да суд тугаб, ташқарига чиқишди. Ичкарида 4 ойлик чақалоқ ва яна иккита ёш бола ҳам бор эди. Лекин болаларга яхши муносабатда бўлишган. Стулларни бирлаштириб, болаларга ётиш учун жой қилиб беришган”, деди хавфсизлик юзасидан исмини очиқлашни истамаган гурланлик йигит.

Суҳбатдошнинг айтишича, суд юриш иштирокчиларининг ҳаммасини (болалардан ташқари) айбдор деб топган.

“Маҳмуд оғанинг ўзига 10 сутка, блогер Шабнам Оллашукуровага ҳам 10 сутка беришди. Юришда қатнашган уч эркакка энг кам иш ҳақининг уч баробари миқдорида, аёлларнинг ҳаммасига энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида жарима солинди. Аёллар сони еттита. Эрталаб Маҳмуд оға билан блогер қизни олиб қолишди. Бошқаларни ИИБнинг автобусида Маҳмуд оғанинг уйига олиб бориб қўйишди", деди Маҳмуд Ражабнинг қариндошларидан бири.

Юриш иштирокчилари қайси кодекснинг қайси моддасига асосан айблангани борасида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ. (Бу ўрганилмоқда. -таҳр)

Маҳмуд Ражабнинг қариндошлари уларга нисбатан қайси модда бўйича айблов қўйилганини аниқ айтиша олмади.

Хоразмдан Тошкентга юриш бошлаганлар ИИБ томонидан ушланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00

Гурландан Тошкентга юриш

Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари 22 сентябрь куни тушдан кейин Гурлан туманидан Тошкентга пиёда йўлга чиқди. Юриш иштирокчилари сони йигирмадан зиёд бўлиб, улар орасида ёши катта аёллар, ёш болалар, ҳатто чақалоғи билан чиққан бир аёл ҳам бор эди.

Маҳмуд Ражаб Хоразм вилоятидаги Ички ишлар бўлимлари ходимлари фаолиятига норозилик сифатида ушбу юришни бошлаганини билдирди.

У сўнгги 5 ой ичида тўхтовсиз терговга чақиртирилганига норозилик билдирди.

- Пичоқ суякка бориб етди. Хоразм вилояти Ички ишлар ходимларининг зулмидан, золимлигидан, ноҳақлигидан жонимиздан жудаям тўйиб кетдик. Тошкентга ёзган хатларимиз, аризаларимизга жавоб бўлмагани учун ўзимиз ноилож пиёда йўлга чиқишга қарор қилдик. Мақсадимиз Тошкентга бориб, Пўлат Бобожонов билан юзма-юз учрашиш. Мен ноҳақ туҳматга учраганман. Ўзимнинг ҳақлигимни Хоразмда исботлаш имкони бўлмади. Шунинг учун Тошкентга йўл олдик, деди Маҳмуд Ражаб юришни бошлашдан аввал Фейсбук орқали.

Ушбу юриш блогер @Shabnam Olloshkurova нинг Фейсбук саҳифаси орқали жонли равишда ёритилди.

Юриш иштирокчилари Урганч шаҳрига етиб келгач, уларга яна уч нафар аёл қўшилди. Яна бир киши Боғотда, икки киши Ҳазараспда қўшилишини маълум қилди.

Ҳокимлар илтимоси

Гурлан туман ҳокими Алишер Солаев ва Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев Тошкентга пиёда йўлга чиққан юриш иштирокчилари олдига бориб, уларни тўхтатишга ҳаракат қилди.

Бироқ Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари ҳокимлар сўзларига қулоқ солмади.

Аёллар ҳужуми ва автобусга судраб, тиқиш

Урганч шаҳрига етиб келгач, юриш иштирокчилари номаълум аёллар ҳужумига учради. Фейсбук орқали жонли чиқиш қилган блогер @Shabnam Olloshkurova ўзининг калтакланганини айтди. Воқеа жойидан олинган видеоларда ҳам бир нотаниш аёлнинг юриш иштирокчиларига ҳужум қилаётгани ва улардан бирини тепгани ҳам акс этган.

Нотаниш аёл ҳужумидан сўнг юриш иштирокчилари битта автобусга куч билан босиб, миндирилди ва ИИБга олиб кетилди.

Хоразм ИИБ бошлиғи ваъдаси

22 сентябрь куни кечқурун Хоразм вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Даврон Назармуҳамедов ҳам юриш иштирокчилари билан учрашиб, уларни тўхтата олмаган эди.

Маҳмуд Ражаб қариндошларидан бирининг айтишича, юриш иштирокчилари куч билан ИИБга олиб борилгач​, Даврон Назармуҳамедов яна юриш иштирокчилари билан шахсан учрашган.

"Даврон Назармуҳамедов Маҳмуд оға билан бир соатча гаплашган. Кейин "Мен ваъда бераман, сизни ҳеч ким безовта қилмайди. Сизни ҳеч ким қамамайди. 10 сутка ўтирсангиз бўлди", деб айтган. Бугун ўғли учрашишга кетди. Маҳмуд оғанинг кайфияти яхши экан", деди Маҳмуд Ражабнинг қариндошларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

Расмий муносабат

23 сентябрь куни кечқурун Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ўз сайти орқали гурланликлар юришига расмий муносабат эълон қилди.

ИИБ гурланликлар юришини Маҳмуд Ражабнинг "ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг тугатилишига эришиш мақсади" сифатида баҳолаган.

“Улар билан Урганч шаҳар ҳокими учрашиб, намойишларни ўтказиш учун тегишли тартибда рухсат олиш кераклигини ва бу намойишлар бошқа шахсларнинг кундалик турмуш тарзига салбий таъсир этмаслиги лозимлигини тушунтирган бўлсада, улар давлат органларини обрўсизлантиришга, фуқароларнинг уларга ишончини йўқотишга қасддан ҳаракат қилиб, шовқин-сурон кўтариб, омманинг эътиборини ўзларига қаратишга уриндилар ва бу жараёнларни тўлиғича ижтимоий тармоқларда жонли тарзда ёритиб бордилар”, дейилади Хоразм вилоят ИИБ расмий маълумотида.

Маҳмуд Ражабга очилган иш

Маҳмуд Ражаб 21 сентябрь куни Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари уни олиб кетишга келишгани, аммо маҳалладошлари қаршилик кўрсатиши туфайли қайтиб кетишгани ҳақида Озодликка гапирганди.

Унинг Фейсбук орқали маълум қилишича, сўнгги 3 кун ичида ички ишлар ходимлари уйига бостириб келиб, уни олиб кетишга ҳаракат қилишган.

2019 йилнинг 30 апрель куни “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан М. Раджаповга (Маҳмуд Ражаб) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Бу модда бўйича айбли деб топилса, журналист беш йилдан ўн йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Маҳмуд Ражаб ўзига қўйилган бу айбловни шу йилнинг март ойида Туркиядан мухолифат етакчиси ва шоир Муҳаммад Солиҳнинг китобларини Ўзбекистонга олиб келгани билан боғлайди.

Маҳмуд Ражаб Тбилисидан Истанбул орқали шоир Муҳаммад Солиҳ асарларини олиб келаётганида Тошкент аэропортида тақиқланган адабиётлар сифатида китоблар олиб қўйилган эди.

Маҳмуд Ражаб, Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққан ўзбек журналистидир.

Бир йил илгари, 2018 йилнинг 29 майида шоир Маҳмуд Ражаб ва яна уч нафар шахс Муҳаммад Солиҳ расми билан тушган суратини тармоққа қўйгани учун прокуратурага чақирилган эди.

Шарҳларни кўринг (15)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG