Линклар

Шошилинч хабар
20 май 2024, Тошкент вақти: 12:31

Мустафо Жамилев: "Ўзбекистон Путин Россияси орбитасида"


Ўзбекистон-Украина бизнес-форуми. Тошкент шаҳри, 2021, 19 май. Сурат Украинанинг Ўзбекистондаги элчисининг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.
Ўзбекистон-Украина бизнес-форуми. Тошкент шаҳри, 2021, 19 май. Сурат Украинанинг Ўзбекистондаги элчисининг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.

"Бу даражадаги энг сўнгги воқеа юз берганига 10 йилдан ошди. Биз бугун англашилмовчиликларни бартараф этганимиз барча даражалардаги икки томонлама мулоқотларнинг ривожига жуда кучли туртки берди".

Бу баёнот шу кунда Ўзбекистонда бўлиб турган Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Евгений Енин тилидан янгради.

19 май куни Тошкентда Ўзбекистон ва Украина ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси, Шу куни Тошкентда иш бошлаган Ўзбекистон-Украина бизнес форуми 20 майда Самарқандда давом этди.

Украиналик ва ўзбекистонлик таҳлилчилар расмий Киев вакилларининг оптимизмига шерик бўлишга шошилмаяпти.

19 май куни Тошкентда Ўзбекистон ва Украина ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.

Вазир муовинлари даражасидаги сўзлашувлар

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, маслаҳатлашувларда томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев ва Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Евгений Енин раҳбарлик қилган.

Учрашувда сиёсий, иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилиниб, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Сиёсий маслаҳатлашувлардан сўнг ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари Ўзбекистон-Украина бизнес-форумнинг очилиш маросимида иштирок этди. Маълумотларга кўра, Тошкентда ўтган мазкур бизнес-форум икки мамлакатдан 100 дан зиёд ширкат ва корхона вакиллари иштирок этган. 20 май куни эса, бизнес-форум Самарқанд шаҳрида давом этди.

Киев мулозимлари оптимизми

Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Евгений Енин 19 май куни Тошкентда бўлиб ўтган сўзлашувларни Киев-Тошкент муносабатларида сўнгги 10 йилда юз берган энг муҳим воқеа, деб таърифлаб турган бир пайтда Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашувда икки томонлама муносабатларга оид қатор масалалар муҳокама этилиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида биргаликда қўйилажак одимлар белгилаб олинганини билдирди.

“Бу ерда гап, энг аввало, Ўзбекистон ҳудудида Украина ишлаб чиқариш кластерларини барпо этиш, маҳсулотни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш имконияти ҳақида бормоқда”, деб ёзди Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси.

Киевнинг нияти яхшидир, лекин...

Евгений Енин ҳам, Микола Дорошенко ҳам Киев-Тошкент муносабатларининг истиқболига фавқулодда оптимизм билан қарамоқда.

Бироқ уларнинг оптимизмига Озодлик билан суҳбатда сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев ҳам, украиналик таниқли сиёсатчи, Верховная Рада депутати Мустафо Жамилев ҳам шерик бўлмади.

Турсун Қоратоев
Турсун Қоратоев

Турсун Қоратоевнинг фикрича, украин мулозимларининг баёнотлари Киевнинг Москва билан муносабатлари таранг бир вазиятда Тошкентга қилинган дипломатик мулозамат, холос:

“Украина мулозимларининг кечаги учрашувга юқори баҳоси Тошкент Москвадан кўра, Киевга яқинроқ бўлсайди, деган истакдан келиб чиққан баҳо деб ўйлайман. Кейинги йилларда Украина Грузия, Молдова билан яқинлашаяпти. Тошкентни ҳам шу орбитага тортишга уринишдир бу”.

Турсун Қоратоев назарида, агар Тошкент олдида Киев биланми ё Москва биланми деган масала кўндаланг бўлса, Тошкент, албатта, кейингисини танлайди.

"Путин Россияси орбитасида"

Қрим татарлар лидери, Верховная Рада депутати Мустафо Жамилевнинг жавоби Украина ташқи ишлари вазири Евгений Енин тилга олган “англашилмовчиликлар” нима эканига ойдинлик киритади.

Мустафо Жамилев
Мустафо Жамилев

“Киев-Тошкент алоқаларининг бизнес соҳасида қандайдир олға силжиш бўлса, бўлгандир, бироқ умуман олганда Ўзбекистонинг Украинага нисбатан сиёсатини дўстона сиёсат деб аташ қийин. Чунки Ўзбекистон Путин Россияси орбитасидадир. Масалан, БМТ Бош ассамблеясида Қримнинг Россия томонидан босиб олиниши масаласи кўрилганида, 100 давлат Кримдан Россия ҳарбийлари олиб чиқиб кетилиши талаб қилинган резолюцияни ёқлаб овоз берди. Аммо Ўзбекистон бетараф турди. Босқинчи Россиянинг Қримдаги маъмурияти томонидан қримликлар, хусусан Қрим татарларининг қатағон қилиниши масаласи кўрилаётган пайтда ҳам бир чеккага чиқиб олади. Бундай позицияни Украинага дўстлик, дея олмайман. Лекин муносабатлар яхшиланяпти, дейишаётган бўлса, албатта, шундай бўлсин, деб суюнаман. Албатта, биз Ўзбекистон билан жуда илиқ ва яхши муносабатлар бўлишини истаймиз. Лекин бу муносабатлар принципиал асослар устига қурилиши лозим”, - деди Мустафо Жамилев.

Ўзбекистон ва Қрим масаласи

2014 йилнинг 24 мартида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги вазият ва Қрим масаласи юзасидан расмий Тошкент позициясини акс эттирган баёнот тарқатган, ундан Тошкентнинг, "йўқ" деганда, Россия томонидан Қримнинг аннексия қилинишини ёқламагани англашилганди.

2014 йилнинг мартида эса, Россиянинг Қримни аннексия қилганини қоралаган резолюцияни 100 мамлакат қўллаб-қувватлаган, 11 мамлакат унга қарши овоз берган ва 58 мамлакат, жумладан Ўзбекистон бетараф қолган эди.

Украина парламенти Қримнинг Россия томонидан вақтинча босиб олиниш тарихининг бошланиши 2014 йилнинг 20 феврали эканини эълон қилган.

Жорий йилнинг 3 март куни Украина томони Ўзбекистонни Қрим платформасида иштирок этишга таклиф қилган эди. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлигининг расман билдиришича, ташқи ишлар вазири ўринбосари Эмине Жапарова Ўзбекистоннинг Киевдаги элчиси Алишер Қурмонов билан учрашувидан сўнг эълон қилинган.

Украина томони тарқатган хабарга кўра, учрашув чоғида расмий Киев президент Шавкат Мирзиёевнинг Украина мустақиллигининг 30 йиллик тантаналирда иштирок этиши ва Қрим платформаси саммитида иштирок этиши олқишланишини билдирган.

Қрим платформаси саммитида Россия томонидан 2014 йилда босиб олинган Қрим мухториятидаги қримтатарлар тилини ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш, Қрим аҳолиси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинади.

Украинада бошпана излаётган ўзбекистонлик журналист муддатсиз очлик эълон қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00

Тошкент билан Киев ўртасидаги "савдо урушлари"

Ўзбекистон-Украина савдо-иқтисодий алоқаларида кейинги йилларда бир қатор мушкулликлар кузатилди.

2018 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Украинадан шакар сотиб олишни тўхтатди. Бу ҳақда Украина Шакар ишлаб чиқарувчилар миллий ассоциацияси -«Укрцукор» расмий сайтида ўша йилнинг 30 ноябрида маълум қилган эди.

Бу воқеа ўша йилнинг октябрида автомобил савдосидаги муаммолар ортидан содир бўлган эди.

Украина халқаро савдо маҳкамалараро комиссияси Украина автомобилсозлар ассоциацияси шикояти асосида Ўзбекистондан енгил автомобиллар импортига нисбатан антисубсидицион текширувларни бошлаган. Ўзбекистон бу текширувни Украинанинг ўз бозоридан ўзбек маҳуслотларини сиқиб чиқариш ҳаракати сифатида баҳолаган эди.

Ўшанда Олий Мажлис депутатлари Ўзбекистонга Украина маҳсулотларининг олиб кирилишини чеклашни таклиф қилган эдилар. Шундан сўнг Ўзбекистон томони Украинада ишлаб-чиқарилган дори-дармонларни божхонда расмийлаштиришни тўхтатган эди.

Давлат статистика қўмитасининг 2021 йилнинг 1-чораги якунларига оид ҳисоботига кўра, Ўзбекистон шу муддат ичида хориж давлатларига экспорт қилган умумий қиймати 87 миллион 400 минг долларлик енгил автомашинанинг 1,5 миллион долларлик қисми Украинага тўғри келган. Қиёслаш учун: Қозоғистонга умумий қиймати 82 миллион 600 минг долларга тенг бўлган 8 468 дона автомобил сотилган.

Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Украина сармояси иштирокида 129 та корхона фаолият юритиб келмоқда, улардан 72 таси қўшма корхона бўлиб ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG