Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:03

Навальний: «Россия» телеканалининг суриштируви тармоқларда ҳажв қилинди


Россия 1 телеканали лавҳасидан скриншот - 7 февраль, 2021
Россия 1 телеканали лавҳасидан скриншот - 7 февраль, 2021

Россия давлат телеканали мухолифатчи Алексей Навальний заҳарланиши ортидан Германияда соғлиғини тиклаётганида яшаган «ҳашаматли» уй ҳақида лавҳа тайёрлади.

Дастур ижодкорлари виллада кофе қайнаткич борлиги, бинонинг сузиш ҳавзаси ёқимли 26 даража ҳароратда экани ва у ердаги ҳожатхона чўткаси сифатли экани томошабинларни лол қолдиришига умид қилган эдилар.

Аммо кўрсатув эфирга узатилганидан кейин ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари уни турли мем ва ҳазиллар билан аёвсиз мазах қилишди.

Навальний ва унинг коррупцияга қарши жамғармаси Россияда чуқур илдиз отган коррупция бўйича маҳорат билан ўтказган терговлари бир неча ойдан берди Россия медиасида катта шов-шувга сабаб бўлиб келмоқда.

Навальний жамоасининг ҳукуматга қарши норозилик кайфиятини келтириб чиқариш қобилияти Кремл ва ҳукумат молиялаштирадиган оммавий ахборот воситаларини хавотирга солиб қўйган.

Шу йил 19 январида Коррупцияга қарши кураш фонди Геленжик яқинидаги "Путиннинг саройи" деб таърифланган бинога оид суриштирувни эълон қилди. Суриштирув Германиядан Россияга қайтган Навальний қўлга олинишидан бир кун ўтиб эълон қилинди. Бугунга қадар YouTube тармоғида 100 миллион мартадан кўпроқ кўрилган фильм Навальний қўлга олинишига қадар ҳозирланган.

Навальний ўтган йил ёзида «Новичок» моддаси билан заҳарланиши ортидан Германияга олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Мухолифатчи соғлиғини тиклаётиб Германиянинг Фрайберг шаҳри яқинидаги виллада яшаган.

«Вести недели» дастури ижодкорлари виллани коррупцияга қарши курашиб танилган Навальнийнинг обрўсига мутаносиб бўлмаган қимматбаҳо иморат ўлароқ тасвирлашга уриндилар.

Дастур бошловчиси Анастасия Попова томошабинларга «кенг ётоқхона, иккита диван, телевизор, стол устида барра мевалар» борлигини, ҳатто ошхона пештахтасида бепул шароб шишаси ҳам борлигини сўзлаб берди.

Лавҳа давомида Попова вилланинг ҳовузида сузишга киришди. Шунингдек, у вилланинг асосий ҳожатхонасини ҳам кўздан кечирди ва унитаз симчўткасини ҳам таърифлаб берди.

«Ялтирайди, лекин унчалик эмас», - деди у чўтка ҳақида.

Ҳожатхона чўткаси бу – Путиннинг саройи ҳақидаги ҳужжатли фильмга ишорадир. Фильмда Навальнийнинг жамоаси меъморий ва дизайн ҳужжатлари асосида иморатдаги ҳожатхоналарнинг бири 700 долларлик ҳожатхона симчўткаси билан жиҳозланганини айтган эди. Фильм эълон қилинганидан бери Навальнийни дастаклаётган айрим намойишчилар норозилик акцияларига ҳожатхона чўткасини олиб кела бошлади.

Кремль Путин саройнинг эгаси эканини қатъий рад этди. Ҳужжатли фильм чиққанидан бир неча кун ўтгач, Путиннинг яқин дўсти, миллиардер Аркадий Ротенберг Геленжик яқинидаги саройнинг эгаси эканини даъво қилди.

«Вести недели» дастури бошловчиси икки қаватли немис вилласи кунига 530 еврога ижарага берилишини иддао қилди. Бу нархни мустақил равишда тасдиқлаб бўлмади. Аммо Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настоящее время» телеканали вилла учун берилган эълонларда кўрсатилган нарх кўрсатувда айтилганидан камида икки баробарга оз эканини аниқлади.

Вилланинг эгаси «Дождь» мустақил каналига берган интервьюсида рус мухбирлари виллани ижарага олаётиб ўзларини бельгиялик сайёҳлари ўлароқ кўрсатишганини айтди. Каналнинг хабар беришича, етакчи мухбир уйдирма французча фамилиядан фойдаланган.

Вилла эгаси, шунингдек, «Россия» мухбирлари унинг розилигисиз яширин камералар билан виллани видеога олгани учун Германия ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганини айтди.

Навальний минтақавий штаблари тармоғининг раҳбари Леонид Волков «Дождь» телеканалига берган интервьюсида «Вести недели» дастури ижодкорлари виллани ижарага олиш нархини ошириб юборганини айтди. Унинг сўзларига кўра, виллада яшаш харажатларини Лондонда яшовчи россиялик тадбиркор Евгений Чичваркин қоплаган.

Навальний Германияда соғлигини тиклар экан, харажатлари ҳақида ўз Instagram саҳифасида маълумот бериб борди.

Собиқ энергетика вазири ўринбосари Владимир Милов «Вести» лавҳаси Германиядаги одатий уй ҳақида эканини айтиб, уни мазах қилди.

Кремль танқидчисига айланган Милов лавҳада кўрсатилган виллани Россиядаги уйларга қиёслади. Хусусан, Милов кўрсатув ижодкорларига Россияда кўп сонли уйлар ичида ҳожатхона, иссиқ сув ва душ йўқлигини эслатди.

XS
SM
MD
LG