Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2020, Тошкент вақти: 07:05

"Умр ўтар, вақт ўтар" – Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон оламдан ўтди (ВИДЕО)


Омон Матжон ўзбек шеъриятида "олтмишлилар" авлодининг сўнгги вакили эди


Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 29 октябрь куни 77 ёшида Тошкентнинг ўзи яшаган Янгиобод мавзеидаги қабристонда дафн қилинди.

Яқинларининг айтишича, Омон Матжон сўнгги пайтларда ҳукумат касалхонасида ўпка яллиғланишидан даволанаётган эди. Шоирнинг фарзандлари Озодлик билан суҳбатда унга “икки томонлама пневмония” ташхиси қўйилганини тасдиқлашди.

Омон Матжон оила даврасида
Омон Матжон оила даврасида


Марҳумни яқиндан таниган шоир Муҳаммад Солиҳ “Омон Матжон ҳақиқий халқ шоири эди” деб таърифлади.

Шоира Гўзал Бегим таъкидича, “Ўзбекистондаги ëш шоирларнинг бутун бир авлоди Омон Матжон поэзияси деган мактабдан ўтган”.

Омон Матжон ўтган асрнинг 60-йилларида ўзбек адабиётига кириб келган авлоднинг кўзга кўринган намояндаларидан бири эди.

Озодлик билан суҳбатларидан бирида Омон Матжон ўз ижоди Сталин ўлимидан кейинги “оттепель”, яъни музлар эриши давридаги эркинлик боис равнақ топганини айтган эди.

Шоир “музлар эриши даври”нинг энг белгили шоирларидан бўлган Евгений Евтушенко билан дўст эди.

Умр ўтар, вақт ўтар - Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон вафот этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:10 0:00


Евтушенко ўзбек шоири Омон Матжоннинг қатор шеърларини рус тилга таржима қилган. Айни пайтда Евтушенконинг шеърлари Омон Матжон таржимасида ўзбек тилида янгради.

Евтушенко киночи сифатида 1984 йили суратга олган “Болалар боғчаси” филмида Омон Матжон эпизодик ролни ижро этган.

Омон Матжоннинг эътирофича, Евтушенконинг “Сантяго кабутари”, “Ҳақиқат учун уч дақиқа” каби асарларини таржима қилиш асносида “сўз эркинлиги” ва “инсоний ҳуррият” каби муждаларни шеърий баëн қилиш заруратини англаб етган.

Ёлғоннинг тахтдаги юз йил даврони
Ҳақиқат айтилган бир дамча йўқдир.


Шаклан шарқона бу сатрлар мазмунан олтмишинчи йиллардаги эркинлик шаббодасининг изҳори каби жаранглайди.

Омон Матжон шеърларида футбол қироли Пеле¸ АҚШнинг отиб ўлдирилган президенти Кеннеди¸ мозори талон-торож бўлган Чарли Чаплин¸ капиталга қарши капитал ëзган Карл Маркс исмлари кечади.

Шоир Париж ҳақидаги шеъри ичига ўзбекларнинг дардини жойлар, зукко ўқувчи буни тушунар эди.

Қизиқ-да, ўз халқи уриб уйқуни, Бошқалар сайр этса кўчаларида...

Шоира Гўзал Бегим эътирофича, Омон Матжон шу закийлиги боис ҳам эътирофга лойиқ.

“Олтмишлилар” деб номланган оқим мансублари ўз кийиниши ва ҳаëт тарзи билан ҳам “кулранг омма”дан ажралиб турар эди.

Ҳали тирик пайтида Озодлик билан суҳбатлашган Омон Матжон Рокн-Ролл¸ Госпел каби Америка поп-мусиқаси ва бу мусиқа қироли Элвис Пресли бўлганини айтган эди.


“Элвис Преслини бизлар¸ бизнинг болалар ëшлик пайтларимизда кўп эшитганмиз”, - деган эди Омон Матжон.

Элвис Пресли истиқомат қилган Америкага саëҳат қилиш ҳам Омон Матжоннинг болалик орзуси эди.

“Ëшлигимда Американи айланиб келсам¸ Европани айланиб келсам, деб орзу қилганман. Худо етказди шунга. Бизлар 15-20 киши бир гуруҳ бўлиб борганмиз. Бизнинг аввалдан келишилган дастуримиз бўлган. Шунга асосан, дастлаб Нью- Йоркда тушиб¸ кейин Американинг нариëғига ўтиб¸ кўп инсонлар билан гаплашиб¸ жуда хурсанд бўлишган”.

Омон Матжон назарида Элвис Пресли қўшиқлари уйғониш ва қўзғалиш руҳини Ўзбекистонга элтган қалдирғоч эди.

“Ҳозир ҳам уни жуда яхши кўраман. Рокнинг энг катта юлдузларидан тортиб, кичкиналаригача ҳозир ҳам ëдимдан чиқармайман. Кичкина болаларимга ҳам “қаранглар¸ эътибор қилинглар”, деб тураман. Энди мусиқа бу одамзоднинг жони-да. Дили¸ руҳи. У қайси қитъада яралмасин¸ ичкарида табиат берган руҳий қўзғолишни уйғотади, менимча. Ҳатто элида тушунилмай юргани¸ бошқа жойда тушунилиб кетиши мумкин. Мусиқа-табиат¸ Худои Таоло берган инъом. Ундан кейин шеърият турар¸ бошқа турар¸ лекин мусиқа биринчи. Унинг ичидаги оҳанглар¸ зарбу садолар тушунарсиз оҳангда одамнинг ўзига билдирмай миллион йиллардан бери келаëтган туйғуларни етказиб беради. Уни бирдан тушуниб бўлмайди. Мусиқанинг руҳи жуда катта. Шунинг учун қайси тилда айтмасин¸ қанақа қилиб куйламасин¸ қандай ансамбль жўр бўлмасин¸ унинг тагидаги ҳиссаси жуда ҳам катта. Шунинг учун эҳтиромим жуда катта. Шу қатори Mайкл Жексонни ҳам жуда яхши кўрардик”¸ - деган эди Омон Матжон.

Омон Матжон Элвис Преслининг дунёга машҳур яна бир ватандоши - Apple асосчиси Стив Жобсдан анча йиллар аввал "Олма"нинг ўзбек шеъриятидаги энг юксак поэтик рамзини яратган эди.

Ўртамизда биргана олма –

Олам ичра юмалоқ илинж.

Ўртамизда биргина олма –

Балки ғам у ё балки севинч...

Мусиқани севгани боис Омон Матжон ўзбек хофизлари, хусусан, Отажон Худойшукуров билан қадрдон бўлган. Ортиқ Отажонов¸ Шерали Жўраев каби хофизлар учун Омон Матжон бетакрор қўшиқлар муаллифи бўлиш билан бирга, қадрдон дўст ҳам эди.

Хавфли бурилишлар ичидан ўтган шарафли йўл

Озодлик билан суҳбатда шоир мамлакат тақдиридаги учта бурилиш нуқтасида чархланганини айтган эди. Бу Хрушчев давридаги «музлар эриши», «Горбачев ҳуррияти» ва «Ўзбекистоннинг мустақил бўлиши».

Ўзбекистон мустақил бўлган пайтида Омон Матжон бир муддат президент маслаҳатчиси бўлиб ишлади. Бу даврда шоир ëзган "Ислом подшо кўнглимдадур" деган шеърини қўшиқ қилган Оғабек Собиров биринчи президент эътиборига сазовор бўлди. Аммо "бўрини қанча боқма ўрмонга қарайди" деган мақол бор.

Аммо "хонлар ўтар, тахт ўтар" деб ёзган шоирнинг саройдаги умри узоқ давом этмади.

У халқ дардини сўзламай тура олмас эди. Президент саройидан қувилган шоир яна "кўнгиллар саройи"га қайтди.

Шоирнинг «Нега мен?» достони давр сабоқларидан сўйлайди.

Хўш, бугун-чи, йўқми ҳеч пок тийнат

Ўн жойга хатланар сал фаол инсон,

Ким у, ҳар сўқмоққа қўйиб юз қопқон,

Ҳар йўлни ким обдон боғлашга тушди?!

Киммиш! Ўзимизнинг булар палидлар,

Булар ўзимизнинг абдуллатифлар,

Юлдузлар таъмидан бебаҳра итлар

Ойни ялоқ билиб увлашга тушди.

Ким эмиш! Барин гоҳ сотган ўзингсан,

Бир-бирингни ғажиб ётган ўзингсан,

Ким бош тикласа тош отган ўзингсан,

Ахир, ўз бошинг ҳам шу тошга тушди.

Келди Маҳтумқули айтган бир замон,

Унутди «Яхшилик» сўзини ёмон,

Обрў талашмоқда қурт билан илон,

Филлар пашша билан савашга тушди.

Шоирнинг ўлими

Тарихга боқсак¸ биз яшаган ўлкада «шоир» деган одам «шоир» деган сўздан кўра улуғроқ . Шоирнинг ўлими эса, бошқа ўлимлардан кўра мусибатлироқ эшитилади. Омон Матжон жорий йил октябрь бошида пневмония ташхиси билан касалхонага ëтди. Шоир хастахона чорпоясида ëтганида, хотини оламдан ўтди. Омон Матжон шеъларидан бирида жуфтидан айрилган бургут ўлими ҳақида поэтик тасвир бор. Шоир 20 ëшидаëқ ўз ўлими ҳақида ëзган эди.

Вақтим етиб чиқса бу жоним,

Дардларимга ясалса якун,

Бу дунёни тарк этар оним

Эшигингдан ўтаман бир кун...

"Қайиқ қумга урилди.."

Озодлик жорий йил бошида таниқли хофиз Отажон Худойшукуров хотирасига бағишланган фильмни суратга олиш асносида шоирнинг уйига ташриф буюрган эди.

Шоир марҳум дўстини эслаб ëзган шеърларидан ўқиган эди. Бу шеърларни қайта эшитиб, «шоир нима ëзса ўзи ҳақида ëзади» деган гап тўғрилигини тушунасан.

Оққан дарё тиндими,

Олтин торинг синдими,

Отга бошқа миндими,

Ўртадаги дўст қани?!

Қайиқ қумга урилди,

Аср зумга урилди,

Юрак симга урилди,

Ўртадаги дўст қани?!

Фано,бақо не ишдир,

Бир-бировни ейишдир,

Изиндан воҳ дейишдир,

Ўртадаги дўст қани?

Икки дарё ораси,

Уч юз олтмиш қалъаси,

Излар хофиз ноласин,

Ўртадаги дўст қани?!..

XS
SM
MD
LG