Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:00

Москвада таниқли ўзбек актёри Шуҳрат Эргашев вафот этди (ВИДЕО)


Ўзбекистон Халқ артисти Шуҳрат Эргашев.
Ўзбекистон Халқ артисти Шуҳрат Эргашев.

17 сентябрь куни Москвада таниқли ўзбек ва рус киноси ва театри намояндаси, Ўзбекистон Халқ артисти Шуҳрат Эргашев 76 ёшида оғир хасталикдан сўнг вафот этди.

Марҳум санъаткорнинг яқинлари Озодликка унинг охирги йилларда инсульт кечиргани ва хасталик асоратларидан даволаниб келганини айтишган.

Шуҳрат Ибрагимович 1945 йилда Тошкентда таваллуд топган. Меҳнат фаолиятини заводда чилангарликдан бошлаган. 1968 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тамомлаган. Шуҳрат Эргашев кейинги икки йил М. Горкий номидаги рус академик драма театрида ишлаган.

1970 йилдан бошлаб актёр "Ўзбекфильм" киностудиясида ишлай бошлайди. Шуҳрат Эргашев ижобий ва салбий ролларни бир хил маҳорат билан ижро этгани билан ҳам мухлислар эътиборини қозонган. Кинотанқидчилар Эргашев ўз қаҳрамонларининг қайғу-аламлари, уларнинг ички туғёни, рақибга қарши курашдаги психологик кечинмаларини етказишда ўзига хос ижро услуби билан ажралиб турганини айтишади.

Шуҳрат Эргашев ва Талгат Нигматуллин
Шуҳрат Эргашев ва Талгат Нигматуллин

Режиссёр Элёр Эшмуҳамедовнинг "Нафосат" фильмидаги Шуҳрат роли унинг экранда яратган илк образидир.

Актёр Шуҳрат ("Севишганлар"), Маузер ("Қўмондоннинг қайтиши"), Анвар ("41-йил олмалари"), Убайдулла ("Қора консулнинг ҳалокати"), Талаба ("Интеграл"), Шерзод ("Семурғ"), Азиз ("Сени кутамиз йигит"), Абдураҳмон ("Зулматни тарк этиб"), Баҳромов (“Шок”), Темур ("Учар йигит") каби роллари билан шуҳрат қозонган.

Охирги йилларда Шуҳрат Эргашев рус кино усталари билан ҳамкорликда ишлаётган эди.

Бундан бир неча йил олдин Шуҳрат Эргашев Озодликка ўз ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзлаб берган.

1990-йилларда Эргашев актёрлик билан бир қаторда продюсерлик ишлари билан ҳам танилди. 2000-йиллардан Москвага кўчиб келган Шуҳрат Эргашев бирин-кетин очила бошлаган ўзбек ресторанларини безатиш билан ҳам машғул бўлган.

Шу даврдан бошлаб Шуҳрат Ибрагимович Россияда суратга олинаётган кўплаб машҳур сериаллар ва фильмларда суратга тушди. “Боец” (“Жангчи”), “Псевдоним “Албанец” (“Тахаллуси “Албан”), “Знахарь” (“Табиб”), “Меч” (“Қилич”), “Висоцкий. Спасибо, что живой” (“Висоцкий. Тириклигинг учун раҳмат”) ва Куба (“Куба”) Шуҳрат Эргашевнинг охирги фильмларидан.

1989 йилда Шуҳрат Эргашевга Ўзбекистон Халқ артисти унвони берилган.

Яқинлари ва ҳамкасбларининг Озодликка билдиришича, машҳур ўзбек кино устаси Москва шаҳрида дафн этилади.

XS
SM
MD
LG